Жамият | 15:02 / 05.06.2022
72872
5 дақиқада ўқилади

Ҳаж сафари нархи ошганига изоҳ берилди

Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳаж сафари атрофидаги гап-сўзларга муносабат билдириб, бу нарх қандай харажатларни ўз ичига олиши ҳақида маълумот берди.

«Ҳаж-2022» мавсуми учун 1 нафар зиёратчига тўлов миқдори 62 миллион 900 минг сўм этиб белгиланди. Мусулмонлар идораси ушбу тўловга нималар кириши ҳақида маълумот берди.

Қайд этилишича, Саудия ҳукумати томонидан ҳаж сафари нархига таъсир қилувчи қўшимча солиқ ва мажбурий тўловлар жорий қилинган. Шунингдек, коммунал, транспорт, электр-энергия ва бошқа хизматлар учун тўловлар миқдори бир неча баравар (30–40 фоиз) ошган.

Қолаверса, Ҳаж амалларини ташкил этувчи муассасаларнинг хизматларига 2022 йилда янги мажбурий тўловлар жорий этилган.  Шу боис дунё мамлакатлари учун ҳаж хизматлари нархи ўртача 40-45 фоизга кўтарилган.

Ўзбекистон томони Саудия билан музокаралар олиб борган. Натижада зиёратчилар учун иқтисодий пакет нархига люкс даражасидаги хизмат кўрсатишга эришган ва тўлов учун ўрта нархни белгилаган.

Қайд этилишича, айрим давлатларда энг қиммат пакетлар нархи 25 минг АҚШ долларигача этиб белгиланган.

Бундан ташқари, ўзбекистонликлар жорий мавсумда илк марта Мадина шаҳрида «Масжиди Набавий»дан 100 метр узоқликда жойлашган 5 юлдузли «Zam-Zam Pullman» ва «Crown Plaza» меҳмонхоналарида яшайди. Макка шаҳрида эса «Аброж ал-Ҳидоя» меҳмонхонасига жойлашади.

«Юртимиз зиёратчиларининг сафар давомийлиги ҳам айрим қўшни давлатлар зиёратчилари сингари 14, 17, 20 кун эмас, балки 26 кунни ташкил этади. Бу ҳам, табиий равишда, нархларга ўз таъсирини кўрсатади», – дейилади Мусулмонлар идораси хабарида.

Жорий ҳаж мавсумида Саудия ҳукумати қарорига асосан, барча тўловлар ширкатлар орқали эмас, балки Саудия Арабистони Ҳаж ва умра вазирлигининг «Ҳаж электрон портали» орқали белгиланган тартибда амалга оширилгани, ушбу порталда ҳар бир давлат учун алоҳида ҳисоб рақами мавжуд бўлиб, барча хизматлар: меҳмонхона, транспорт, машоир ва ҳоказолар учун шу ернинг ўзида инсон омилисиз шаффоф ҳолда амалга оширилиши айтилган.

Жорий мавсумда машоир (Мино, Арафот, Муздалифа) хизматлари ҳам сезиларли даражада кўтарилган. Шундай бўлса-да, иқтисодий пакет олинган ва олдинлари тақдим этилмаган хизматлар кўрсатишга эришилган.

Жумладан, авваллари зиёратчилар Мино водийсида гиламда ётган бўлсалар, бу йил ҳар бир ҳожи учун махсус ёйма тўшаклар (матраслар) ажратилади. Шунингдек, бошқа давлатларда 3 маҳал иссиқ овқат берилмаса-да, юртимиз зиёратчилари учун Мино ва Арафотда ҳам 3 маҳал иссиқ овқатлар тортиқ этилади. Қолаверса, 24 соат давомида бепул тиббий хизмат кўрсатилади.

Ҳаж учун тўланган маблағ ичига қуйидагилар киради:

  • Ҳаж визаси;
  • Авиабилет;
  • Шаҳарлараро (Мадина-Макка-Жидда) транспорт хизмати;
  • Мадина шаҳрида «Zam-Zam Pullman» ва «Crown Plaza» меҳмонхонаси;
  • Мадина шаҳрида Уҳуд тоғи, Қубо ва икки қиблали масжидларга зиёрат;
  • Макка шаҳрида «Аброж ал-Ҳидоя» меҳмонхонаси;
  • Мино, Арофат ва Муздалифа водийларидаги барча хизматлар;
  • 24 соат тиббий хизмат;
  • Ҳожиларнинг тиббий суғуртаси;
  • 24 соат транспорт хизмати;
  • 3 маҳал исиқ овқат: нонушта, тушлик ва кечки овқат;
  • Ҳаж қўлланмаси;
  • Давлат рамзлари туширилган нимча ва сумка;
  • «Замзам» суви (5 литр);
  • Республиканинг 7 та ҳудудидан кузатиш ва кутиб олиш;
  • Мадинаи мунавварага тўғридан тўғри авиарейс;
  • Қурбонлик.

«Юқоридагилардан ҳам англаган бўлсангиз, бу йил зиёратчиларимизга юқори даражада хизмат кўрсатиш режалаштирилган. Бунинг учун барча куч ва имконият сафарбар этилган.

Мақсад аниқ – юртдошларимизнинг ҳаж амалларини ишончли ва хавфсиз ташкил этиш ҳамда ибодатлари мукаммал бўлишини таъминлаш!» – дейилади хабарда.

Мавзуга оид