Жаҳон | 15:30 / 20.11.2023
5265
4 дақиқада ўқилади

Финландия мигрантлар оқими туфайли Россия билан чегара пунктларини кучайтирмоқда

Финландия Яқин Шарқ давлатларидан бошпана изловчилар сони ортиб бораётгани билан курашмоқда. У Россияни мигрантларни олиб келганликда айблаяпти.

Фото: Vesa Moilanen/dpa/Lehtikuva/picture alliance

Финландия ҳукумати «Вартиус» назорат-ўтказиш пунктида Россиядан келаётган муҳожирлар билан боғлиқ вазият туфайли чегарачиларга ёрдам бериш учун қуролли кучларни юборди. Бу ҳақда 19 ноябр, якшанба куни чегара пости бошлиғи капитан Йоуко Киннунен Yle медиа-компаниясига маълум қилди. 

Чегара пунктида вақтинчалик ҳимоя чораси сифатида ҳарбийлар чегара ҳудудида тўсиқлар ўрнатишни бошлади. Бир кун аввал «Вартиус» назорат-ўтказиш пункти ходимлари маҳаллий вақт билан соат 18:00 да назорат-ўтказиш пункти тунги вақтда ёпилишидан олдин мигрантлар оқими кўпайгани ҳақида хабар берган эди. 

Чегара пункти ёпилганидан кейин яна 20 нафар бошпана изловчи назорат пунктига велосипедда етиб келган. Финландия чегарачиларига кўра, одамларни Финландияга олиб кетишга тўғри келган, чунки рус чегарачилари уларни қайтариб қабул қилмаган. Улар асосан Сомали фуқаролари бўлган.

Мигрантлар Финландия томон йўл олишга мажбур қилинган

Yle маълумотларига кўра, «Вартиус» чегара ўтиш жойида Финландияга келган баъзи бошпана изловчилар ўз хоҳишига қарши Россиядан «чегаранинг нариги томонига сурилган». Чегарани кесиб ўтганлар Россияни тарк этишдан бош тортган, бироқ чегарачилар уларни «Россия чегара постидан Финландия томон итариб юборган», кейин эса уларнинг ортидан дарвозани ёпган, шу сабабли Россия ҳудудига қайтиш имконсиз бўлиб қолган, деди «Вартиус» чегара пости бошлиғи Йоуко Киннунен. Унинг сўзларига кўра, мигрантлар 20 кишидан иборат кичик гуруҳларда олиб келинган.

Финландия Россия билан чегарадаги назорат-ўтказиш пунктларини ёпди 

Финландия 18 ноябрга ўтар кечаси Россия билан жануби-шарқий чегарасидаги тўртта чегара ўтказиш пунктини ёпди. Мамлакат расмийлари миграция инқирози сабабли «Иматра», «Ниирала», «Нуйямаа» ва «Ваалимаа» чегара пунктларини 18 февралга қадар ёпишга қарор қилди. 
 
Бундай қарорга учинчи давлатлардан Россия ҳудудидан Финландияга ноқонуний муҳожирлар оқимининг кескин ошгани сабаб бўлган. Ҳелсинки Россия томонини буни уюштирганликда айблаб, бу 2015 йилда ҳам содир бўлганига ишора қилди. Финландия президенти Саули Ниинистё бир кун олдин мамлакат «Россиядан бундай ҳаракатларга» тайёр эканини айтди. Россия Ташқи ишлар вазирлиги бу айбловларни рад этди.

Сўнгги кунларда Ироқ, Сурия, Яман ва бошқа Яқин Шарқ давлатларининг юзлаб фуқаролари Финландияга бориш учун Россия чегарасини кесиб ўтди, деб ёзади YLE News. Август ойидан бери бошпана учун ариза берувчилар сони ортиб бормоқда, бироқ уларнинг аксариятида Финландияга кириш учун керакли ҳужжатлар йўқ. Финляндия чегара қўриқлаш хизмати раҳбари ўринбосари Маркку Ҳассиненнинг айтишича, расмийлар буни «аниқ ташкил этилган» деб ҳисоблайди, чунки «у ўз-ўзидан пайдо бўлиши мумкин эмас». «Бу миллий хавфсизликка жиддий таҳдид бўлиб, шарқий чегара ҳудудидаги ҳукуматлар фаолиятига оғир юк бўлиб тушмоқда», деди Ҳассинен.

Мавзуга оид