Ўзбекистон | 16:02 / 20.06.2022
12184
6 дақиқада ўқилади

Илҳом Собиров – оддий дастурчидан халқаро сервисни ривожлантириш менежеригача

Халқаро IT компаниясида ишлаш кўпчиликнинг орзусидир. Аммо махсус ихтисослаштирилган таълимсиз буни амалга ошириш мумкинми? Бунинг учун махсус курсларга бориш ва дастурчи бўлиш шартми?

Фото: Илҳом Собиров

Яндекс Директ 2001 йилда рус тилидаги Интернет сегментида биринчи қидирув реклама хизмати бўлди. Энди бу кўплаб IT ва маркетинг мутахассислари ишга киришни орзу қиладиган компаниялардан бири. Ўзбекистонда Илҳом Собиров сервис ривожига масъул бўлиб, унинг карьераси IT-индустриясига йўл қанчалик нотекис ва айни пайтда қизиқарли бўлиши мумкинлигини яққол кўрсатади. Асосийси, ўзингизга ёққанини топиш. Биз Илҳомга унинг касбий тажрибасига оид саволлар билан мурожаат қилдик ва тажрибасиз мутахассисларга маслаҳат ва тавсиялар беришини сўрадик.

Илҳом ўзи ҳақида:

“Тошкент темирйўл муҳандислари институтини тамомлаганман. Яндексга келишдан олдин мен IT соҳасида бой тажрибага эга бўлдим: дастурлаш билан шуғулланганман, кейин ўзимни лойиҳа ва маҳсулот менежери сифатида синаб кўрдим. Кейинчалик хорижий мижозлар учун веб-хизматларни ривожлантириш бўйича ўз агентлигимни очиб, СЕО рекламаси ва контекстли реклама билан шуғулланганман. Ўша пайтдаги йирик маҳаллий лойиҳалар Arba ҳамда Bringo озиқ-овқат ва тайёр овқатларни етказиб бериш бўйича таниқли онлайн-дўконлар ишларди. Кейинчалик ўзим маиший техника ва гаджетлар сотувчи йирик интернет-дўконни бошқариб, 2021 йилда Яндексда ишга таклиф олганман”. 

Илҳом, IT'га қизиқишингиз қандай пайдо бўлган?

Тоғам менга компьютер совға қилганида мактабда ўқиш даврида технологияларга қизиқиб қолдим. Эсимда, унинг ишлаб чиқарувчанлиги 200 Mhz, оператив хотираси эса 32 Мб эди. Мактабдан сўнг Тошкент ахборот технологиялари университети қошидаги лицейга ўқишга кирдим, ўшанда веб-сайтлар яратишни ўрганганман. Кейинчалик, дастурлашни Олег Нечипоренкодан ўргандим – унинг Яндексга ишга келишига ҳали 10 йил бор эди, энди эса у хизматлардан бирида гуруҳ раҳбари.

Нега оқибатда веб-ишлаб чиқаришдан кетиб, IT саноатининг бизнес таркибига диққат қаратдингиз?

Дастлаб мен веб-сайтлар яратардим, лекин бу билан узоқ вақт шуғулланмадим. Трафик устида ишлай бошладим, қидирув тизимини оптималлаштириш, контекстли реклама, рақамли маркетинг сирларини ўргандим. Европа ва АҚШдан биринчи тижорат буюртмаларини олдим. Кейин фаолиятимни кенгайтиришга ёрдам берадиган бошқа кўникмаларга эга бўлишни бошладим – масалан, продакт-менежмент, режалаштириш, маҳсулотларни ишлаб чиқиш ва маркетинг. Натижада, бу ташкилий ва кўп қиррали рол шахсан менга шунчаки код ёзишдан кўра яқинроқ бўлиб чиқди.

Яндексда ишлашни илгари хоҳлаганмисиз?

