Спорт | 20:50 / 29.11.2018
8293
2 дақиқада ўқилади

Санчес Моуриньодан дарғазаб, у «МЮ»дан кетишга қарор қилди

«Манчестер Юнайтед» ҳужумчиси Алексис Санчес «ПСЖ»га ўтиб кетмоқчи. У соғлиғи билан ҳеч қандай муаммо бўлмагани ҳолда «Янг Бойз»га қарши ЕЧЛ ўйини қайдномасига ҳам киритилмаганидан дарғазаб бўлган.

Mirror`нинг ёзишича, мураббийнинг бу қароридан сўнг Санчес жамоадошларидан бирига жамоани тарк этиб, Парижга кетмоқчи эканини айтган.

Моуриньо «Янг Бойз» билан ўйиндан кейин Алексиснинг йўқлиги ҳақидаги саволга мужмалроқ жавоб берган эди:

«Йўқ, Санчес жароҳат олмаган. Аммо шуниси қизиқки, сизлар доим ўйнамаётган футболчи ҳақида савол берасизлар. Рэшфорд ўйнади, шуни истагандингиз-ку. Доим бу ҳақда сўрардинглар ва мана шундай ҳам бўлди.

Лукаку ҳақида ҳам гапирманглар, у март ойидан бери «Олд Траффорд»да гол ургани йўқ. Кейин бўлса нега ўйнамаяпти, деб савол берасизлар.

Мураккаб саволлар билан мени қийин вазиятга қўясизлар, лекин хушмуомалалик билан: «Жозе, бугун Маркус Рэшфордни асосий ҳужумчи сифатида ўйнатдингиз», дейишингиз ҳам мумкин эди. Сиз эса номдор ўйинчилар четда қолганидан гапиряпсиз. Ҳа, мен донгдор ўйинчиларни таркибга киритмадим. Лекин бошқа футболчиларни ўйнатдим-ку. Мен учун яхши жиҳати шу бўлдики, майдондаги ҳамма: 90 дақиқа ўйнаганлар ҳам, Мата каби 15 дақиқа тўп сурганлар ҳам астойдил ҳаракат қилишди. Уларнинг ўйинга муносабатидан хурсанд бўлдим».

Эслатиб ўтамиз, манкунианликлар бу ўйинда Марвон Феллайнининг 90+1-дақиқадаги голи эвазига ғалаба қозонишди.

Мавзуга оид