Ўзбекистон | 19:27 / 07.10.2016
7670
4 дақиқада ўқилади

7 октябрь – Бутунжаҳон Муносиб меҳнат куни

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан “Меҳнат соҳасининг истиқболдаги масалалари бўйича миллий мулоқот” мавзуида конференция ўтказилди. 
7 октябрь — Бутунжаҳон Муносиб меҳнат куни муносабати билан ташкил этилган тадбирда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Сенат аъзолари, вазирлик ва идоралар, ННТ, илмий муассасалар, касаба уюшмалари, Халқаро меҳнат ташкилоти, ЮНИСЕФ, БМТ Тараққиёт дастури, ЕХҲТ, шунингдек, хорижий мамлакатларнинг Ўзбекистонда аккредитациядан ўтган дипломатик ваколатхоналари вакиллари қатнашди.

Таъкидланганидек, Ўзбекистонда меҳнат муносабатларини, фуқароларнинг ижтимоий-меҳнат соҳасидаги қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш борасидаги ишларни янада такомиллаштириш бўйича тизимли чора-тадбирлар амалга оширилиб, салмоқли натижалар қўлга киритилмоқда. Бу йўналишлардаги ишлар ХМТ, Жаҳон банки, Европа иттифоқи Комиссияси томонидан ҳам юқори баҳолаб келинаётгани бунинг яққол тасдиғидир. 

Меҳнат қонунчилиги замон талаби асосида такомиллаштирилаётгани бу борада муҳим омил бўлаяпти. Биргина сўнгги йилларда Меҳнат кодексига ва “Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида”ги Қонунга аҳоли турли тоифалари учун меҳнат кафолатини кучайтиришга йўналтирилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Жорий йилда давлат ва жамоатчилик назоратини кучайтириш, касаба уюшмалари ваколатини кенгайтириш орқали халқаро меҳнат стандартларини имплементация қилиш, хавфсиз ва қулай меҳнат шароитлари яратиш, жароҳатланиш ва бахтсиз ҳодисалар олдини олишни назарда тутувчи янги таҳрирдаги “Меҳнат муҳофазаси тўғрисида”ги Қонун қабул қилинди. Шунингдек, ҳукуматимиз томонидан 2016 — 2018 йилларда қишлоқ хўжалигидаги ходимлар меҳнат шароитлари, бандлиги ва ижтимоий ҳимоясини такомиллаштириш масалалари бўйича тадбирлар режаси тасдиқланиб, изчиллик билан амалиётга татбиқ қилинмоқда.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма қарори билан иш ўринлари яратиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастури қабул қилинмоқда. Ушбу Дастур доирасида 2016 йилда 992 минг нафардан ортиқ кишини ишга жойлаштириш, жумладан, саноат, хизмат кўрсатиш ва сервис соҳаси, қурилиш, қишлоқ хўжалиги ва бошқа тармоқларни ривожлантириш ҳисобига 396 мингдан зиёд янги иш ўрни яратиш кўзда тутилган. Кичик корхоналар ва хусусий тадбиркорликни кенгайтириш, касаначиликни ташкил этиш, фермер ва деҳқон хўжаликларини ривожлантириш орқали 596 минг киши бандлигини таъминлаш режалаштирилган. 

Эътиборлиси, ҳозирги пайтда бу йўналишда самарали иш олиб борилмоқда. Маҳаллий ҳокимлик органлари билан ҳамкорликда ногиронлар ва кўп болали оналар ҳамда бошқа шахсларни ишга жойлаштириш учун 100 мингдан ортиқ иш ўринлари резерв қилинган бўлса, коллежларнинг 480 мингдан зиёд битирувчиси бандлиги таъминланди. 

Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, касаначилик ҳамда томорқа хўжалигида маҳсулотларни етиштириш, шахсий ёрдамчи хўжаликларда чорвачиликни ривожлантириш орқали аҳоли бандлигини таъминлаш, ушбу соҳаларда банд бўлганлар ижтимоий ҳимоясини таъминлаш ҳам доимий эътиборда бўлиб келмоқда.
Шунингдек, тадбирда таълим муассасалари ва корхоналар ўртасида ўзаро алоқаларни мустаҳкамлаш, меҳнат бозорининг муҳим институтлари, яъни меҳнат инспекциялари, касаба уюшмалари ва иш берувчилар салоҳияти ва имкониятини янада ривожлантириш, ўқув ва илмий муассасаларни қўллаб-қувватлаш, меҳнат ва халқаро меҳнат ҳуқуқи бўйича янги авлод дарсликларини тайёрлаш ҳамда иш берувчиларнинг ижтимоий масъулиятини ошириш масалалари муҳокама қилинди.  
Худди шу мавзудаги конференциялар республикамизнинг барча ҳудудларида бўлиб ўтди.

 

Мавзуга оид