ЎФА «Навбаҳор» ва «Бунёдкор» жазоланиши бўйича баёнот берди - Савол жавобсиз қолди
21 февраль куни Ўзбекистон футбол Ассоциацияси Ижро қўмитаси Бюроси қарори асосида «Навбаҳор-Лочинлари» ва «Бунёдкор» клубларининг ҳар бири 500 миллион сўм миқдорида жаримага тортилди.
ЎФА сайти хабарига кўра, бу клублар футболдан бир йилга четлатилган Ойбек Қиличев ва умрбод четлатилган Дилшод Аҳмадалиевни ўртоқлик ўйинларида майдонга туширган.
Бугун, 22 февраль куни ЎФА бу қарор юзасидан баёнот берди.
«Ўзбекистон футбол Ассоциацияси Ижро қўмитаси Бюросининг 2018 йил 21 февралдаги 6-сонли Қарори амалдаги Ўзбекистон футбол Ассоциацияси Низомининг 14-моддаси ҳамда Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси Регламентининг 3.2 банди, Интизом кодексининг 5.22-бандига биноан қабул қилинган.
Регламентнинг 3-моддасида футбол клубларига алоҳида талаблар белгиланган бўлиб, унинг 3.2-бандида футболга оид ҳар қандай масалаларда ЎФА ва ЎзПФЛ қарорларига бўйсуниши алоҳида белгилаб қўйилган. Шунингдек, ЎФА Интизом кодексининг 5.22 бандида талабларни бажармаслик учун интизомий чора сифатида жарима қўлланилиши белгиланган. Қўлланиладиган жарима миқдори эса 500 миллион сўмгача кўрсатилган.
Низомнинг 14-моддасида Ассоциацияси аъзолари унинг қарорларига тўла мувофиқликда ҳаракатланиши белгиланган. Мажбуриятларнинг ҳар қандай аъзолар томонидан бузилиши эса санкциялар қўлланишига олиб келиши мумкин.
Тан олиш лозим, белгиланган жарима миқдори катта, ҳар қандай клуб ғазнасига таъсир этади. Аммо бугунги кун талабидан келиб чиқиладиган бўлса, масъулиятсизликка, эътиборсизликка, ишга кўр-кўрона ёндошишга йўл қўйиб бўлмаслигини ҳар биримиз ҳис қилишимиз керак. Қабул қилинаётган расмий ҳужжатлар ҳаётга тадбиқ қилинсагина, виждонан бажарилсагина унум бўлади. Ваҳоланки, «Навбаҳор» клуби ҳам, «Бунёдкор» клуби ҳам ўзи бўйсинувчи ташкилотнинг ҳужжатларига панжа ортидан қарадилар, «ким кўрибди, ким билибди» қабилида иш тутдилар. Қўлланилган жазо эса бошқаларга ўрнак мисолида, ҳушёрликни ошириш, масъулиятни ҳис қилиш сифатида қабул қилиниши инобатга олинган.
Ўзбекистон футбол Ассоциацияси мамлакатимизда футболни мувофиқлаштириш бўйича юқори ташкилот ҳисобланади. Шундай экан унга бўйсунувчи аъзолар, шу жумладан, футбол клублари унинг қарорларини сўзсиз бажариши ва ҳурмат қилиши лозим» - дейилади баёнотда.
Аввалроқ, Tribuna.uz бу воқеа юзасидан «ЎФА регламентга тупурганми? Ташкилотнинг навбатдаги асоссиз қарори» мавзусида мақола эълон қилган эди.
Тахминимизга кўра, ЎФА айнан шу мақолага муносабат сифатида бу баёнотни берган. Аммо, унда берилган бир саволга жавоб очиқлигича қолган: четлатилган футболчи жамоа йиғинларида, машғулотларга тенг ўйинларда қатнашгани учун, клуб жазолансин, деб регламентнинг қайси жойида белгилаб қўйилган? Буниси номаълумлигича қолган.
Мавзуга оид
21:04 / 29.11.2024
Ўзбекистоннинг 2024 йилдаги энг яхши футболчиси номи учун даъвогарлар эълон қилинди
19:04 / 16.03.2024
UZCARD ЎФА ва ПФЛ расмий ҳамкорига айланди
14:59 / 19.02.2024
ЎФА ҳисобчиси 350 минг долларни ўзлаштириб, қочиб кетгани ҳақида хабарлар тарқалди
17:17 / 26.12.2023