Жаҳон | 15:37 / 03.08.2020
54578
13 дақиқада ўқилади

«Саҳродаги бўрон». АҚШ-Ироқ биринчи уруши қандай содир бўлган эди?

30 йил муқаддам Ироқ Кувайтни босиб олиб, ўзи учун ҳалокатли тугаши муқаррар бўлган АҚШ билан қарама-қаршиликни бошлаб берганди. Оқ уй ўшанда илк бор араб давлатлари ишига аралашишни бошлаган ва бу иш ҳамон давом этмоқда.

Фото: The Atlantic

1988 йилда, Ироқ-Эрон уруши тугаганидан сўнг Ироқ иқтисодий муаммоларга дуч кела бошлайди. Мамлакат Эрон билан уришиб юрганида Саудия Арабистони ва Кувайтдан катта миқдорда қарз бўлган, энди ўша қарзларини қайтариши керак эди. Урушдан чарчаб чиққан Ироқда ўша қарзларни қайтаришга етарли маблағ йўқ эди.

Бу муаммони ечишда Ироқ президенти Саддам Ҳусайн агрессив йўлдан кетади. У Кувайтни баҳсли ҳудудлардан бири бўлган Румейладан ноқонуний нефть қазиб олишда айблаб, ундан Ироқ-Эрон уруши пайтида берилган 17 миллиард доллар миқдоридаги қарздан кечишни ва яна 2,4 миллиард доллар миқдорида товон пули тўлашни талаб қила бошлайди. Табийки, Кувайт буни рад этади.

Урушнинг бошланиши

Саддам Ҳусайн © STR New/Reuters

1990 йил 31 июль куни Саудия Арабистонининг Жезде шаҳрида ўзаро низолар юзасидан Ироқ-Кувайт музокаралари бўлиб ўтади. Аммо музокара натижасиз тугайди. Орадан икки кун ўтиб, 1990 йил 2 август куни Ироқ қўшинлари Кувайтга бостириб киради, Кувайт амири Жобир ас-Сабоҳ Саудия Арабистонига қочиб кетади.

Ироқ қўшинлари Кувайтни босиб олган куннинг ўзида БМТ Хавфсизлик Кенгаши 660-сонли резолюцияни қабул қилади. Унда Ироққа Кувайтдан ўз қўшинларини дарҳол олиб чиқиб кетиш талаби қўйилади. Ироқ БМТ талабини рад этди ва Кувайтни ўз таркибига қўшиб олиб, уни ўзининг 19-провинцияси деб эълон қилади.

Ўша пайтда кўплаб халқаро ташкилотлар ва давлат раҳбарлари Саддам Ҳусайндан ўз қўшинларини Кувайтдан дарҳол олиб чиқиб кетишни талаб қилишади. У бу талабларни эътиборсиз қолдиради.

«Саҳродаги бўрон»

АҚШ армияси Кувайт чегараси томон ҳаракатланмоқда, 1991 йил январь
© AP Photo/DOD Pool/Peter Dejong

Ироқ БМТ резолюциясини писанд қилмаганидан кейин, АҚШ Қуролли кучлари Марказий қўмондонлиги зудлик билан Ироққа қарши ҳарбий ҳаракатлар бошлаш режасини туза бошайди. Режага шартли равишда «Саҳродаги бўрон» деб ном берилади. Режада аввал Ироқдаги муҳим объектларга ҳаводан зарба бериш, сўнг қуруқликдаги қўшинларни ҳаракатга келтириш белгиланган эди.

1990 йил 7 август кунидан бошлаб АҚШ ўз ҳарбийлари ва ҳарбий техникаларини Форс кўрфазига оммавий тарзда жўната бошлайди. БМТ ўшанда Ироққа қарши жами 12 резолюция қабул қилади. Уларда Ироққа нисбатан иқтисодий ва ҳарбий санкциялар, шунингдек Кувайтдан қўшинларни дарҳол олиб чиқиб кетиш талаблари қўйилганди.

Аммо, Саддам Ҳусайн бу резолюцияларга парво қилмайди.

1990 йил 27 ноябрда БМТ Ироққа қарши ҳарбий куч ишлатиш ҳақида 678-сонли махсус резолюцияни қабул қилади. Унда Ироққа 1991 йил 15 январгача Кувайтдан чиқиб кетиш учун сўнгги муддат берилади. Агар бу шарт бажарилмаса, унга қарши ҳарбий куч ишлатилиши белгиланади.

