Жамият | 15:13 / 25.07.2020
38520
5 дақиқада ўқилади

COVID-19 болаларда: профилактика, симптомлар ва даво — шифокор Элизов тавсиялари

Зеленоград марказий туман касалхонаси умумий амалиёт шифокори, терапевт Игор Элизов COVID-19’нинг болаларда қандай кечиши, профилактика ва муолажа масалалари бўйича ўз тавсиялари билан бўлишди.

Коронавируснинг болаларда кечиши ҳақида гап кетганда сизнинг душманингиз бу – қўрқув. Ҳа, сизнинг душманингиз, фарзандингизнинг эмас. Чунки боланинг психикаси шундай тузилганки, улар касал бўлишдан қўрқмайди. Биронта беморимнинг – хоҳ бола бўлсин, хоҳ ўсмир, касал бўлишдан қўрқиши ҳақида эшитмаганман. Бу масалада улардан ўрнак олиш керак.

Расмий маълумотларга кўра, болалар ва ўсмирлар катталарга қараганда камроқ касал бўлади. Ҳозиргача дунё бўйича коронавирус билан жами касалланганларнинг ҳам 1-5 фоизини болалар ташкил қилади.

Шунингдек, болалар ва ўсмирларда 90 фоиз ҳолатда коронавирус симптомларсиз ёки енгил ЎРВИ (ўткир респиратор вирусли инфекция) сингари кечади. Бундан ташқари, бутун пандемия даврида дунё бўйича болалар орасида ўлимнинг атиги бир нечта қайд этилганига эътибор бериш керак.

Оналар, буви-бувалар, фарзандимга коронавирус инфекцияси юқади, деб қўрқиб ваҳима қилишдан тўхтанг, илтимос.

Профилактика

Коронавирус бўйича болаларда профилактика масаласи катталар билан бир хил. Фақатгина D3 витаминини қабул қилишда ёш нуқтайи назаридан дозада фарқ бўлиши мумкин. Хусусан:

  • 1 ёшдан 5 ёшгача бўлган болалар учун – суткасига 1500 халқаро бирлик;
  • 6 ёшдан 13 ёшгача бўлган болалар учун – суткасига 2500 халқаро бирлик;
  • 14 ёшдан юқори ёшдагилар учун – суткасига 5000 халқаро бирлик.

Профилактиканинг қолган масалаларида болалар учун катталар билан бир хил қоидалар амал қилади – индивидуал ҳимоя воситалари (ниқоб, қўлқоп)дан фойдаланиш, одамлар тўпланадиган жойларга бормаслик.

Касаллик белгилари

Коронавирус болаларда аксарият ҳолларда енгил шаклдаги ЎРВИ сингари кечади – томоқ оғриғи, йўтал, бурун оқиши ва аксириш.

Касаллик оғирроқ кечаётган бўлса – тана ҳароратининг 37,5-39 даражагача кўтарилиши, ҳолсизлик ва бош оғриғи.

Болаларда коронавирус жуда камдан-кам ҳолларда гастроинтестинал шаклда – кўнгил айниши, қусиш, қорин оғриғи, диарея каби белгилар билан кечади.

Даволаниш

Болаларда касаллик фақатгина енгил шаклда кечган ҳолатдагина уй шароитида даволанади. Касаллик ўрта ва оғир даражада кечган тақдирда болани шифохонага ётқизиш шарт.

Уйга шифокор чақиринг. У боланинг томоғида ўткир тонзиллит, ўпкада пневмония бор-йўқлигини текшириб кўриши керак. Агар бу ташхислар шифокор томонидан тасдиқланмаса, даволанишни бошланг.

Бурунни бир кунда 3 маҳал тузли эритма билан чайиш мумкин – бу маҳаллий иммунитетни оширишга ёрдам беради ва юқори нафас йўлларига тушувчи вирус юкини камайтиради.

Томоқни бир кунда 3 маҳал фуроцилинли эритма билан чайиш. Агар боланинг ёши томоқ чайишга йўл бермаса, томоққа турли антисептик спрейлар билан ишлов бериш мумкин (бундай спрейлар дорихонада муаммосиз топилади).

Агар болада ҳам қуруқ, ҳам нам йўтал бўлса, турли сироплар беришга шошилмаслик керак – айниқса, бола 5 ёшдан кичик бўлса. Бундай вазиятда кўп миқдорда суюқлик ичиш яхши таъсир беради. Чунки сувда турли бўёқлар ва таъм берувчи моддалар йўқ. Шунингдек, хонада намлик ҳарорати 20-22 даража бўлиши керак, бу йўтални даволаш учун жуда муҳим. Бу шароитда балғам яхши суюлади ва ўпкадан чиқарилиши осонлашади.

Агар йўтал 5 кундан ортиқ давом этса ва кучайиб борса, фаол моддаси амброксол бўлган препарат қўллаш керак. Балғам кўчирувчи бу препарат 12 ёшгача бўлган болалар учун сироп шаклида, 12 ёшдан катталар учун таблетка шаклида чиқарилади.

Болада фибрил тутқаноқ кузатилмаётган бўлса, тана ҳарорати 38-38,2 даражадан паст бўлган тақдирда иситмани туширишга ҳаракат қилманг. Шу даражадан ошса, «Парацетамол» ёки «Ибупрофен» (болалар учун эритма, катталар учун таблетка шаклида) бериш мумкин.

Иситма 5 кундан ортиқ давом этса ва пасайиш кузатилмаса, пневмония бор-йўқлигини текшириш учун ўпканинг компьютер томография текширувини ўтказиш керак. Лекин болаларда пневмония камдан-кам ҳолларда кузатилади.

Компьютер томография текширувида пневмония аниқланган тақдирда (қандай оғирлик даражаси бўлишидан қатъи назар) болани шифохонага ётқизиш керак. Пневмония бўлмаса, «Амоксиклав» антибиотикини боланинг ёши ва вазнидан келиб чиққан ҳолда доза белгилаб, 5 кун давомида бериш мумкин.

Коронавирус ошқозон-ичакда кечганда

Болада қорин оғриғи, кўнгил айниши, қусиш ёки ич кетиши бўлса, дарҳол шифокорга мурожаат қилиш керак. Инфекциянинг бу шаклини уйда даволаш учун тавсиялар йўқ. Чунки болаларда сувсизланиш катталарга қараганда тезроқ содир бўлади. Қусиш ва ич кетиши эса сувсизланишга олиб келиши мумкин.

Мавзуга оид