Ўзбекистон | 13:16 / 10.11.2022
35349
4 дақиқада ўқилади

Венгрия ва Туркий давлатлар ташкилоти – бу ерда қандай боғлиқлик бор?

Айни пайтда Самарқанд шаҳри мезбонлик қилаётган Туркий давлатлар ташкилоти саммитида Венгрия ҳам кузатувчи сифатида иштирок этмоқда. Евроиттифоқ аъзоси, бир қарашда туркий тил ва маданиятга алоқадор бўлмаган бу давлатнинг ташкилотдаги фаол иштироки, яна бевосита ҳукумат раҳбарининг етиб келиши кўпчиликни ҳайрон қолдиряпти.

Хўш, Венгрия бу ташкилотда нима қилмоқда? 

Тарихий илдизлар

Венгрия бугунги кунда Европа марказидаги давлатлардан бири бўлса-да, Ислом дини, туркий маданиятга бегона бўлмаган тарихга эга мамлакат. Қадимдан унинг ҳудудида мусулмонлар мунтазам яшаб келишган. Венгерлар шарқ давлатлар томонидан можарлар деб аталган ва бугунги кунга қадар бу атама бор. Венгер тилида туркий сўзлар жуда кўп учрайди. Бу давлатнинг қишлоқларида яшовчи деҳқонлари, ҳунармандлар, умуман олганда оддий халқ турмуш тарзида турк маданияти таъсири кучли.

Венгерларнинг аждодлари қадимда Осиёда яшаган ва IX асрда Урал дарёси бўйларидан Европага кўчиб борган. Венгриянинг давлат тили бўлмиш можар тили урал тиллари оиласига мансуб ҳисобланади.

Султон Сулаймон ва лашкарбоши Иброҳим пошшо бошчилигида 1526 йил 29 августда бўлиб ўтган Мохач жангида венгер-чех-хорват қўшинлари мағлуб бўлгандан сўнг, Венгрия ерларининг катта қисми Усмонийлар империяси тасарруфига ўтди. 1541 йилдан бошлаб турклар Марказий Венгрияни тўлиқ бошқаришни бошладилар ва у ерда бешта вилоят – Буда, Канижа, Темешвар, Эгер, Варадни ташкил қилдилар.

Усмонийлар томонидан фатҳ қилинган Венгрия ерлари ўрнида янги ҳудуд – 1526-1699 йилларда мавжуд бўлган Усмоний Венгрияси ташкил топди. Мамлакатнинг аксарият деҳқонлари туркларнинг келишини маҳаллий феодалларнинг чидаб бўлмас даражадаги зулмидан қутулиш деб ҳисоблаган. Турклар венгер деҳқонлари ҳаётининг кўп соҳаларини эркинлаштирдилар. Ўша пайтдаги Европадаги католиклар ва протестантлар ўртасидаги қонли жанжаллардан фарқли ўлароқ, турклар динларни тақиқламади, уларга эркинлик берилди.

Урушдан кейинги йиллардаги тартибсизликлардан ва янги мусулмонлар жамоасининг пайдо бўлишидан фойдаланиб, Исломни қабул қилган кўплаб оддий венгерлар Усмоний империяси қўшинида юқори мартабаларга кўтарилган.

XVII асрда Усмоний Венгриясининг 39 шаҳрида 165 та асосий мактаб ва 77 та ўрта ва олий диний мактаблар (мадрасалар) бўлган. Мактабларда ёзув, ҳисоб, Қуръон ўқиш ва ибодат қоидалари ўқитилган. Шунингдек, турклар турк ҳаммомлари, масжидлари ва фаввораларини қурганлар. Венгриянинг ҳар бир шаҳрида масжидга туташган мусулмонлар маҳалласи ва черковга туташ христианлар мавзеси жойлашган. Христианлик тақиқланмаган ёки таъқиб қилинмаган.

Замонавий дунё

Бугунги кунда дунёда иқтисодий ҳамкорлик аксарият сиёсий қарашларни четга сурадиган вазият ҳукм сурмоқда. Венгрия социалистик йўлда анча вақт йўқотиб, охир оқибат эркин бозор иқтисодиётига ўтган ва изчил ривожланаётган мамлакатдир.

Бу давлат раҳбари Виктор Орбан ўз мамлакати тараққиёти учун янгиликларни татбиқ этишдан қўрқмайдиган, фаол ислоҳотлар ўтказаётган ва ўзаро фойдали бўлган ташкилотлар, давлатлар аро муносабатларга доим хайрихоҳлик билдириб келадиган сиёсатчи ҳисобланади.

Венгриянинг Ўзбекистон билан муносабатлари ҳам жуда яхши. Давлатлар раҳбарлари бир-бирларини дўст деб аташади. Самарқанд саммитига ҳам Виктор Орбан биринчи бўлиб етиб келди ва икки давлат ўртасидаги бизнес-форум тадбирнинг ўзига хос дебочаси бўлди.

Келажак

Тарихдаги Венгрия-Туркия жанглари дарсликларда, фильмларда эсланса-да, давлатлар эски гиналарни унутиб, ҳамкорликнинг янги шаклларини йўлга қўйиш устида ишламоқда.

Раҳбарларнинг турли доираларда, жумладан бўлиб ўтиши кутилаётган Туркий давлатлар саммити доирасидаги қатор учрашувларидан мақсад ҳам бугунги кун ва келажакдаги тинчликни, иқтисодий ҳамкорликни, ўзаро алоқаларни ривожлантириш ҳисобланади.

Аброр Зоҳидов, Самарқанд.

Мавзуга оид