Ироққа қарши ҳарбий амалиётлар олиб бориш учун ўша пайтда АҚШга яна кўплаб давлатлар қўшилади ва қисқа фурсатда уларнинг сони 28та бўлади. Иттифоқчилар қўшинларга қўмондонлик қилиш АҚШ генерали Норман Шварцкопфга топширилади.

«Саҳродаги бўрон» амалиёти раҳбари генерал Норман Шварцкопф Фото: Eric Cabanis/AFP/Getty Images

Ироққа қарши халқаро кучлар таркибига бир қатор араб давлатлари, жумладан Миср, Сурия ва Саудия Арабистони ҳам қўшилади.

Халқаро кучлар таркибида 600 минг аскар, 8 мингга яқин ҳарбий техника, 2 минг самолёт ва кўплаб ҳарбий кемалардан иборат катта армия жамланади.

Ҳарбий авиацияни бошқариш учун АҚШнинг 9-ҳаво қўшинлари армияси қошида ягона бошқарув штаби тузилди ва халқаро кучлар авицияси ана шу бошқарув штаби орқали бошқарилади. Ироққа қарши халқаро коалициянинг асосий базаси Саудия Арабистони шимолида, Ироқ чегарасидан 20-50 километр узоқликда жойлаштирилади.

Ўша пайтда Ироқ армиясида 1 миллионга яқин аскар, 5 минг танк, 8 минг миномёт, 700 самолёт ва «Ер-Ер» типидаги 400 километрдан 1200 километр узоқликкача уча оладиган ракеталар бўлган.

Ироқ ҳаво зарбалари остида

1991 йил 15 январда Ироққа берилган сўнгги муддатгача Саддам Ҳусайн Кувайтдан ўз қўшинларини олиб чиқмайди. 17 январь куни соат 00:00да халқаро кучлар авиацияси Ироқ бўйлаб кенг қамровли ҳаво ҳужумини амалга оширишга киришади ва муҳим объектларга бомба ташлай бошлайди.

Иттифоқчилар авиацияси 24 январгача суткасига 700-800тадан, жами 4700та парвозни амалга оширади. Асосий авиазарбалар Ироқ пойтахти Бағдод шаҳри ва яна бир қатор шаҳарлардаги муҳим объектларга берилади. Ироқ томони ҳам қараб турмайди ва «Ал Ҳусайн» ва «Ал Аббос» деб номланган «Скад» типидаги ракеталар билан иттифоқчиларнинг Саудия Арабистони ҳамда Исроилдаги базаларига зарба беришга уринади. Бу турдаги ракеталарни Ироққа урушдан аввал СССР етказиб берган эди.

Ироқ томонидан учирилган ракеталарнинг бир қисми мўлжалга етиб борган, яна бир қисми АҚШ ҳарбий ҳаво кучларига қарашли ракета тутқичлар томонидан уриб туширилган.

Олти кунлик ҳаво ҳужуми натижасида Ироқ ҳудудидаги аксарият муҳим объектлар вайрон қилинади. Ироққа ҳаводан зарба бериш февраль ойида ҳам давом эттирилади.

Ниҳоят 15 февралда Саддам Ҳусайн халқаро коалицияга Кувайтдан қўшинларини олиб чиқишга тайёр эканини билдиради.

Иттифоқчилар Ироққа қуруқликдан ҳам ҳужум қилишга келишиб олишгани туфайли Саддам Ҳусайннинг сулҳ ҳақидаги таклифини эътиборсиз қолдириб, ҳужум қилишда давом этишади.

Қуруқликдаги ҳарбий амалиётлар ва Ироқнинг енгилиши

Кувайтда ироқлик аскарлар америкаликларга таслим бўлмоқда, 1991 йил февраль
© AP Photo/Laurent Rebours

1991 йил 24 февраль куни халқаро кучлар Ироққа қарши қуруқликдаги ҳарбий амалиётларни бошлайди. 27 февраль куни иттифоқчилар томонидан Кувайт ҳудуди Ироқ ҳарбийларидан тозаланади ва ҳарбий ҳаракатлар энди Ироқ ҳудудида давом эттирилади.

28 февраль куни Ироқ Бош қўмондонлиги оқ байроқ кўтаради ва шу тариқа «Саҳродаги бўрон» операцияси якунланади.

