Ўзбекистон | 16:18 / 28.11.2018
98393
2 дақиқада ўқилади

«Қамчиқ»даги вагонларнинг ағдарилиб кетишига 2 йилдан сўнг расман изоҳ берилди

Архив сурат

​«Қамчиқ» довонида юк поезди билан юз берган ҳодисага, орадан қарийб 2 йил ўтиб, расман изоҳ берилди. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар бермоқда.

2017 йил январнинг 24-куни «Қамчиқ» довони орқали ўтувчи Поп-Ангрен темир йўл қатновининг вақтинча бекор қилингани ҳақида хабар берилганди. Аммо мутасаддилар қатновнинг бекор қилинганига нима сабаб бўлгани ҳақида асосли маълумот беришмаган. Бундан ташқари, тегишли ташкилотлар довонда қандайдир нохуш воқеа юз бергани ҳақидаги миш-мишларни рад этишганди.

Архив сурат

 Фавқулодда вазиятлар вазирлиги  «Қамчиқ» махсус-қутқарув бошқармаси бошлиғи Ҳасан Бобонов ушбу масала юзасида расмий изоҳ бериб, унга кўчки сабаб бўлгани ҳақида гапирди.

«Бу - табиат ҳодисаси. Албатта, ҳодисаларнинг олдини олиб, талофатларсиз ўтказишимиз керак. Бунга тайёр бўлишимиз керак», - дея таъкидлайди у. 

Архив сурат

Шундай қилиб, юк поезди билан юз берган ҳолатда ер кўчкиси бўлгани расман ошкор этилди. Бу пайтгача Kun.uz поезд вагонларининг ағдарилиб кетишига қўшни ҳудудда юз берган зилзила оқибатида келиб чиққан кўчки сабаб бўлгани ҳақида хабар тарқатганди.

Архив сурат

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги вакилига кўра, ҳодисадан сўнг, нохуш ҳодисаларни бартараф этиш бўйича бажарилган ишларнинг биринчи босқичида «Қамчиқ» довонининг поезд йўлига яқин 44та ҳудудида муҳандислик иншооти қурилган. 

«Иккинчи босқичда эса 28та қурилди, жами 72та иншоот пайдо бўлди. Йўловчи ва юк поездининг хавфсиз ҳаракатини таъминлаш бўйича ишлар яна давом этмоқда», - дейди Ҳасан Бобонов.

Мавзуга оид