Ўзбекистон | 22:25 / 22.07.2020
10076
4 дақиқада ўқилади

Дилором Тошмуҳаммедова коронавирус тестлари ўтказишни кескин кўпайтиришни таклиф қилди

Олий Мажлис Сенатининг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Дилором Тошмуҳаммедова Ўзбекистондаги эпидемиологик вазият оғирлашиб бораётганига қатор сабабларни санаб ўтди.

Фото: KUN.UZ

Унинг бу борадаги фикрлари Сенат расмий сайтида жойланган.

Дилором Тошмуҳаммедова мамлакатда фуқароларни коронавирус ва унинг оқибатларидан ҳимоя қилиш бўйича қатор ишлар қилинаётганига қарамай, касаллик тарқалиши ва ўлим ҳолатлари кўпаяётганини урғулайди. Бу борада эса у жойларда амалга оширилаётган ишлар тизимли тартибга солинмагани ва қатор камчиликларга йўл қўйилаётганини сабаб сифатида келтиради.

«Биринчидан, бирламчи тиббий хизмат кўрсатиш тизимидаги муаммолар бугунги мушкул вазиятда рўйи рост бўй кўрсатди. Яъни коронавирус касаллигига гумонланган шахсларни даволаш ва назоратни олиб боришда бирламчи тиббиёт ходимларининг профессионал малакаси ва тажрибаси камлиги, бу соҳада кадрлар етишмовчилиги юзага чиқиб, ўз навбатида, бу келгусида бирламчи тиббиёт ходимлари сонини кўпайтириш, уларнинг билим ва малакаларини ошириш мақсадида амалий ўқув машғулотлари ўтказиш, ушбу тизим яхлит бир механизм сифатида фаолият юритиши учун эпидемиологлар томонидан аниқ чоралар белгиланишини тақозо этади.

Иккинчидан, Инновацион соғлиқни сақлаш миллий палатаси томонидан COVID-19 инфекцияси енгил кечаётган беморларни даволаш бўйича вақтинчалик клиник кўрсатмалар ишлаб чиқилган. Эндиликда бугунги эпидемиологик вазиятни ҳисобга олиб, тиббий мутахассислар томонидан ёрдам кўрсатишнинг барча босқичларида бажариладиган ҳаракатлар алгоритмлари ва стандартларини ҳам ишлаб чиқиш ҳамда шифокорларнинг ҳар бир хатти-ҳаракатлари шунга асосланиши мақсадга мувофиқ. Қолаверса, тест ўтказувчи энг замонавий ускуналарни мамлакатга олиб келиш ва сифатли лабораторияларни кўпайтириш зарур.

Шунингдек, ЖССТ тавсияси ҳамда ривожланган давлатларнинг пандемияга қарши кураш бўйича самарали тажрибасидан келиб чиқиб, коронавирусга ПЗР таҳлили (инфекцияни аниқлашда юқори сезгирликка эга текшириш усули) олиш тизимини мукаммаллаштириш ва аҳолини тестдан ўтказишни кескин кўпайтириш ҳам фойдадан холи бўлмайди.

Учинчидан, бугунги кундаги статистика ҳар куни коронавирус юқтириб олаётганларнинг қарийб 70 фоизи аҳоли орасида аниқланаётганидан далолат бермоқда. Аммо одамлар орасида клиник белгиларсиз касаллик тарқатувчига айланиб қолиш эҳтимоли борлиги кўпчиликнинг парвосига ҳам келаётгани йўқ.

Шу боис, айниқса, мамлакатимизнинг бошқа ҳудудларига қараганда пойтахтимизда вазият оғирлигини инобатга олиб, касаллик занжирини узиш учун зарурат бўлмаганида бошқалар билан мулоқотга киришмаслик, аҳоли гавжум жойларда карантин тартибларига сўзсиз итоат этиш, бемақсад тўпланмаслик юзасидан амалий чоралар кўриш, ҳар бир одамнинг шахсий масъулияти ҳақидаги тарғибот ишларини кучайтириш, шу жумладан, коронавирус инфекциясига қарши кураш самарадорлигини ошириш бўйича белгилаб берилган вазифалар ижросини таъминлаш бўйича қатъий депутатлик ва жамоатчилик назоратини ўрнатиш талаб этилади.

Тўртинчидан, бугун, айниқса, юзага келган айрим камчиликларни ижтимоий тармоқлар орқали бўрттириб кўрсатиш, масаланинг туб моҳиятини англаб етмасдан ўринсиз иддаолар қилиш, бир томонлама ва нохолис хабарлар тарқатиш «урф»га айланиб бормоқда. Бу каби ҳолатлар одамларни чалғитишга, уларда норозилик кайфияти уйғонишига сабаб бўлиши мумкин. Ваҳоланки, дунёнинг манаман деган давлатлари ҳам кўринмас бало олдида боши берк кўчага кириб қолаётган бир вақтда иш бор жойда учраши табиий бўлган камчиликларни шунчаки санаб бериш эмас, балки уларни тугатишга қўлимиздан келганича амалий ҳисса қўшсак, мақсадга мувофиқ бўларди.

Бешинчидан, бугун бизга COVID-19 бераётган аччиқ сабоқлардан хулоса чиқариб, «Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида»ги, «Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисида»ги, «Дори воситалари ва фармацевтика фаолияти тўғрисида»ги қонунлар ва соҳага оид бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қайта инвентаризациядан ўтказиш ва илғор халқаро амалиёт, бугунги замон талабларини эътиборда тутиб такомиллаштирган ҳолда янги таҳрирларда ишлаб чиқиш ва қабул қилиш лозим», – деб ёзади Дилором Тошмуҳаммедова.

Мавзуга оид