Спорт | 16:24 / 19.07.2023
23343
8 дақиқада ўқилади

Футболга берилган имтиёзлар қандай ишлаши керак?

Фото: Ўзбекистон футбол ассоциацияси

Президент қарори билан Солиқ кодексининг 483-моддасига (вақтинчалик имтиёзлар) қўшимча киритилди.

Унга кўра, 2026 йил 1 январгача Ўзбекистон футбол ассоциацияси, унинг ҳудудий бўлинмалари, «Ўзбекистон профессионал футбол лигаси» жамоат бирлашмаси, Ўзбекистон футбол ҳакамлари маркази ва профессионал футбол клублари:

  • барча турдаги солиқларни (бундан ижтимоий солиқ мустасно);
  • ўзи жалб қилган чет эл мутахассислари ва футболчиларининг даромадларидан тўланадиган жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини;
  • Ўзбекистонга олиб кириладиган, Ўзбекистонда ўхшаши ишлаб чиқарилмайдиган спорт асбоб-ускуналари ва инвентари, трансляция қилиш учун зарур бўлган асбоб-ускуналар, инвентарь ва техника, фармакология товарлари, спорт озиқ-овқатлари, футбол (футзал) майдонлари учун сунъий ўтлар, шокпад, гранулалар, махсус елимлар ва махсус профессионал спорт кийим-бошлари, транспорт воситалари, шу жумладан махсус транспорт воситалари учун қўшилган қиймат солиғини тўламайди.

Кўпчилик томонидан янгилик сифатида қабул қилинаётган бўлса-да, бу имтиёз аслида аввалдан мавжуд бўлиб, охиргиси 2018 йил 16 мартдаги 3610-сонли президент қарорининг 10-бандига кўра ишлаб келаётганди. Янги қарор фақат имтиёз муддатини 2026 йилгача чўзди, холос.

Ҳа, яна бир ўзгариш бор – янги қарорда жалб этилган чет эллик мутахассислар билан биргаликда футболчилар (чет эллик) ҳам қўшилган, аввалги қарорда фақат чет эллик мутахассислар даромад солиғидан озод қилинганди.

Бундан ташқари, аввалги қарорда ҳар қандай юридик корхонанинг фойда солиғини ҳисоблашда футбол учун сарфланган ҳомийлик маблағлари умумий фойданинг 10 фоизидан кўп бўлмаган миқдорда ушбу солиқдан озод қилинарди. Янги қарорда бу қисм ҳам олиб ташланди.

Бу мавзуда турли фикрлар билдирилмоқда. Умуман, футболни ривожлантириш, футболга муносабатнинг умумий қоидаси бўлмайди, араблар кўнгилхушлик учун миллиардларни сарфлаши, АҚШ даромад манбайи сифатида қараб фойда олишга ҳаракат қилиши, Европа эса бутун дунё кузатадиган спорт мусобақасига айлантириб, миллионлаб пул айлантириши мумкин. Йўллари кўп.

Айнан биз учун қайси йўналиш тўғри келиши, аслида футбол учун имтиёзларни қўллаш ҳашаматига эгамизми, бу саволларни кейинги мақолага қолдириб, бошқа жиҳатга эътиборингизни қаратмоқчиман: футбол имтиёзлари ўзи футболга берилмоқдами? Футболга қаратилган имтиёзлар ростанам футболга қаратилиши, бу қарор ёрдамида турли лазейкалар пайдо бўлмаслиги учун нималарга эътибор берилиши керак?

Юқоридаги берилган 3-банд бўйича эътироз йўқ. Агар клуб ўз эҳтиёжи учун турли инвентарлар, ускуналар, спорт озиқ-овқатлари ва ҳоказолар олиб келганида ҚҚС тўлашдан озод қилинса, ростан ҳам футбол клубига ёрдам бўлади. Бу ерда олиб келинадиган ушбу товарлар сотиш учун эмас, айнан клуб эҳтиёжи учун бўлишига алоҳида эътибор қаратиш лозим. Бунинг учун қандайдир чегаралар белгиланиши, айтайлик, саналган товар турларини олиб келиб, сотиш билан шуғулланувчи тадбиркорлар футбол клублари орқали импорт қилишига йўл очиб бермаслик керак.

2-банд чет эллик ишловчиларнинг даромад солиғига тегишли. Ҳа, клуб бу ҳолатда уларнинг маошларини шишириб, бошқа ишловчилар маошлари улушини юклаган ҳолда имтиёз суммасини кўпайтиришга уриниши мумкин.

Масалан, чет эллик А футболчининг маоши 100 миллион сўм, маҳаллий Б ва С футболчилар мос равишда 60 ва 50 миллион сўм олади дейлик. Клуб ҳисобчиси бўлсам нима қиламан? Чет эллик футболчига 200 миллион, маҳаллий икки футболчига 5 миллион сўмдан маош ёзилади ва маҳаллий футболчи маошининг қолган қисми чет эллик футболчидан олиб берилади. Маошлар тўғри кўрсатилганда, имтиёз суммаси 12 миллион, иккинчи ҳолатда 24 миллионни ташкил қилмоқда. Тўланадиган даромад солиғи биринчи вариантда 13,2 миллион, иккинчисида 1,2 миллионни ташкил қиляпти.

