Жамият | 21:36 / 28.12.2019
90329
3 дақиқада ўқилади

Нафосат Оллошукурова руҳий касалликлар диспансеридан чиқарилди

Фуқаролик ишлари бўйича Урганч туманлараро судининг 2019 йил 30 сентябрдаги қарорига асосан Хоразм вилоят руҳий асаб касалликлари диспансерига даволашга юборилган блогер Нафосат Оллошкурова озодликка чиқарилган. Бу ҳақда ҳуқуқ фаоли Абдураҳмон Ташанов фейсбукдаги саҳифасида хабар берди.

Унинг ёзишича, Нафосат Оллошукурова айни соатларда Хоразмдан Тошкентга, оиласи бағрига қайтмоқда.

“Бугун [28 декабрь куни] руҳий касалликлар шифохонасида ўтказилган тиббий экспертиза унинг саломатлиги яхшиланган, деб топган ва блогер янги йил байрамини ота-онаси ва жажжи қизалоқлари билан бирга кутиб олади”, деб ёзган Абдураҳмон Ташанов.

Президент администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ҳам мазкур маълумотни тасдиқлади.

“Агентлигимизда Нафосат Оллошукурова масаласига бағишлаб алоҳида матбуот анжумани ташкил этилиб, унинг саломатлиги ҳақида батафсил маълумотлар берилган эди.

Эндиликда унинг муолажалари ниҳоясига етди ва у янги йилни ота-онаси ҳамда фарзандлари бағрида кутиб олиши учун барча шароит яратилди”, дейилади агентликнинг Телеграмдаги расмий каналида эълон қилинган хабарда.

Фейсбук ижтимоий тармоғида Шабнам Оллошукурова номи билан танилган блогер Нафосат Оллошукуровага нисбатан Урганч шаҳар маъмурий судининг 2019 йил 23 сентябрь кунги қарорига асосан 10 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган эди.

Бош прокуратуранинг маълум қилишича, 26 сентябрь куни маъмурий қамоқ жазосини ўтаётган Н.Оллошукурова руҳиятида ўзгаришлар сезилганлиги учун тез тиббий ёрдам чақиртирилиб, психиатрнинг тавсияси билан у вилоят руҳий асаб касалликлари диспансерида кўрикдан ўтказиш учун олиб кетилган. Вилоят руҳий асаб касалликлари диспансери томонидан блогернинг руҳиятида ўзгаришлар содир бўлаётгани, унда «руҳий касалсимон синдром, параноял синдром» касаллиги аломатлари кузатилгани, ўзи ёки атрофдагилар учун бевосита хавф туғдириши, ночорлиги, асосий ҳаётий эҳтиёжларини мустақил равишда қондиришга лаёқатсиз деб топилган ва суддан уни психиатрия муассасасига жойлаштириш сўралган. Фуқаролик ишлари бўйича Урганч туманлараро суди томонидан мазкур сўров қаноатлантирилган.

Шу йилнинг 12 ноябрь куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида бўлиб ўтган матбуот анжуманида руҳий шифохонага ётқизилган блогер Нафосат Оллошукурова билан боғлиқ ҳолатга ойдинлик киритилган, расмийлар бу ҳолат унинг блогерлик фаолияти ва танқидий чиқишлари билан боғлиқ эмаслигини таъкидлашган.

Мавзуга оид