2017 йилда биз, ўзбекистонлик IT-мутахассислар жамоаси Европа компаниялари учун веб-хизматларни ишлаб чиқдик ва уларни интернетда тарғиб қилдик, мен Яндекс билан расман 2017 йилда дўстлашдим. Биз Яндекс билан ҳамкорлик асосида ишладик, кейин мен бўлажак ҳамкасбларим билан танишдим. Йирик халқаро IT компаниясида ишлаш менинг орзум бўлган. Бўлажак ҳамкасбларим билан учрашганимдан сўнг, Яндексда ишлашга қизиқиб қолдим. Бир неча марта резюмемни юбордим, лекин фақат 2021 йилда ишга таклиф олдим: қидирув ва реклама технологияларини ривожлантириш бўйича бизнес-гуруҳга Ўзбекистонда менежер керак эди.

Бизнесни ривожлантириш бўйича ишингиз нимадан иборат? Олдингизга қандай масалалар қўйилган?

Мен ишлаётган маркетинг ва реклама воситалари бизнес вакиллари ва истеъмолчиларга бир-бирларини қандай топиш мумкинлигига қаратилган. Мен кўпинча маҳаллий компанияларга Яндекс технологиялари ва хизматларидан фойдаланган ҳолда янги мижозларни жалб қилиш муаммосини ҳал қилишда ёрдам бериб, “ягона дарча” сифатида ишлайман.

Ишингиздаги ижобий томонларини санаб ўтинг?

Мен Яндексда ўз ишига чин дилдан иштиёқли иқтидорли одамлар билан ишлаганимдан мамнунман. Уларнинг кўплари менга ёрдам беришади ва ўз тажрибалари билан ўртоқлашади, бошқалари ўз устимда ишлашга шароит яратади. Бундан ташқари, компания менга тақдим этаётган имкониятларни жуда қадрлайман: бепул таълим курслари, махсус дастурлар ва ходимлар учун молиявий имтиёзлар, хизмат сафарлари, турли офисларда ишлаш имконияти. Мен иш ва шахсий ҳаёт мувозанатини ушлаб қолишга ҳам муваффақ бўламан.

Яндексгача бўлган тажрибангиз ва жорий вазифаларингиз ўртасида тафовут мавжудми?

Ҳа деса ҳам бўлади, йўқ ҳам. Ҳеч қандай тафовут йўқ – чунки ҳар қандай бизнеснинг асоси одамлардир. Ва мен ҳар доим одамларга кундалик муаммоларни ҳал қилишга ёрдам берадиган хизматлар устида ишлаганман. Ва бунда тафовут бор, чунки Яндексга келишдан олдин мен асосан фойдаланувчилар билан бевосита ишлаганман ва ҳозир эса В2В сегментидаги бошқа корхоналар учун хизматни ишлаб чиқяпман.

Сиз фаолият юритаётган соҳада ишламоқчи бўлган бошланиш босқичида турган мутахассисларга қандай тавсиялар берган бўлардингиз?

Ота-онам ҳамиша менга ишониб, ўзим ёқтирган иш билан шуғулланишимга имкон беришган. Улар компьютерларни йиғиш ва таъмирлаш, 3D моделлаштириш ва дастурлаш бўйича курслар учун пул тўлашган. Лицейни тугатганимдан сўнг, икки йил давомида университетга кира олмадим ва бошқалардан кўпинча "компьютерда ўтириб, тушунарсиз ишлар билан машғулсан, ундан кўра оддий иш топсанг яхши бўларди" деган гапни кўп эшитардим. Лекин ота-онамдан буни ҳеч қачон эшитмаганман, улар қизиқишимга сабр билан муносабатда бўлишарди. Шундай экан, ота-онамнинг умидларини оқлаш асосий мақсадим эди. Мен учун улар берган барча имкониятлардан унумли фойдаланиш ва вақтни беҳуда сарф қилмаслик муҳим эди. Ўша-ўша гап: ўрганиш, ривожланиш ва ўзингиз ёқтирган машғулот билан шуғулланиш керак, таклифлар эса ўз-ўзидан келади.

 

 

Мавзуга оид