Жаҳон | 00:37 / 30.07.2020
31599
8 дақиқада ўқилади

Дунёдаги вазият: Коронавирус яна авж олишида ёшлар айбланмоқда, ЕИ чегараларни яна ёпмоқчи

Сўнгги бир кунда АҚШнинг олти штатида Covid-19'дан рекорд даражада касалланиш ҳолатлари қайд этилди, Европа Иттифоқи чегараларни қайта ёпиш ҳақида бош қотирмоқда, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти эса ёшларни кўплаб мамлакатларда ижтимоий масофа сақлаш қоидаларига амал қилмаслик ва бунинг натижасида касаллик суръати ўсишига сабабчи бўлишда айблади.

Фото: AP/ТАСС

Жонс Ҳопкинс университети маълумотларига кўра, ҳозирги вақтда дунё бўйича 16,7 млн киши коронавирус билан касалланган, 660,5 минг киши ҳаётдан кўз юмган.

АҚШ иккала кўрсаткич бўйича ҳам етакчи - мос равишда 4,3 млн ва 149,2 минг ҳолатлар. Иккинчи ўринда 2,4 млн бемор ва 88,5 минг ўлим ҳолати қайд этилган Бразилия бормоқда.

Европада касалланишнинг янги тўлқини

Европанинг кўплаб давлатларида кузатилаётган касалланиш даражаси ўсиши ҳукуматларни Евроиттифоқнинг ички ва ташқи чегараларини ёпиш эҳтимоли ҳақида бош қотиришга мажбур қилмоқда.

Аммо Франция соғлиқни сақлаш вазири Оливье Вераннинг огоҳлантиришича, бунинг олдини олишга ҳар қандай йўллар билан ҳаракат қилиш лозим. У шунингдек, мамлакатда қайта локдаун жорий этилишини истамаслигини, аммо вирус билан кечаётган кураш, унинг сўзларига кўра, ҳали тугайдиганга ўхшамаётганини маълум қилди.

Ҳокимият вакиллари вирус жиддий авж олган муайян минтақаларда маҳаллий локдаун жорий этаётган Испанияда касалланишнинг кескин ортиши кузатилмоқда. Британия Испаниядан келувчилар учун икки ҳафталик мажбурий карантин тартибини йўлга қўйди, ваҳоланки ушбу давлатлар ўртасида ҳаво йўлагини ташкил этиш бўйича битим имзоланганди.

Ушбу ҳафта бошида Испания бош вазири Педро Санчес Британиянинг бу қарорини ҳаддан ортиқ деб баҳолади ва қироллик ҳукумати чекловларни қайта кўриб чиқишига умид билдирди. Унинг сўзларига кўра, Испания ҳудудининг катта қисмида Covid-19'дан касалланиш даражаси Британияникига қараганда паст.

Германия олимлари Covid-19'га қарши вакцина кейинги йил ўрталаригача тайёр бўлмайди деб ҳисобламоқда. Бу мамлакат эпидемия билан нисбатан самарали курашган давлатлар қаторига киради. Бироқ соғлиқни сақлаш вазири Йенс Шпаннинг айтишича, у касалланиш статистикаси кескин юқорилаган сўнгги кунларда қаттиқ хавотирга тушмоқда. Жонс Ҳопкинс университети маълумотларига кўра, Германияда касалланиш ҳолатларининг умумий сони 208 мингтани ташкил этиб, 9,1 минг киши коронавирус туфайли ҳаётдан кўз юмган. 

Беларусь президенти Александр Лукашенко коронавирус билан «оёқда юриб» курашгани ҳақида айтди. У вирус юқтириб олганини тан олган, аммо касаллик аломатларсиз кечган. Унинг фикрича, вирус аҳолининг 97 фоизида шу тарзда ўтиб кетади, эпидемия туфайли хавотир ошишини эса психоз деб атади. Беларусда пандемия бошидан бери 67,3 минг бемор қайд этилгани, улардан 543 нафари ҳаётдан кўз юмгани маълум қилинган.

Руминия ҳукумати ҳам Covid-19'нинг янги тўлқини фонида қоидаларни қатъийлаштирмоқда: жамоат жойларида ниқобда бўлиш мажбурий, бар ва бошқа бир неча идоралар иш соатига чеклов ўрнатилади. Мамлакатда эпидемия бошлангандан бери умумий касалланиш ҳолатлари 47 мингтани ташкил этиб, ўлим кўрсаткичи 2,2 минг киши. Бу Европа давлатлари орасида энг қуйи кўрсаткичлардан биридир, аммо сўнгги ҳафтада кунига мингдан ортиқ киши коронавирус юқтириб олаётгани аниқланяпти.

Шифокорларнинг сўзларига кўра, бу кўплаб ҳолатларда Руминия Конституцион судининг беморлар шифохонага ётқизилиши ва уларнинг яқинлари изоляция олиниши мажбурийлигини ноқонуний деб топгани билан боғлиқ.

