Жаҳон | 08:41 / 17.09.2022
12239
4 дақиқада ўқилади

ЕИ Изюмдаги қабрлар ҳақида: Россия уруши қонли из қолдиряпти

Европа иттифоқи, АҚШ, шунингдек, инсон ҳуқуқлари ташкилотлари Изюм яқинида тинч аҳолининг оммавий ўлимига сабабчи бўлганларни жавобгарликка тортишга чақирмоқда.

Фото: Reuters

Европа иттифоқи, АҚШ, шунингдек, халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари Россия Қуролли кучлари босиб олганидан сўнг Украина армияси томонидан озод қилинган Харкив областининг Изюм шаҳрида оммавий қабрлар, жумладан, тинч аҳоли вакиллари жасадлари топилгани ҳақидаги хабарларга муносабат билдирди. «Биз бу ваҳшийликларни кескин қоралаймиз», деди 16 сентябр, жума куни Брюсселда Европа иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Жозеп Боррел.

Россиянинг агрессив уруши Украина ҳудудида «қонли ва ҳалокатли из қолдиряпти», деди Европа дипломатияси раҳбари. «Минглаб тинч аҳоли ўлдирилди, кўплари қийноққа солинмоқда, қувғин қилинмоқда, жинсий зўравонликка учрамоқда, ўғирлаб кетилмоқда ёки мажбуран кўчирилмоқда. Халқаро гуманитар ҳуқуқ ва Женева конвенцияларига мутлақо эътибор бермаган Россия кучларининг бу ғайриинсоний хатти-ҳаракати зудлик билан тўхтатилиши керак», - деди ЕИ олий вакили. 

Россиянинг сиёсий раҳбарияти ва Украинадаги қонунбузарликлар учун барча айбдорлар жавобгарликка тортилади, дея маълум қилди Боррел. Европа иттифоқи ушбу мақсадга эришишга қаратилган барча саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлайди, дея қўшимча қилди у. 

АҚШ маъмурияти Изюм яқинида юзлаб янги номаълум қабрлар топилганини «даҳшатли» деб атади. «Бу, афсуски, Россия кучларининг Украина ва украин халқига қарши қандай шафқатсизлик билан уруш олиб бораётганига мос келади», деди Оқ уй ҳузуридаги Миллий хавфсизлик кенгашининг стратегик алоқалар бўйича координатори Жон Кирби. 

Amnesty International (AI)’нинг Шарқий Европа ва Марказий Осиё бўйича директори Мари Стразерс ўз навбатида «март ойида AI Россиянинг кенг Украинага кенг кўламли босқини тўртинчи кунидан бери рус қўшинларининг шафқатсиз ҳужумларига учраган Изюмдаги тинч аҳолининг тақдири ҳақида огоҳлантирган эди». «Ушбу янгиликлар бизнинг энг даҳшатли қўрқувимизни тасдиқлади», деди Стразерс. 

Ҳуқуқ фаоллари халқаро ҳамжамиятни Украинага далил тўплаш ва зарур текширувлар ўтказишда ёрдам бериш учун ресурслар ажратишга чақирди. «Халқаро ҳуқуққа мувофиқ жиноят содир этган ёки жиноят содир этишга буйруқ берганлар ёдда тутишлари керакки, бу ҳолатлар бўйича даъво муддати йўқ ва адолат таъминланади», - дея хулоса қилди Стразерс. 

Харкив областидаги Изюм устидан назоратни қайта қўлга киритгач, Украина расмийлари яқин атрофдаги ўрмонда оммавий кўмиш жойидан 440 дан ортиқ янги қабрлар топилганини маълум қилди. Украинанинг бедарак йўқолганлар иши бўйича ваколатли вакили Олег Котенко сўзларига кўра, қабрлар кўплаб қурбонларни дафн қилиш учун шошилинч равишда қазилган, жумладан, 2022 йилнинг феврал ва март ойларида Россия кучлари томонидан шаҳар кучли ўққа тутилганидан кейин амалга оширилган. 

Харкив области прокурори Александр Филчаковнинг айтишича, кун давомида 445 нафар тинч аҳоли вакили қабри ва Украина Қуролли кучлари ҳарбий хизматчилари дафн этилган битта оммавий қабр топилган. 

Россия ҳукумати бу хабарларга ҳозирча изоҳ бермади, Херсон областининг россияпараст «маъмурияти» Киев «провокацияси» ҳақида эълон қилди. 

Мавзуга оид