Жаҳон | 10:52 / 14.06.2023
29306
18 дақиқада ўқилади

«Бўронлар мени чўчита олмайди»: Берлускони қандай ишлари билан ёдда қолган?

Апрел ойида оққон ташхиси қўйилган Силвио Берлускони Миландаги «Сан-Раффаэле» шифохонасида 86 ёшида вафот этди. Актёр, тадбиркор, тўрт карра бош вазир, Путиннинг дўсти ва кўплаб можаролар фигуранти — қуйида Берлусконининг ҳаёт йўли эсланади. 

1950-йиллар охири ва 1960-йиллар бошида, ҳали талаба эканида Берлускони круиз лайнерларда қўшиқ куйлаб пул ишлаган. Бундан ташқари, у контрабас чалган. Янги аср бошида у Неапол қўшиқларининг икки альбоми, шунингдек, ўзининг «Милан» футбол клуби ва  Forza Italia партияси учун мадҳиялар ёзган.
Marka / Universal Images Group / Getty Images

Силвио Берлускони 1936 йилда Миланнинг қашшоқ маҳалласида дунёга келган. У диндор католиклар оиласидаги уч фарзанднинг каттаси эди. У олти ёш эканида Миланни бомбардимон қилиш бошланади - Италия нацистлар Германияси иттифоқчиси сифатида урушга қўшилганди. 1943 йилда Берлускони эвакуация бўлади, отаси ўз хавфсизлиги учун Швейцарияга яширинади ва она оиладаги ягона боқувчи она бўлиб қолади, шунинг учун католик мактабида ўқиётган Силвио дарслардан сўнг фермада ишлай бошлайди, у ерда сигирларни соғиб, картошка теради. Мактабни тамомлаганидан кейин Берлускони Милан университетининг ҳуқуқшунослик факултетига ўқишга кириб, ишлай бошлайди, хўжалик буюмлари ва чанг тозалагичлар сотади, дафн ва тўй маросимларини фотосуратга олади, круиз лайнерларда чиқиш қилиб, севги ҳақида қўшиқлар куйлайди. 1957 йилда у Immobiliare costruzioni қурилиш компаниясида иш бошлайди, 1961 йилда университетни битиради ва реклама бизнесини ҳуқуқий тартибга солиш муаммолари бўйича диплом иши учун 2 млн лира миқдорида мукофот пули олади.

Журналист Индро Монтанелли ва Силвио Берлускони. 1977 йил (Фото: Archivio Cicconi / Getty Images)

Университетни тамомлаганидан кейин Берлускони Cantieri Riuniti Milanesi (Милан қурувчилари иттифоқи) компаниясига асос солади. Ўзининг айтишича, дастлабки капитални унга ўз пенсиясини йиғиб юрган отаси, оила дўстига тегишли бўлган Rasini банки ва Швейцариянинг Лугано шаҳридаги ишончли жамғарма берган. Бундан ташқари, Берлускони лойиҳага ўз дўстлари ва қариндошларини жалб этган. Италияда бу вақтда қурилиш авж олган ва Миланнинг Алчиати кўчасида турар жойлар қуриш бўйича лойиҳалар катта фойда келтираётганди. 1963 йилда у Edilnord қурилиш фирмасини очади, бу фирма кейинги бир неча йил мобайнида Миланнинг турли туманларида қатор турар жой кварталларини, жумладан 4 минг квартирага мўлжалланган «Милан-2» мажмуасини барпо этади. Шу лойиҳа туфайли Берлускони илк бор коррупция ва ўз манфаатларини ноқонуний лобби қилишда айбланади, аммо етарли далиллар бўлмагани туфайли жавобгарликдан қутилиб қолади. 1973 йилда Берлускони Италиянинг йирик девелоперларидан бири ва мамлакатнинг энг бадавлат тадбиркорларидан бирига айланади. Ўшанда у Милан чеккасидаги Аркоре шаҳарчасида вилла сотиб олади ва бу уй унинг бутун умри давомидаги қароргоҳи бўлиб қолади.

