Ўзбекистон | 09:06 / 07.11.2020
37472
3 дақиқада ўқилади

Истеъмолчилар учун янги йиғим турлари жорий этилиши мумкин

Автомобил ёнилғисининг ҳар бир литри учун 25 сўмдан йиғим ва автотранспорт воситасига эгалик қилиш учун йиллик йиғим жорий этилиши мумкин.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига Молия вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган “Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари молия бош бошқармалари ҳузуридаги Автомобил йўлларини ривожлантириш мақсадли жамғармалари фаолиятига доир норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида” ҳукумат қарори лойиҳаси муҳокама учун жойлаштирилди.

Ушбу қарор лойиҳасига кўра, автомобилга ёнилғи ва газ қуйиш станциялари томонидан:

  • автомобил бензини;
  • дизел ёқилғиси;
  • суюлтирилган ва сиқилган газни охирги истеъмолчиларга сотишда улардан ёқилғи бирлиги (литр, м3) учун 25 сўмдан ортиқ бўлмаган миқдорда минтақавий йўлларни ривожлантиришга махсус йиғим ундирилиши белгиланмоқда.

Автомобилга ёнилғи ва газ қуйиш станциялари томонидан ундириладиган махсус йиғим Қорақалпоғистон Республикаси Молия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар молия бош бошқармалари ҳузуридаги автомобиль йўлларини ривожлантириш ҳудудий мақсадли жамғармаларига ўтказиб берилади.

Эслатиб ўтиш жоиз, Ўзбекистонда транспорт воситасига бензин, дизел ёқилғиси ва газ ишлатганлик учун олинадиган солиқ 2019 йил 1 январгача ҳам мавжуд бўлган. 2019 йил 1 январдан ушбу солиқ ўрнига охирги истеъмолчига бензин, дизел ёқилғиси ва газни реализация қилаётганда ундириладиган акциз солиғи жорий этилган эди ва мазкур солиқ янги таҳрирдаги Солиқ кодексининг 283-моддасида ҳам келтирилган.

Агар лойиҳа қабул қилинадиган бўлса, автомобил бензини, дизел ёқилғиси, суюлтирилган ва сиқилган газнинг охирги истеъмолчилари ушбу маҳсулотлар истеъмоли учун ҳам акциз солиғи, ҳам мажбурий махсус йиғим тўлашига тўғри келади.

Шунингдек, лойиҳада келтирилган яна бир низомда, транспорт воситаси двигателининг қувватидан келиб чиқиб, автотранспорт воситасига эгалик қилиш учун маҳаллий бюджетларга тўланадиган йиллик йиғим жорий этилиши назарда тутилган.

Низом лойиҳасида қуйидагилар ушбу йиллик йиғимдан озод этилиши белгиланган:

  • давлат бюджетидан молиялаштириладиган бюджет ташкилотлари ва бюджетдан маблағ олувчилар;
  • темир йўл, денгиз, дарё ва ҳаво транспорти;
  • ногиронлар учун махсус жиҳозланган автотранспорт воситалари.

Мавзуга оид