Урушнинг АҚШ учун аҳамияти

«Саҳродаги бўрон» операциясида халқаро кучларнинг Ироқ устидан ғалаба қозонишининг АҚШ учун аҳамияти жуда катта эди.

1964-1975 йилларда бўлиб ўтган Вьетнам урушида мағлубиятга учраганидан сўнг халқаро майдонда АҚШ ҳарбийларининг обрўси анча тушиб кетган эди.

Ироққа қарши урушдаги ғалаба АҚШ ҳарбийларига ана шу ишончни қайтаради.

Ироқ томони эса бу урушгача саккиз йил Эрон билан урушган, армияси чиниққан эди. Аммо, чиниққан армия халқаро кучларнинг ҳаво ҳужумлари остида «тутдай тўкилиб» кетади.

Томонлар нима йўқотади?

АҚШ бошлиқ халқаро кучлар бу урушда 200 нафарга яқин аскардан айрилади. Улардан 110 нафари араб давлатлари, 88 нафари халқаро кучлар таркибидаги ҳарбийлар эди.

Шунингдек, иттифоқчилар 26та учувчи аппаратидан айрилади. Шундан 25таси техник хатолар туфайли халқаро кучларнинг ўзи томонидан уриб туширилган.

Ироқ бу урушда кўп нарса йўқотади. Уруш тугагандан бироз ўтиб Ғарб нашрларида, бу урушда 100 минг нафар ироқликлар ҳалок бўлгани ҳақида маълумотлар берилади. Айримлар бу урушда Ироқ томонидан 200 минг киши ҳалок бўлгани ҳақида ҳам ёзади. Бу урушда Ироқ ҳарбийларидан қанчаси ҳалок бўлгани ҳақида аниқ маълумотларни ҳисоблашнинг имкони бўлмаган.

Норасмий маълумотларга кўра, Ироқ армияси бу урушда 20-26 минг нафар аскар, 308 самолёт, 1800-3700 танк, 520-2400 зирҳли техника, 1465-2400 артиллерия қуроллари, 100га яқин турли ҳажмдаги кемалар ва турли русумдаги ҳаво ҳужумига қарши қурилмаларини йўқотган.

Шунингдек, халқаро кучлар томонидан Ироқ фуқаро авиациясига тегишли 12та самолёт йўқ қилинган.

Бу урушда Ироқ томонидан учирилган «Скад» русумли ракеталар туфайли Исроилда ҳам 15 киши ҳалок бўлади ва кўплаб тураржойларга зарар етади.

Урушнинг экологик оқибатлари

Форс кўрфази қирғоқларида содир бўлган бу уруш минтақа учун ҳақиқий экологик ҳалокатларни олиб келади. Аввалига Ироқ томонидан Кувайтга тегишли, кейин эса халқаро кучлар томонидан Ироққа тегишли нефть конлари ёқиб юборилиши туфайли минтақа ҳавоси жиддий зарарланади ва ҳавони тутун қоплайди.

Ҳаво қора тутун билан заҳарлангани учун кузда қора рангли ёмғир ёғади. Ана шу заҳарли ёмғир минтақадаги 320та катта-кичик кўллар сувини заҳарлайди. Оқибатда, ўша кўллардаги сув жонзотлари нобуд бўлади.

Ҳар икки томондан нефть ортилган танкерларга ҳужум қилиниши оқибатида, нефть денгизга оқиб кетиши Форс кўрфазидаги Ироқ, Кувайт ва Саудия Арабистони ҳудудидаги денгиз соҳиллари экотизимига жиддий зарар етказади.

Уруш тугагунча жами 8 миллион баррель нефть денгизга оқиб кетади. Натижада, кўплаб денгиз ҳайвонлари ва уларни истеъмол қилган 30 мингта турли турдаги қушлар нобуд бўлади.

Халқаро таҳлилчиларга кўра, бу уруш натижасида яқин тарихдаги энг йирик экологик фожиа юз беради.

Урушдан сўнг ундирилган товон пуллари

Уруш тугагандан сўнг БМТ Хавфсизлик кенгаши қошида товон пули масаласида махсус комиссия тузилади. Комиссиянинг вазифаси 1990 йил 2 августдан 1991 йил 2 мартгача бўлган даврда Ироқ армияси бостириб кириши оқибатида жабрланганларга товон пули ундириб бериш эди.