Фото: Vittoriano Rastelli / Corbis via Getty Images

1974 йилга қадар Италияда хусусий телеканаллар юритиш тақиқланганди, ўша йили мамлакат Конституциявий суди бу қоидани бекор қилади. Ўша йили Берлускони Il Giornale ижтимоий-сиёсий газетаси улушини сотиб олади, икки йил ўтиб Telemilano 58 кабел телеканалини қўлга киритган ҳолда илк хусусий телеканал эгасига айланади, кейин бир неча йил ичида Canale 5, Italia 1 ва Rete 4 каби бошқа каналларга ҳам эга чиқади, улар кейинроқ унинг бошқарувидаги Mediaset медиаҳолдингига бирлашади. Конституциявий суд қарорига қарамай, узоқ вақтгача хусусий каналларда жонли эфирлардан трансляция ва янгиликларни намойиш этиш ҳуқуқи бўлмайди. Шунинг учун Берлускони Американинг кўнгилочар дастурлари контенти, жумладан сериаллар ва операларни кўрсатиш ҳуқуқини сотиб олади, бунинг учун уни сиёсатчилар ва жамоат арбоблари дидсизликда айблашади. Айнан Берлусконининг телеканаллари биринчи бўлиб ярим яланғоч раққосалар иштирокидаги эстрада шоуларини ва илк рангли дастурларни намойиш этганди. Бунинг барчаси реклама савдоси ўсишига ва Берлускони каналлари RAI телекорпорациясидан сезиларли устунликка эга бўлишига олиб келади.

Силвио Берлускони ва Беттино Кракси (Фото: Luca Bruno / Files / AP)

1984 йилда христиан демократлар ва коммунистлар томонидан қўлланган RAI телекорпорацияси шикоятларидан кейин, Берлусконининг телеузатувчилари хатлаб қўйилади. Узоқ давом этган суд жараёни Берлусконининг дўсти бўлган мамлакат бош вазири Беттино Краксининг аралашувидан кейин якунланади, у трансляцияларни тиклаш тўғрисидаги фавқулодда фармон («Берлускони қонуни») чиқаради. Шундан кейин Италиянинг иккита йирик сиёсий партияси — ХДП (Христиан-демократлар партияси) ва ИКП (Италия коммунистик партияси) — бизнесменни бош вазирни сотиб олишда айблайди, аммо айбловлар ўз тасдиғини топмайди.

Берлускони телеканаллар учун реклама ишлаб чиқариш билан шуғулланадиган Publitalia компаниясига асос солганидан сўнг мамлакатдаги энг бадавлат 10 кишидан бирига айланади. 90-йиллар бошида компания Европа бозорига ҳам кириб боради ва Берлускони илк бор Forbes рейтингига киради, Arnoldo Mondadori Editore нашриётлар трести эгасига айлангач, у Италия журналлар бозорининг 40 фоизи устидан назоратни қўлга киритади.

Фото: Vittoriano Rastelli / Corbis via Getty Images

Қурилиш ва телевидениедан ташқари, Берлускони ретейл билан ҳам шуғулланиб, Girasole («Кунгабоқар») тармоғининг Италиядаги биринчи супермаркетини очади. 1988 йилда у мамлакатдаги энг йирик La Stando универмаглар тармоғига эгалик қиларди. Берлусконининг Fininvest компаниясига бирлашган ОАВ, қурилиш ва суғурта компаниялари, пенсия жамғармалари ва бошқа кўплаб бизнеслардан иборат империяси 1990-йиллар охирида фонд бозорида 30 млрд доллардан ортиққа баҳоланарди. Бу эса ҳуқуқ-тартибот органлари эътиборини тортади ва 1992-1993 йилларда компаниялар фаолиятига оид 10 га яқин алоҳида текширувлар бошланади. Бу вақтда Италияда собиқ бош вазир Кракси билан боғлиқ коррупция можароси авж олади, шунингдек мафиянинг сиёсат ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига таъсирини аниқлашга қаратилган «Тоза қўллар» операцияси бошланади. Буларнинг бари, Берлусконининг ўзи айтишича, уни давлатнинг иқтисодиётга аралашувини қисқартириш мақсадида сиёсий фаолиятини бошлашга ундаган.

Силвио Берлускони ва Италия президенти Оскар Луиджи Скалфар инаугурация вақтида. 1994 йил (Фото: Franco Origlia / Getty Images)

1994 йил январида Берлускони «Олға, Италия!» (Forza Italia) сиёсий ҳаракатини тузади 60 кун ўтганидан сўнг умуммиллий парламент сайловларида 43 фоиз овоз (8 миллиондан ортиқ сайловчи) олиб ғолиб бўлади ва сиёсий рекорд (қисқа муддатдаги муваффақият) ўрнатади. 1996 йилда партияга айланган ҳаракатнинг асосий қадриятлари эркин бозор, бизнес ва рақобат, ижтимоий тенгликка ишонч, италияликларнинг молиявий, юридик ва бюрократик жабр чекишига қарши курашиш деб эълон қилинганди.

