Жаҳон | 17:09 / 10.05.2023
29801
6 дақиқада ўқилади

Пиёнисталар қудрати: СССРни пароканда қилган “сухой закон”

Халқ тилида “турғунлик даври” дея аталувчи замон якунланиб бораётган бир пайтда, бундан 38 йил аввал собиқ иттифоқда жиддий қарор қабул қилинди: Коммунистик партия марказий қўмитаси алкоголизмга қарши қатъий курашни эълон қилди.

1985 йил 7 май куни Михаил Горбачёв бошчилигидаги партия Марказий кенгаши ва Министрлар кенгаши “Ичкиликбозлик, алкоголизм ва самогон тайёрлашга қарши чора-тадбирлар” тўғрисидаги қарорни эълон қилди.

Нега бундай ислоҳот амалга оширилди?

Таъкидлаш жоизки, 80-йилларнинг ўрталарига келиб, иттифоқда ҳаёт анча оғирлаша бошлаган, бунинг устига аҳоли орасида ичкиликбозлик кескин кучайиб кетганди. Статистикага қарайдиган бўлсак, 60-йилларда бир фуқаро бошига 4,6 литр алкогол тўғри келган бўлса, 80-йилларда бу кўрсаткич икки баробардан кўпроққа ошиб, 10,6 литрга етди. Мос равишда бошқа давлатлар билан солиштирадиган бўлсак бу кўрсаткич, Швецияда 5,2 литр, Финландияда 6,6 литр ва Буюк Британияда 7,2 литрни ташкил этган. Леонид Брежнев даврига келиб ўлимларнинг қарийб 32 фоизи у ёки бу тарзда ичкиликбозлик билан боғлиқ эди.

Иқтисодиётдаги депсиниш, ишлаб чиқариш қувватларининг пасайиши, ижтимоий ҳаётдаги тушкунлик ҳам бунга сабаб бўлди.

Умрининг охирида гапини эплаб гапира олмай қолган Брежнев ва икки оғир касал раҳбарлар – Андропов ва Черненконинг тезкор ўлимидан кейин ҳокимият тепасига келган ёш, ҳушёр Михаил Горбачёв бир қатор ислоҳотларни бошлади. Улардан бири – ичкиликбозликка қарши кураш эди. Горбачёвни Марказий қўмита сиёсий бюроси аъзолари Михаил Соломенцев ва Егор Лигачевларнинг ташаббусини қўллаб-қувватлади.

Бутун иттифоқ бўйлаб кучли кампания бошланди, Қрим яриморолидаги узумзорларнинг қарийб 40 фоизи таг-туги билан йўқ қилинди ёки ёқиб юборилди, дўконларда фақат маълум вақтлардагина ичкилик сотилиши йўлга қўйилди. Қонунга бўйсунмаганларнинг маоши кесилди, ҳатто партиядан ўчириш ҳолатлари ҳам бўлди. Ҳатто ичкиликсиз тўйлар тарғиб қилинди, фильмлардан алкогол бор саҳнаси қирқиб ташланди. Ароқ нархи 45 фоизга қимматлаб кетди.

Спиртли ичимлик фақат махсус белгиланган дўконларда сотилиши белгиланди, ушбу магазинларда турнақатор навбатлар юзага келди. Ҳозир ҳазил аралаш эсланадиган “чойнакка солиб олиб келиш” ибораси айнан ўша даврда туғилганини таъкидлаш керак.

Бутун иттифоқ бўйлаб ароқ учун тартибсизликлар бошланди. Ароқ сотиладиган дўконлар олдида одамлар ҳақиқий ёввойига айланиб кетишарди. Норозилик аста-секин сиёсий тус ола бошлади.

Бу биринчиси эмасди

СССРда бу ижтимоий офатга қарши кураш фақат 1985 йилдагина бошланмаган. Дастлабки кураш “доҳий” Ленин даврига бориб тақалади. Ўшанда ичкиликбозлик “Чор Россиясидан қолган чиркин одат”лардан бири сифатида баҳоланган.

Сталин бошқаруви даврида, аниқроғи 1929 йилда иккинчи катта кампания бошланган. Натижада Москва ва Ленинград шаҳарларида жойлашган йирик пиво заводлари ёпилган.

1958 ва 1972 йиллардаги кураш бироз юмшоқроқ тартибда ўтган дея оламиз. Бу даврлардаги ислоҳотларда алкогол ишлаб чиқаришга кескин зарба берилмаган, фақат кучли спиртли ичимлик ўрнига вино, пиво каби ичимликлар ишлаб чиқариш кўпайган, жамоат жойларида ичкилик истеъмол қилиш назоратга олинган. Машҳур режиссёр Леонид Гайдайнинг “Самогончилар” филми ҳам ана шу даврдаги ҳолатга бағишланади.

Бундан ташқари, 1985 йилги кампания ҳақида жуда кўп латифалар тўқилган, жумладан амалдаги раҳбар (рус тилида "Генералний секретарь”) Горбачёвга “Минералний секретарь” дея лақаб ҳам қўйилган.

Шу ўринда айтиш лозимки, Михаил Горбачёвнинг ўзи ҳам алкоголдан жуда узоқда юрган шахс бўлмагани айтилади. Замондошларнинг эслашича, Горбачёв бизнинг тилда айтганда “ҳаддини билган”. СССРнинг сўнгги раҳбари конякни хуш кўрган, расмий тадбир ва зиёфатлардагина ичкилик ичиш билан чекланган.

Афсуски, болшевикларнинг ичкиликбозликка қарши кураши ҳар доим муваффақиятсизликка юз тутаверди, охирги уринишдан бир неча йил ўтиб иттифоқнинг ўзи парчаланиб кетди.

Кампания СССРга фойда келтирган

Нақадар омадсиз якунланган бўлмасин, “қуруқ” кампаниянинг собиқ иттифоқ ижтимоий ҳолатига ижобий таъсири ҳам бўлган. Буларнинг энг асосийси ўлимнинг камайиши ва туғилишнинг ошиши эди.

Кампания давомида СССРда қарийб 5,5 миллион чақалоқ дунёга келган. Туғилиш миқдори бир йилда 500 минг кишигача ошди, эркакларнинг ўртача умр кўриш ёши 2,6 ёшгача узайди.

Лекин шу билан бир вақтда гиёҳвандлик даражаси 2,5 бараварга ошганини таъкидлаш керак. Молдова ва Украина каби иттифоқдош республикалар ўз миллий даромадининг 20 фоизигача бўлган қисмини йўқотди, ҳудуддаги минглаб гектар узумзорлар йўқотилди. Чайқовчилик кучайди, самогон тайёрлашда ишлатиладиган шакар кескин қимматлади, ҳатто уни дўконлардан топиш қийин бўлиб қолди. 

Россия СССРнинг “муносиб вориси”

Собиқ иттифоқ ворислигини даъво қилувчи Россия федерациясида ҳам алкоголизм ўткир муаммо саналади.

Россия соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, мамлакатда ичкиликбозликдан азият чекаётганлар 1,2 млн кишидан ошади. Очиқ манбаларда Россия аҳолисининг қарийб 70 фоизи умри давомида бир марта бўлса ҳам спиртли ичимликларни истеъмол қилиб кўргани келтирилади. Жумладан, қишлоқ жойларда алкоголга қарамлик сўнгги вақтларда 7 фоизга ошган.

Эътибор берилса, алкоголизмга қарши “русча кураш” ҳар доим ҳам бир хил натижа – кампаниядан сўнг янада кучлироқ пиёнисталик билан якунига етгани кўринади.

Аброр Зоҳидов

Мавзуга оид