2007 йилда ушбу комиссия томонидан урушда жабрланганлардан келган 1 543 665та шикоятни қаноатлантирилади ва Ироқ ҳукуматидан улар фойдасига жами 52 миллиард 386 миллион АҚШ доллари миқдорида товон пули ундириш ҳақида ҳукм чиқарилади.

2007 йил 1 июнь ҳолатига кўра Ироқ зиммасига юклатилган товон пулидан 22 миллиард 81 миллион доллар маблағ БМТ қошида очилган Ироқ нефть экспортидан тушадиган маблағлар жамғариб бориладиган фонд орқали тўлаб берилади. Товон пулининг қолган қисми ҳам кейинчалик тўлаб берилади.

Саддам Ҳусайн нимасига ишонган эди?

Ўша пайтда Кувайтни босиб олиб, уни ўз давлатининг бир бўлаги деб эълон қилган Саддам Ҳусайн нимага ишониб БМТ резолюциялари ва халқаро ҳамжамиятнинг огоҳлантиришларини эътиборсиз қолдирган? Бу саволга аниқ жавоб йўқ. Аммо кўплаб тахминлар бор. Биринчи тахминга кўра, у Ироқ-Эрон урушида ўз армияси анча тобланган ва жангларда тажриба орттирган, шу сабабли халқаро кучлар томонидан йўлланадиган ҳарбийларга бас кела олади деб ҳисоблаган. Яна бир тахминга кўра, ўша пайтда СССР Афғонистонда олиб борилган 10 йиллик урушда мағлуб бўлиб, ўз ҳарбийларини олиб чиққанига унча кўп бўлмаган ва бу иш ҳам Саддамни илҳомлантирган. Яъни у СССРдек қудратли давлат ҳарбийлари Афғонистонда енгилган экан, Ироқ армияси ҳам АҚШ ҳарбийларини мағлуб эта олади деб ишонган. Яна бир тахминга кўра, ўша пайтда агар уруш бошланадиган бўлса, СССР ҳарбий ёрдам беришни ваъда қилиб, Саддам Ҳусайнни ишонтирган. Уруш бошлангандан сўнг халқаро ҳамжамият босими билан Москва ўз ваъдасида турмаган.

Нима бўлганда ҳам ўша пайтда Саддам Ҳусайн ўз кучига ошиқча баҳо бериб юборган. Акс ҳолда БМТ Хавфсизлик кенгашининг сўнгги огоҳлантиришидан сўнг унда вазиятни ўнглаш ва Кувайтдан қўшинларини олиб чиқиб кетиб, ҳаммасини тинч йўл билан ҳал қилиш учун бир ярим ой вақт бор эди.

Хулоса

Бу уруш содир бўлгандан бироз ўтиб СССР тарқалиб кетади. АҚШ эса уруш ғолиби сифатида жаҳон сиёсий майдонида яна етакчиликни ўз қўлига олади.

Ироқ Саддам Ҳусайннинг манманлиги оқибатида жуда оғир вазиятга тушиб қолади.

Мамлакат халқаро кучларга тегишли авиция томонидан вайрон қилингани етмагандай, кейинчалик Ироқ бу урушда жабрланганларга товон пули тўлашга мажбурланади.

Шунингдек, халқаро ҳамжамият томонидан Ироққа нисбатан иқтисодий санкциялар жорий қилинади. Ана шу санкциялар туфайли Ироқ нефть экспорт қилишда муаммоларга дуч кела бошлайди. Санкцияларга кўра, Ироққа нефть экспорт қилишда маълум лимит жорий қилинади. Шундан сўнг Ироқ ана шу лимитда белгилангандан ошиқ нефть экспорт қила олмай қолади. Бунинг оқибатида мамлакат иқтисодиёти орқага кетиб, аҳолининг турмуш даражаси пасайиб боради.

АҚШ ва Ироқ ўртасида бошланган қарама-қаршилик бу урушдан кейин ҳам давом этади.

Орадан 13 йил ўтиб АҚШ Ироққа яна бостириб киради. АҚШ ҳарбийлари томонидан Саддам Ҳусайн асир олинади ва суд қилиниб дорга осиб ўлдирилади.

Энди бу бошқа мавзу...

Ғайрат Йўлдош тайёрлади

Мавзуга оид