Берлусконининг дастурий нутқи Мартин Лютер Кингнинг (америкалик баптист воизи, АҚШдаги қора танлилар учун фуқаролик ҳуқуқлари ҳаракати етакчиси – РБК) адолат ва тараққиёт тўғрисидаги тезисларидан иборат бўлиб, коммунистлар ва сўл партиялар танқид қилинган. У ўз телевизион ресурсидан фойдаланиб, ўз вилласида италияликларга йўллаган 10 дақиқалик мурожаатини ўз каналларида жонли эфирга узатади. 

Сайловдаги муваффақиятдан кейин Берлускони ўнг марказчи партиялар коалициясини тузади, унинг сафидан ўта ўнг кучлар — неофашистлар (Муссолинининг мафкуравий издошлари) ва ўзларини «постфашистлар» деб атовчи Шимол Лигаси ҳам жой олади. Шу тариқа, парламентда кўпчилик ташкил этилади — 630 ўриндан 366 таси коалицияники бўлади. 1994 йил 11 май куни у Италия ҳукумати бош вазири сифатида қасамёд қилади ва Европа тарихидаи илк миллиардер бош вазирга айланади.

Фото: Paolo Cocco / Reuters

1994 йил 22 ноябрида Неаполдаги БМТ саммити арафасида (унинг кун тартибидан уюшган жиноятчиликка қарши курашиш алоҳида ўрин тутганди) Corriere della Sera газетасида Берлусконига нисбатан солиқ инспекторларига пора бериш бўйича суд тергови бошлангани ҳақида хабар берилади. Бош вазир айбдор деб топилади, аммо кейин апелляция бўйича оқланади. Шунга қарамай, Берлускони коалицияси парламентдаги кўпчилик ўриндан маҳрум бўлади ва 1995 йил январида унинг ҳукумати истеъфога чиқади, собиқ бош вазир эса молиявий ҳужжатларни қалбакилаштириш ва банк ҳисоблари билан фирибгарлик, порахўрлик ва коррупция, жумладан, Беттино Краксига пора беришда айбланиб, бир қатор тергов ишларида фигурантга айланади.

1996 йилда Берлускони Mediaset компанияси акциялари пакетини Саудия Арабистони шаҳзодаси, жанубий африкалик миллиардер Иоганн Руперт ва немис телемагнати Лео Кирҳга сотади. 1996 йилги сайловларда «Олға, Италия!» кўпчилик ўринни қўлга кирита олмайди, чунки олдинги сиёсий иттифоқчилар Берлускони партияси билан коалиция тузишдан бош тортади. Шу тариқа, у мухолифат етакчиси бўлиб қолади. Конституциявий ислоҳот устида ишлаш Берлусконига олдинги сиёсий рейтингни қайтаради ва 1999 йилда «Олға, Италия!» Европа парламентига, 2000 йилда эса Италиядаги муниципал ва минтақавий сайловларда ғолиб бўлади. Сайловолди кампанияси сиёсатчининг «Озодлик кемаси» деб номланган круиз лайнерида Италия соҳиллари бўйлаб саёҳатга чиқиши билан ёдда қолади.

Силвио Берлускони ва ўғли Пера Силвионинг 2001 йилги сайловлар арафасида италияликларга тарқатилган буклетларда акс этган сурати (Фото: Forza Italia / AP Photo)

2001 йилги сайловлар арафасида Берлускони кенг кўламли кампания олиб боради, унинг доирасида собиқ бош вазирни қўллашини билдирган таниқли давлат арбоблари иштирокидаги телерекламалар тайёрланади, шунингдек 26,5 млн доллар сарфланиб, унинг шахсияти ва фаолияти ҳақидаги 10 млн буклет тарқатилади. Буклетларда у солиқларни ва амалдорлар аппаратини қисқартиришни, пенсияларни оширишни, янги иш ўринлари ташкил этишни, ноқонуний иммиграцияга қарши курашишни, таълим ва суд тизимини ислоҳ қилишни ваъда қилади. У ваъдалари бажарилмаган тақдирда истеъфога чиқишини айтади. 2001 йил июнида Берлускони яна ҳукуматни бошқара бошлайди.