Бундай лазейкаларни четлаб ўтиш учун маошлар чегарасини жорий қилиш шарт. Бусиз имтиёзнинг бу банди кўзда тутилгандек ишламайди. Тизим шаклида кўп нарса аллақачон йўлга қўйилган Европада ҳам маошларнинг юқори чегараси тизими ишлайди. Шунинг учун ҳам, масалан, Мессининг «Барселона» билан янги шартнома тузиши имконсиз бўлиб қолди. У ерда клублар даромади тушиб кетиши ва ўзгаришсиз маошлар натижасида оғриқли оқибатлар пайдо бўлишининг олдини олиш, клубларни инқироздан сақлаб қолиш учун бу тизим киритилган бўлса, бизда берилган имтиёзлардан «туйнук» сифатида фойдаланилишидан эҳтиёт бўлишга тўғри келади.  

Кўпроқ эътибор қаратилиши лозим бўлган қисм 1-банд билан боғлиқдир. Футбол клублари барча турдаги солиқларни (бундан ижтимоий солиқ мустасно) тўлашдан озод этилади.

Бу ерда эътибор берилиши лозим бўлган муҳим жиҳат бор. Футбол клублари футболдан ташқари ҳам фаолият билан шуғулланиши мумкин – ишлаб чиқариш цехлари, ижарага бериш, ҳизмат кўрсатиш ва ҳоказо фаолиятлар билан шуғулланса, бу йўналишда олинган даромадлар ҳам солиқдан озоддир. Бу нима дегани?

Шу деганики, мавжуд тайёр тадбиркорлик фаолиятларини футбол клубига бириктириш орқали, кимдир бемалол бизнесдаги солиқ юкини камайтира олади. Ёки масалан, мол-мулк ва ер солиғига тортилиши лозим бўлган бирор объект футбол клуби балансига ўтказилиши ва ижара асосида аввалги фаолиятида давом этавериши мумкин. Бундай ҳолатлар футболни ривожлантиришга, имтиёз берилган соҳани оёққа туришига ёрдам берадими? Йўқ, албатта.

Таклифим шундан иборатки, хўп, агар футбол учун имтиёзлар берилиши лозим экан, бу айнан футбол даромадларига қаратилиши керак. Бир футбол клуби қандай шаклдаги даромадларни олиши мумкин?

  1. Чипталар савдоси;
  2. Футболчиларни трансфер қилишдан даромадлар;
  3. Трансляция ҳуқуқини сотиш, реклама шартномалари каби даромадлар;
  4. Жамоага тегишли турли атрибуткалар, футбол кийимлари ва ҳоказоларни сотиш орқали даромад.

Фойда солиғи базаси ҳисобланаётганда, фақат мана шу йўналишдаги даромадлар чегириб ташлансин, бошқа даромадлар белгиланган шаклда солиққа тортилаверсин. Мол-мулк ё ер солиғидан имтиёз дейилганда, фақат клуб балансидаги футбол стадиони, базаси, машғулот майдонлари ушбу солиқ базасидан чегириб ташланса-да, айтайлик, бошқа йўналишдаги фаолият олиб бориладиган цех ёки клуб ихтиёрида мавжуд бўлиб, бошқа тадбиркорларга ижарага бериб қўйган объектлар белгиланган шаклда солиққа тортилавериши керак. Аввалги қарорда мавжуд бўлган имтиёз – юридик шахсларнинг футболга берилган ҳомийлик маблағлари фойда солиғидан озод қилингани бу сафар бекор қилинибдими, демак, мантиқан олганда, футбол клубларининг ҳам футболдан ташқари фаолиятдан олган даромади ҳам имтиёздан ташқарида бўлиши тўғри бўлади.

Қисқача айтганда, футбол клубларига вақтинча солиқдан имтиёз беришдан асосий мақсад, уни молиявий томондан ривожлантириш, келажакда ўзи оёққа тура оладиган соҳага айлантириш, акс ҳолда имтиёзлар вақтинча берилмасди, тўғрими? Шундай экан, футболнинг тараққиёти деганда миллий жамоамиз жаҳон чемпионатига чиқиши, футболчиларимиз Европа клубларида ўйнай оладиган даражада ўсиши эмас, айнан футбол соҳасидаги бирлашма, ташкилотларнинг молиявий томондан ўзини эплаб, оқибатда, имтиёзларга муҳтож бўлмайдиган даражага келишини тушунишимиз керак. Бу ҳолда асосий урғу футбол клубларининг айнан футбол фаолияти, гап солиқлар ҳақида кетар экан, айнан футбол фаолиятидаги даромадлари, футболга тегишли солиқ объектлари эътиборга олиниши мантиқан энг тўғри йўлдир.

Акс ҳолда, нафақат футболга берилган имтиёз номақсад йўналишга кетиб қолиши, балки, бошқа бизнес соҳаларидаги рақобатчиликка ҳам салбий таъсирини кўрсатиши мумкин. Бир корхона қонуний шаклда маълум фаолият билан шуғулланиб, барча солиқларни тўласа-ю, бошқа бир тадбиркор айнан ушбу фаолиятни футбол клуби орқали амалга ошириб, имтиёзларга эга бўлса, буни футболга берилган имтиёз деб баҳолаш қийин.

Шундай тузатишлар, бошқача айтганда, аниқлаштиришлар орқали, ҳам бюджет тушумлари талафотини камайтириш, ҳам футбол ривожлантирилишига қаратилган имтиёзларнинг имкон қадар мақсадли қўлланишини таъминлаш мумкин.

Қаҳрамон Асланов

Мавзуга оид