Жамият | 16:58 / 21.04.2021
9992
3 дақиқада ўқилади

Кўп қаватли уйларнинг ертўлаларидан фойдаланиш тартиби маълум қилинди

Кўп қаватли уйларнинг ертўлаларидан фойдаланиш шу ерда яшовчи мулкдорларнинг розилиги билан амалга оширилади. Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда Кўп хонадонли уй-жой фондидан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси бошлиғи Абдуназар Эрдонов хабар берди.

Инспекция бошлиғининг сўзларига кўра, кўп квартирали уйларнинг ертўлаларини ижарага олувчилар тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш ва унга носаноат хусусиятига эга бўлган корхоналар, муассасалар ва ташкилотларни жойлаштириш учун фойдаланиш ҳуқуқига эга.

«Ертўлаларни ижарага олувчилардан 4та асосий қонуний талабларга риоя этиш талаб қилинади.

Кўп квартирали уйдаги ертўлалар шу жой мулкдорларининг умумий мулки ҳисобланади. Шунинг учун бу жараёнда мулкдорларнинг бир овоздан қабул қилинган умумий йиғилиш қарори ёки жой мулкдорларининг келишуви талаб этилади.

Фойдаланиладиган ертўлаларда алоҳида кириладиган эшик, табиий ёритиш ва вентиляция мосламалари, ёнғинга қарши ҳамда қурилиш нормалари талабларига мувофиқ жойнинг девори, шифти, поли қопланган ва пардозланган бўлиши керак.

Ертўлаларини ижарага олувчи ўзига тегишли бўлган ертўла қисмини зарур жорий таъмирлашни ўз ҳисобидан амалга оширади ва коммунал хизматлар бўйича харажатларни белгиланган тартибда ва муддатда тўлаши лозим.

Фойдаланувчи ертўладаги санитария-техника асбоб-ускуналари ва бошқа ускуналарга (сув қувури, канализация, марказий иситиш, иссиқ сув таъминоти, газ асбоб-ускуналари ва бошқаларга) эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлиши;

электр ва иссиқлик энергиясини, сув, газни тежаб сарфлаши, уларнинг бекор оқиши ва беҳуда сарфланишига йўл қўймаслиги, электр, газ ҳисоблагичлар ўрнатиши;

ёнғин хавфсизлигига, ертўладан техник фойдаланиш қоидаларига риоя қилиши;

авария ҳолатларида аварияларни бартараф этиш учун тегишли авария-таъмирлаш хизматлари вакилларини киришини таъминлаши лозим», деди Абдуназар Эрдонов.

Шунингдек, ертўлаларни бошқа мақсадда қайта жиҳозлаш, ўзгартириш ёки реконструкция қилиш бинонинг конструктив схемасини бузмаслиги, бинонинг олд кўриниши ва ташқи қиёфасини, муҳандислик коммуникацияларини зарар келтирмаган ҳолда амалга оширилиши керак.

Мавзуга оид