Спорт | 17:40 / 25.06.2018
18123
3 дақиқада ўқилади

Раҳбарият томонидан «ўзбек футболига керакмас»га чиқарилган Абрамов қайтарилди

Фото: KUN.UZ

Ўзбекистон терма жамоасининг собиқ бош мураббийи, «Трактор», «Локомотив» ва «Нефтчи» каби жамоаларда ишлаган тажрибали мутахассис Вадим Абрамов ЎФА томонидан кечирилди ва энди у профессионал фаолиятини давом эттириши мумкин.

«Вадим Абрамов бу борада Ўзбекистон футбол ассоциациясига мурожаат билан чиққанди. Ташкилот Ижроқўми унинг аризасини ўрганиб чиқди ҳамда Вадим Абрамовга мураббийлик фаолиятини давом эттириш учун рухсат берди.

Мазкур мутахассис мамлакат футболи учун салмоқли меҳнат қилган. У эришган натижалар ҳурматга лойиқ. Шу билан биргаликда Вадим Абрамов ҳам футболчилар, мураббийлар ва мутахассисларни ҳурмат қилиши лозим.

Мураббийлар, клублар раҳбарлари битта жиҳатни тўғри тушуниб олиши керак. Бундан буён футбол бедарвоза бўлмайди. Ҳар бир иш, ҳар бир ҳатти-ҳаракатнинг жавоби бўлмоғи лозим. Ҳозирда ҳам буни англаб етмаётган ва ўз холича иш олиб бораётган кишилар орамизда бўлиши мумкин. Кимдир футболга гард юқтирмоқчи бўлса, унга орамизда жой йўқ. Ўз ишини билиб, профессионал тарзда адо этиш истагида бўлган, ўз устида ишлашдан тўхтамайдиган кадрлар учун эса барча эшиклар очиқ.

ЎФА Вадим Абрамовнинг келгуси фаолиятига омад тилайди», дейилган ЎФА матбуот хизмати хабарида.

Эслатиб ўтамиз, Абрамов 2017 йил декабрида ЎФА томонидан номаълум муддатга футболдан четлатилганди. У белгиланган талабларни сўзсиз ижро этмагани, ОАВда ЎФА ҳамда ПФЛ қарорлари нотўғри талқин қилгани учун жазоланганди.

Кейинроқ ЎФА собиқ президенти Умид Аҳмаджонов Вадим Абрамов каби «эскича фикрлайдиган»лар ўзбек футболига керак эмаслигини айтди.

«Вадим Абрамовнинг эскича фикрлаши замонавий футболдан ортда қолиб кетган. Ўйлашимча, ўзбек футболига унинг каби инсонлар керак эмас. Унинг жамоаси 15-ўринни қўлга киритиб, Про-Лигага тушиб кетгани учун ҳам 16 жамоалик форматни қўллаб-қувватлаяпти. Чунки қуйи лигада ишлашни хоҳламаяпти. Нега энди вақтлироқ уйғонмади? Агар ишининг устаси бўлса, жамоасини қайта Супер Лигага олиб чиқишга уриниб кўрмайдими? Ишлашни истамайсанми, ёшларга йўлни бўшат! У билан келишаверсак, олдинга қадам ташлолмаймиз», деганди Аҳмаджонов «Газета.uz» нашри билан суҳбатда.

Мавзуга оид