Жаҳон | 08:15 / 06.03.2023
8507
2 дақиқада ўқилади

Шольц: Путин урушда муваффақият қозона олмаслигини тушуниши керак 

Германия федерал канцлери Олаф Шольц CNN телеканалига берган интервьюсида Украинадаги урушни тугатиш бўйича ҳар қандай музокаралар Россия президенти Владимир Путин ғалаба қозона олмаслигини тушунганидан кейингина бошланишини айтди. 

Фото: Reuters

«Менинг нуқтайи назаримга кўра, Путин бу босқин ва империалистик агрессия билан муваффақият қозонмаслигини тушуниши керак, у ўз қўшинларини олиб чиқиб кетиши керак. Бу музокаралар учун асосдир», - деди Германия ҳукумати раҳбари. 

Украина аннексия қилинган Қримни ёки Донбасснинг бир қисмини қайтармаслигини тан олган ҳолда урушни тугатувчи келишув бўладими, деган саволга Шольц Украина томонисиз ҳеч қандай қарор қабул қилинмайди, деб жавоб берди. 

«Биз улар учун қарор қабул қилмаймиз. Биз уларни қўллаб-қувватлаймиз», деди у.

Бундан олдин АҚШ президенти Жо Байден ва Германия канцлери Олаф Шольц 3 март куни Оқ уйда урушда Украинани қўллаб-қувватлаш бўйича музокара ўтказди.

Шольцнинг сўзларига кўра, Украинага «биз уни қанча вақт керак бўлса, шунча вақт қўллаб-қувватлашда давом этамиз» деган сигнал юбориш муҳим.

АҚШга ташрифи чоғида Германия канцлери немис ва инглиз тилларида Twitter'да шундай деб ёзди: «Етакчилигингиз ва дўстлигингиз учун ташаккур, Жо! Вашингтонга яна бир бор қайтганимдан хурсандман. Трансатлантик координациямиз ҳар доимгидек кучли ва қатъий. Биз Украинани қўллаб-қувватлаймиз, биз Украина учун эркинлик ва тинчликни хоҳлаймиз».

Мавзуга оид