Ўзбекистон | 21:04 / 08.07.2024
8232
5 дақиқада ўқилади

8 июлнинг асосий янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар

Дўконда рейд ўтказган пойтахт ҳокими, экологик стикерлар жорий этиладиган муддат, Хатирчидаги фожиага элтган тафсилотлар ва 4 млндан ошган пенсионерлар — кун давомида Kun.uz’да ёритилган Ўзбекистон янгиликлари билан таништирамиз.

«Активист»лик қилган Тошкент ҳокими

Тошкент шаҳар ҳокими Шавкат Умрзоқов Юнусобод тумани Собиробод маҳалласида жойлашган дўконларидан бирида «рейд» ўтказди. У дўконда айниган мевалар сотилаётгани бўйича эътироз билдирган.

«Мана нима сотяпти, аҳволини қаранг, кўринг. Қани СЭС, солиқ, нима сотишяпти булар аҳолига? Қаерга қараяпсизлар? Эртага одамлар заҳарлансинми? [Ўриклар] моғорлаб ётибди. Олмалари ҳам шундай, тагига сувларигача тушиб кетган», – деган шаҳар ҳокими.

Қайд этилишича, маҳаллага ташриф давомида ечим талаб қиладиган бир нечта жиддий камчиликларга эътибор қаратилган. Жумладан, инфратузилмани ривожлантиришга ва аҳолининг хавфсиз ҳаракатланишига тўсқинлик қилаётган ноқонуний қурилмалар борлиги ҳам аниқланган.

«Маҳалла кўчалари чиқинди билан ифлосланиб, санитарияга зид шароитларни юзага келтирмоқда. Чиқиндиларни йиғиш жойлари етишмайди. Қурилиш чиқиндилари ўз вақтида олиб кетилмаётгани ҳудуднинг ташқи кўринишини ёмонлаштириб, ҳаракатланишга тўсқинлик қилмоқда.

Маҳаллада дарахтларнинг қуруқ шохлари кесилмаган, бу эса, айниқса, шамолли об-ҳавода шохларнинг одамларнинг устига тушиши ва жароҳат олиш хавфини келтириб чиқаради.

Ариқлар чиқиндига тўла бўлиб, дренаж тизимларини ифлослантиради ва ёғингарчилик мавсумида сув тўпланишига олиб келади. Бу сув тошқини ва санитария шароитининг ёмонлашишига олиб келиши мумкин», – дейилади ҳокимлик расмий хабарида.

Қайд этиб ўтиш лозим, Шавкат Умрзоқовнинг дўкондаги чиқиши ижтимоий тармоқда катта резонанс келтириб чиқарди. Шаҳарда жиддий ва йирик муаммолар турганида ҳоким кичик бир дўкондаги камчиликларга ўралашиб юргани қаттиқ танқид остига олинди.

Фожиа билан тугаган шошмашошарлик

Навоий вилояти Хатирчи туманида ёш қиз ўлимига сабаб бўлган ҳайдовчилардан бири 1 йилда 12 марта радарга тушгани маълум бўлди.

Ҳайдовчилар фожиа юз берган куни 140 km/hʼдан ортиқ тезликда пойга ўйнаб кетаётган бўлган. Оқибатда йўлнинг Хатирчи туман тиббиёт техникуми ёнидан ўтган қисмида тартибга солинмаган пиёдалар ўтиш жойидан йўлни кесиб ўтаётган 2016 йилда туғилган қизалоқни дастлаб Н.А. машинасида туртиб ўтган. Сўнгра Ф.А. ўз машинасида қизалоқни уриб-босиб ўтиб кетган.

Бунинг оқибатида вояга етмаган Ш.Ш. олган тан жароҳатлари туфайли ҳодиса жойида вафот этган.

Ҳолат юзасидан Н.А. ва Ф.А.га Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган ва уларга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланган.

Воқеа содир бўлган 4Р-48 йўли давлат аҳамиятига эга йўл бўлиб, ушбу йўлнинг 127-километрида тартибга солинмаган пиёдалар ўтиш жойида тегишли йўл белгилари ўрнатилган ва йўл ётиқ чизиқлари чизилган бўлган.

ЙТҲ содир бўлган пиёдалар ўтиш жойига эса 2024 йил 1-чорак якунига қадар ўрнатилиши керак бўлган тугмали светофор маблағ ажратилмаганлиги сабабли ўрнатилмай қолган.

Хатирчи туман йўллардан фойдаланиш давлат муассасаси директори номига Навоий вилояти ЙҲХБ томонидан жорий йилда 2 маротаба тугмали светофор ўрнатиш юзасидан тақдимномалар киритилган. Тақдимнома талаблари бажарилмаганлиги учун корхона раҳбарига маъмурий баённома расмийлаштирилган.

Экологик стикер қачон жорий этилади?

Ўзбекистонда «Экологик транспорт» тизимини жорий қилиш кечиктирилди. Вазирлар Маҳкамасининг 3 июл кунги қарори билан, тизим 2025 йилнинг 1 мартдан бошлаб йўлга қўйилади.

Ҳукумат қарори билан барча тоифадаги автомототранспортларни экостикерлаш муддати бир йилга узайтирилди. Аввалроқ бу тизим шу йил 1 июнда бошланиши белгиланганди.

«Экологик транспорт» тизими доирасида, барча тоифадаги автомототранспорт воситаларининг атмосфера ҳавосига зарарли таъсири бўйича нормативларга мослиги назорат қилинади.

Транспорт воситалари экологияга зарари даражасидан келиб чиқиб «қизил», «сариқ» ва «яшил» тоифаларга бўлинади, худди шундай, шаҳарлардаги ҳудудлар ҳам учта тоифага ажратилиб, атроф-муҳитга зарари юқори автомобилларнинг муайян зоналарга кириши чекланади.

Ўзбекистонда пенсионерлар сони 4 млндан ошди

2024 йилнинг 1 май ҳолатига Ўзбекистонда пенсия олувчилар сони 3 млн 998 минг 966 кишини ташкил қилган эди.

Пенсия жамғармасининг 2024 йил 1 июн ҳолатига Пенсия жамғармаси ҳисобида туриб пенсия олувчи фуқаролар сони 4 млн 8 минг 597 нафарга етган.

Жорий йилнинг январ-май ойларида 124 минг 184 нафар фуқарога янги пенсиялар тайинланган. Шундан 102 минг 610 нафар фуқарога ёшга доир, 14 минг 388 нафар фуқарога ногиронлик ҳамда 7 минг 186 та оилага боқувчисини йўқотганлик пенсияси тайинланган.

Энг кўп пенсионерлар истиқомат қилаётган ҳудудлар Фарғона, Самарқанд ва Андижон вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳридир.

Мавзуга оид