АҚШ президенти кичик Жорж Буш ва Силвио Берлускони. 2011 йил (Фото: Getty Images)

Америка президенти кичик Жорж Бушга симпатияси борлигига қарамай, Берлускони АҚШнинг Ироққа ҳарбий босқинини қўллаб-қувватламаган. У узоқ вақт Бушни ҳарбий амалиёт бошлашдан қайтаришга уринган, аммо бунга эриша олмаган ва 2003 йилда 3200 нафар ҳарбий хизматчидан иборат Италия контингенти ҳам Ироққа юборилган. 2005 йилда Италия разведка хизмати жосуси Николо Калипари америкалик аскарлар томонидан ўлдирилгач, Берлускони қўшинларни олиб чиқиши ҳақида эълон қилади, аммо бир кун ўтиб ўз қарорини ўзгартиради. Қўшинлар ҳукуматга Романо Проди келганидан кейингина Ироқни тарк этади. Мамлакатнинг ҳарбий сиёсати, шунингдек Италия евро пул бирлигига ўтиши (бу нархлар ошишига хизмат қилганди) Берлусконининг рейтингини 2001 йилдаги 45 фоиздан 2004 йил майидаги 25 фоизгача туширади.

2005 йил 20 апрелида Берлусконининг иккинчи ҳукумати истеъфога чиқади, аммо уч кун ўтиб унинг учинчи ҳукумати қасамёд қабул қилади ва 2006 йил 17 майга қадар ҳокимиятни сақлаб қолади. Италия кейинги сайловларга турғун иқтисодиёт ва Европадаги энг паст иқтисодий ўсиш билан етиб келади. Берлускони Продининг ғалабасига шубҳа билдириб, овозларни қайта ҳисоблаб чиқиш ташаббусини билдирган бўлса-да, ҳокимиятга қайта олмайди. Лекин Проди ҳам ҳукуматда атиги 18 ой қола олади — сенат Продининг кабинетига ишонч билдирмайди ва у ваколатларини топширади. 2008 йил баҳорида Берлускони ўзининг тўртинчи ҳукуматини бошқаришга киришади. Бу сафарги сайловлар сиёсатчини парламент депутатларини сотиб олиш ва ОАВга босим ўтказиш борасидаги айбловлар билан кечади.

Силвио Берлускони ва Ангела Меркел. 2011 йил (Фото: Jochen Eckel / Getty Images)

Берлусконининг тўртинчи ҳукумати фаол иммиграция сиёсати юритади. Италия ҳудудида ноқонуний бўлиб турган барча иммигрантлар катта миқдордаги жарималар, вақтинча яшаш марказларидаги қамоқ ва мамлакатдан чиқариб юбориш шаклидаги жиноий жавобгарликка тортилишини назарда тутувчи қонун қабул қилинади. Бу эса италиялик сўл марказчи сиёсатчилар ва халқаро ташкилотлар танқидига сабаб бўлади. Шу билан бирга, мамлакатда ялпи ички маҳсулот ҳажми пасайиши давом этиб, ишсизлик даражаси ва ҳам жисмоний, ҳам юридик шахсларнинг банкротга учраш ҳажми ортиб боради, бу эса мамлакатнинг жаҳон агентликларидаги суверен рейтинги пасайишига сабаб бўлади. Берлусконининг ўзи эса вояга етмаганлар билан жинсий алоқа қилишда ва мансаб ваколатларини суиистеъмол қилишда айбланади.

ОАВда Берлускони ўз таниши билан телефон орқали мулоқот чоғида Германия канцлери Ангела Меркелни «орқаси семиз ярамс» (una culona inchiavabile) деб атагани ҳақида ёзишади. Бош вазир бунга раддия берганига қарамай, кўп ўтмай Меркел хоним евроҳудуддаги инқироз учун айбни Берлускони зиммасига юклайди, италиялик сиёсатчи эса буни айнан нашрлардаги хабарлар билан боғлайди. 2011 йил октябрида парламент унга ишончсизлик билдиради ва кўп ўтмай Берлускони истеъфога чиқади.

Фото: Luca Bruno / AP

1994 йилдан бошлаб Берлускони адвокатлар хизматларига 700 млн еврога яқин маблағ сарфлаган. Берлусконига нисбатан 60 дан ортиқ суд терговлари юритилган. Уни коррупцияда, пул ювишда, мафия билан алоқадорликда, вояга етмаган қизлар билан жинсий алоқа қилишда, ОАВга босим ўтказишда, амалдорларни сотиб олишда ва бошқа жиноятларда айблашган. Ўнга яқин иш судгача етиб борган, Берлусконига уч марта ҳукм эълон қилинган, лекин фақат битта айблов ҳукми (солиқ жиноятлари учун) апелляциядан кейин ҳам ўз кучида қолган. Хусусан, 1998 йил июлида Берлускони Тунисда жиноий таъқибдан яшириниб юрган собиқ бош вазир Краксининг ҳисобига офшор орқали 6 млн доллар маблағни ноқонуний ўтказгани учун икки йил-у тўрт ой муддатга озодликдан маҳрум этилади. 2000 йилда бу ҳукм бекор қилинади.

