Ўзбекистон | 08:57 / 26.10.2023
7538
2 дақиқада ўқилади

Тошкент метросида Handpay тизими ишга туширилиши мумкин

Тошкент метрополитени бекатларида йўлкирани қўлни сканерлаш орқали тўласа бўладиган тизим — Handpay ишга туширилиши мумкин. У Face ID тизими барча бекатларни қамраб олганидан сўнг йўлга қўйилиши айтилмоқда.

Фото: Gazeta.uz

Тошкент метрополитени бекатларида Handpay (қўлни сканердан ўтказиш орқали) тўлаш тизими ишга туширилиши мумкин. Бу ҳақда ATTO тўлов тизими вакили Gazeta.uz’га ICTExpo кўргазмасида маълум қилди.

Компания бош мутахассис Отабек Алимовнинг сўзларига кўра, мазкур янгилик Транспорт вазирлиги, UZINFOCOM компанияси билан ҳамкорликда яратилган.

«Биз бугун кўргазма доирасида Handpay тизимини намойиш этмоқдамиз. Бунда мижозлар сканерга қўлини кўрсатиши орқали тўловни амалга оширади. Бу хизматдан фойдаланиш учун иловамизга Facepay [йўлкирани одам юзи орқали тўласа бўладиган тизим] каби маълумотларни киритиш керак бўлади, у эса ҳозирги кунда Буюк ипак йўли метро бекатида синов тариқасида ишламоқда. Шу билан бир пайтда аҳолининг янги тизим борасидаги фикрлари ҳамда таклифлари ўрганилмоқда», — деди у.

Мутахассис унинг қачон йўлга қўйилиши борасида гапираркан, Facepay тизими барча метро бекатларини 100 фоиз қамраб олиб, одамлар ўрганиб олганидан сўнг бошланишини қайд этди. Ундан фойдаланиш ҳақида йўриқнома ишлаб чиқилади.

Сентябр ойида Буюк ипак йўли метро бекатининг иккала кириш қисмида Face ID қурилмасини синовдан ўтказиш бошланганди. Синов муваффақиятли ўтса, бошқа бекатларда ҳам бу тизим пайдо бўлиши айтилган. 

Мавзуга оид