Жаҳон | 21:14 / 29.04.2017
9628
2 дақиқада ўқилади

Туркия "Википедия"нинг тўсилиши сабабини маълум қилди

ФОТО MACDIGGER.RU

Аввалроқ Туркияда дунёдаги энг йирик интернет-энциклопедия "Википедия"га кириш тақиқлаб қўйилгани маълум қилинганди. 

Туркия ҳукуматининг тушунтиришича, энциклопедия мамлакатнинг халқаро саҳнадаги нуфузига путур етказмоқда. Бу ҳақда Туркия транспорт ва алоқа вазирлигига иқтибос келтирган ҳолда Anadolu ахборот агентлиги хабар бермоқда. 

Маълум қилинишича, Туркия бир неча маротаба "Википедия" раҳбариятидан "Анқаранинг террорчилик ташкилотлари билан алоқалари борлиги ҳақида ёлғон ва асоссиз маълумотларни" жойлаштиришни бас қилишни ва тегишли контентни ўчириб ташлашни сўраган. Бироқ интернет-энциклопедия буни қилишдан бош тортган.

Вазирликда маълум қилинишича, шу муносабат билан "террорчиликка қарши курашда ўз улушини қўшиш ўрнига Туркиянинг халқаро саҳнадаги номини бадном қилиш кампаниясининг бир қисмига айланган" "Википедия"га киришни тўсишга қарор қилинган.

Вазирликда таъкидланишича, агар бир қатор материаллар ўчириб ташланса, тўсиқ олиб ташланиши мумкин.

Туркияда 16 апрелда ўтган конституциявий референдумдан кейин "Википедия" фойдаланувчиларидан бири Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған ҳақидаги инглиз тилидаги мақолани таҳрир қилиб, уни "диктатор" деб атаган. Кейинроқ ушбу ўзгартириш  ўчирилган ҳамда рўйхатдан ўтмаган фойдаланувчиларга мақолани таҳрир қилиш имконияти бекор қилинган.

Мавзуга оид