Бошқа шов-шувли иш Руби лақабли фоҳиша Карима ал-Маруғ билан боғлиқ (фотода). Бош вазир полиция участкасидан озод бўлишида мансаб ваколатидан фойдаланишда, шунингдек вояга етмаган фоҳиша хизматидан фойдаланишда айбланган. Прокуратура «Руби иши» бўйича Берлусконига олти йиллик қамоқ жазоси ва давлат лавозимларини эгаллаш ҳуқуқидан маҳрум этишни сўраган. Биринчи инстанция суди бу талабларни қаноатлантирган, аммо Милан Апелляция суди қарори билан сиёсатчи тўлиқ оқланган.

2012 йил октябрида Берлускони солиқларни тўлашдан бўйин товлагани учун тўрт йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинганди. 2006 йилги амнистия тўғрисидаги қонунга кўра, у фақат бир йил қамоқда ўтириши кифоя эди, аммо якунда собиқ бош вазир ёши ўтиб қолгани ва амнистия туфайли қамоқ жазосидан озод этилади. 2018 йил 12 майида Милан суди солиққа оид қонунбузарликлар бўйича Берлусконини тўлиқ реабилитация қилиш тўғрисида қарор чиқаради. Навбатдаги жиноий иш ҳақида Берлускони шундай дейди: «Биласизки, бўронлар мени қўрқита олмайди. 17 йил ичида мен барча нарсани кўрдим. Улар барча воситаларни ишга солган ҳолда мени сиёсатдан ва тарихдан ўчириб ташлашга уринишмоқда».

Фото: Pressefoto Ulmer \ ullstein bild via Getty Images)

30 йил мобайнида Берлускони «Милан» футбол клубига эгалик қилади. Унинг бошқаруви даврида жамоа саккиз бор Италия чемпиони бўлади, беш марта Чемпионлар лигасида ғолиб бўлган, уч марта футбол бўйича қитъалараро кубокни қўлга киритган. 2016 йилда у клубни 740 млн еврога сотади.

Владимир Путин ва Силвио Берлускони Завидовода кечки овқат столида. 2003 йил, катта дўстликнинг бошланиши.
Alexey Panov / AFP / Scanpix / LETA

Берлускони Владимир Путиннинг қалин дўсти бўлган. Улар Олтойда бирга дам олишган, Бе-200 амфибия самолётини синовдан ўтказишган, Сочи ва Қримга боришган. Corriere della Sera газетасига берган интервюсида Путин Берлускони билан муносабатлари нимага асослангани ҳақида айтиб берганди: «Мен ҳар доим ички сиёсий вазиятдан қатъи назар, давлатлараро муносабатларни ўрнатишга чинакам самимий интилишни ҳис қилганман». Ўз навбатида Берлускони Россияга муҳаббатини шундай изоҳлайди: «Ўйлайманки, Владимир менга ўз халқининг руҳини ҳис қилдира олди. Бу фақат Россияда амалга ошиши мумкин бўлган буюк кашфиёт. Шунинг учун менда доим сизга қайтиш истаги бўлади».

ОАВнинг асосий эътибори Силвио Берлусконининг Путин билан дўстлигига қаратилса-да, 1997 йилда айнан Италия собиқ бош вазири тарихда илк бор Россия етакчиси Борис Елцинни G7 саммитига таклиф этганди. Унинг саммитдаги иштироки «Катта еттилик»ни «Катта саккизлик»ка айлантиришни бошлаб берганди. 1994 йил октябрида Берлускони ва Елцин Россия ва Италия ўртасида Дўстлик ва ҳамкорлик шартномасини имзолаган эди.

Силвио Берлускони қизлари Барбара (чапда) ва Элеонора билан (Фото: Franco Origlia / Getty Images)

Берлускони икки марта уйланган. Унинг биринчи рафиқаси 1965 йилда Карла Элвира Делл’Ольо бўлган, уларнинг никоҳидан бир қиз ва бир ўғил туғилган — Мария Элвира ва Персилвио. Бу никоҳ 1980 йилда барбод бўлади, ўшанда Берлускони актриса Вероника Ларио билан танишиб қолганди ва ўн йил ўтиб унга уйланади. Улар 2014 йилга келиб ажрашади. Иккинчи никоҳидан Берлускони уч фарзанд кўрган — Барбара, Элеонора ва Луиджи.

Фото: Alessandra Benedetti / Corbis via Getty Images

Мавзуга оид