Натижада сўнгги вақтларда коронавируснинг енгил шаклини бошдан кечираётган 972 нафар беморга шифохонадан жавоб берилган. Шунингдек, руминиялик шифокорлар баҳолашича, 3600дан ортиқ бемор касалхонага умуман мурожаат қилмаган.

Ёшлар айбдорми?
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотидагиларнинг фикрича, эпидемиянинг Европадаги яна қайтадан авж олишига ижтимоий масофа сақлаш қоидасига амал қилмасдан, аввалги ҳаёт тарзида яшашда давом этаётган ёшлар сабабчи.

ЖССТнинг минтақавий директори Ханс Клюге BBC радиоэфирида дунё мамлакатлари ҳукуматлари ўз тавсияларини аниқ баён этишга мажбур эканликларини айтди.

«Борган сари кўплаб давлатлар маҳаллий авж олиш ва касалланиш ортиши ҳақида қайғурмоқда. Бунга одамларнинг ўзини тутиши ўзгараётгани сабаб бўлгани бизга маълум, - дейди Клюге. - Турли мамлакатлар соғлиқни сақлаш органлари бизга касалланиш айнан ёшлар ўртасида кўп учраётгани ҳақида хабар беришмоқда. Демак, менинг назаримда, биз ёшлар билан қандай ишлаш кераклигини қайта ўйлаб чиқишга мажбур эканимиз кундек равшан».

Клюге шунингдек, икки нафар қиз фарзанднинг отаси сифатида ёшларнинг «ёзни беҳуда сарфлашни» истамасликларини яхши тушунишини айтди. «Улар шахсан ўзлари олдида, ота-оналари, буви-боболари ва ён-атрофдаги инсонлар учун масъулдирлар», деб қўшимча қилди у.

Дунёнинг бошқа қисмларидаги аҳвол қандай?

АҚШда сўнгги кун ичида Covid-19 билан боғлиқ деярли 1600та ўлим ҳолати қайд этилди. Бу ўлим ҳолатларининг май ойидан бери кузатилган энг юқори ўсишидир. Бу ҳолат айниқса мамлакатнинг жанубда ва ғарбий қирғоқда жойлашган 6 штатида кўзга ташланмоқда.

Ҳонгконг етакчиси Керри Лэм маъмурий ҳудуднинг тиббиёт тизими касалланиш кескин ошиши туфайли коллапсга учрашга яқин турганини айтди. Унинг сўзларига кўра, шаҳарнинг турли жамиятлари орасида кластер зарарланиш кузатилмоқда.

Бир ойдан кам вақт аввал кунлик касалланиш ҳолатлари 10тадан камроқ бўлаётганди, ҳозир эса кунига 100дан ортиқ бемор рўйхатга олинмоқда. Душанба куни пандемия бошидан бери кунлик касалланиш даражаси бўйича рекорд даража қайд этилди - 145 бемор.

Ҳонгконг аҳолисидан ҳукуматга коронавируснинг янги тўлқинини назоратга олишига ёрдам бериш учун яна уйда қолиш сўралмоқда. Чоршанба кунидан бошлаб жорий этилган қоидалар: жамоат жойларида ниқоб кийиш мажбурий, мижозларга бино ичида хизмат кўрсатувчи ресторанлар қайта ёпилади.

Лотин Америкасидаги вазият

Перуда стадионлар ва спорт объектлари (бу ерларда бир йил муқаддам Панамерика ўйинлари ўтказилганди) коронавирус беморларини қабул қилиш учун қайта жиҳозланди ва вақтинчалик шифохоналарга айлантирилди. Мамлакатда коронавирусдан зарарланиш ҳолатлари сони 400 мингга яқинлашган. Перу Лотин Америкаси миқёсида эпидемия кўлами бўйича Бразилия ва Мексикадан кейинги учинчи ўринда.

Колумбия президенти Иван Дуке Маркес чоршанба куни мамлакатда локдаун яна бир ойга - август ойи охиригача узайтирилишини маълум қилди. Бу Колумбия ҳукумати умуммиллий карантинни саккизинчи марта узайтиришидир, биринчи локдаун март ойида жорий этилганди. Дуке Маркес касалланиш ҳолатлари камроқ бўлган ҳудудларда дўконлар ва бизнесга босқичма-босқич рухсат берилишини маълум қилган. Барлар, тунги клублар, театрлар ва бошқа кўнгилочар масканлар бутун мамлакат бўйлаб ёпиқлигича қолади.

Жонс Ҳопкинс университети маълумотига кўра, Колумбияда Covid-19 пандемияси даврида жами 267 минг киши касалланган, 9 мингдан ортиқ киши вафот этган.

Боливияда президентлик сайловлари пандемия туфайли яна бир бор қолдирилишига жавобан минглаб кишилар кўчаларга чиқиб, норозилик намойишлари бошлади. Сўнгги марта сайловлар октябрь ойига кўчирилганди. Мухолифатчиларнинг фикрича, вақтинча президент вазифасини бажариб турган Жанин Аньес бу орқали ҳокимиятда узоқроқ қолишга ҳаракат қилмоқда.

Боливияда шу вақтгача 72,3 минг киши касалланиб, 2720 киши вафот этган.

Мавзуга оид