ЕИ биринчи марта исроиллик кўчманчиларга қарши санкциялар киритди
Европа Иттифоқи Ғарбий Соҳилда фаластинликларга ҳужум қилган тўрт яҳудий кўчманчи ва икки аҳоли пунктига қарши санкциялар киритди. Жисмоний шахсларнинг Европа Иттифоқига кириши тақиқланади ва уларнинг активлари музлатилади.
Европа Иттифоқи Ғарбий Соҳилда фаластинликларга нисбатан зўравонлик учун тўрт «экстремист» исроиллик кўчманчи ва иккита турар-жой пунктига қарши санкциялар жорий қилди. Бу шахслар ва ташкилотлар «фаластинликларга қарши инсон ҳуқуқларининг жиддий бузилиши учун жавобгардир», деб эълон қилди ЕИ 19 апрел, жума куни.
Гап «қийноқлар ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муносабат», шунингдек, «Ғарбий Соҳилдаги фаластинликларнинг мулк, шахсий ва оилавий ҳаётига бўлган ҳуқуқларининг бузилиши» ҳақида бормоқда.
Фаластинликларга қилинган ҳужумлар учун «радикал» Lehava ва Hilltop Youth гуруҳлари, уларнинг асосчилари Меир Эттингер ва Элиша Еред, шунингдек, кўчманчилар Нериа Бен Пази ва Йинон Левига нисбатан санкциялар қўлланди. Уларнинг Европа Иттифоқига кириши тақиқланган ва активлари музлатиб қўйилади.
12 апрел куни ЕИ 7 октябр куни Исроилга ҳужум чоғида кенг тарқалган жинсий зўравонлик учун ҲАМАС гуруҳи қуролли бўлинмаларига қарши санкциялар киритди.
Фаластинликларга қарши ҳужумлар ортидан АҚШ санкциялари
Шу куни АҚШ Молия вазирлиги ҳам фаластинликлар билан тўқнашувлар фонида санкциялар киритди. Молия вазирлиги маълумотларига кўра, Вашингтоннинг санкциялар рўйхатига киритилган икки радикал исроиллик кўчманчига молиявий ёрдам кўрсатган иккита ташкилотга нисбатан жазо чоралари қўлланган. «Бундай ҳаракатлар Ғарбий Соҳилдаги тинчлик, хавфсизлик ва барқарорликка путур етказади», деди АҚШ молия вазири ўринбосари Уолли Адеемо.
Бундан ташқари, Исроил миллий хавфсизлик вазири Итамар Бен-Гвирнинг ишончли одами ҳисобланган Lehava гуруҳи раҳбари Бен-Цион Гопштейнга нисбатан жазо чоралари қўлланган. Чекловлар Қўшма Штатлардаги активларни блокировка қилишни, шунингдек, АҚШдаги жисмоний ва юридик шахсларнинг санкциялар реестрига алоқадор шахслар билан бизнес юритишини тақиқлашни назарда тутади.
Ғазо секторидаги уруш натижасида октябр ойидан бери Ғарбий Соҳилда ҳам зўравонликлар кучайган. Хусусан, апрел ойи ўрталарида у ерда 14 ёшли яҳудий чўпон Бинямин Ахимейр фаластинликлар томонидан шафқатсизларча ўлдирилди ва бу яҳудий кўчманчиларнинг ҳужумлари тўлқинини келтириб чиқарди.
Исроил-Фаластин можароси
7 октябр куни эрталаб ҲАМАСнинг ҳарбий қаноти - «Иззаддин ал-Қассам бригадалари» Исроилга қарши «Ал-Ақсо тўфони» операцияси бошланганини эълон қилди. Ғазо секторидан Исроил томон минглаб ракеталар отилди, қуролли гуруҳлар Исроил аҳоли пунктларига кирди.
ҲАМАСнинг билдиришича, операция босиб олинган Шарқий Қуддусдаги Ал-Ақсо масжидига бостириб кириш ва исроиллик муҳожирларнинг фаластинликларга нисбатан зўравонлиги кучайиб бораётганига жавобан амалга оширилган.
Бунга жавобан Исроил армияси Ғазо секторида ҲАМАСга қарши ўнлаб қирувчи самолётлардан фойдаланган ҳолда «Темир қиличлар» операцияси бошланганини эълон қилди.
Исроил-Фаластин можароси авж олгандан бери 33 мингдан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлди. Исроилда қурбонлар сони 1400 дан ошади. Ғазонинг 2,3 миллион аҳолиси Исроилнинг ҳаводан оммавий бомбардимон қилиши ва эксклавнинг тўлиқ блокадаси туфайли озиқ-овқат, сув ва дори-дармонлар танқислигидан азият чекмоқда.
Мавзуга оид
12:03 / 31.10.2024
АҚШ Ўзбекистонда рўйхатдан ўтган яна икки компанияга қарши санкция киритди
11:50 / 31.10.2024
Украина 2029 йилгача ЕИга аъзо бўлиши мумкин – еврокомиссар
11:10 / 31.10.2024
АҚШ Россия мудофаа вазирининг беш ўринбосарига қарши санкциялар киритди
13:30 / 26.10.2024