Жамият | 13:46 / 20.12.2023
40501
3 дақиқада ўқилади

Самарқандда бир неча мансабдорга жиноят иши қўзғатилди

Улар кўп миқдордаги пул маблағларини ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилгани аниқланган.

ДХХ Самарқанд вилояти бошқармаси ҳамда бошқа ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирларда кўп миқдордаги пул маблағларини ўзлаштирган ва пора олган давлат хизматчилари аниқланган.

Жумладан, «Самарқанд сув таъминоти» МЧЖ Самарқанд шаҳар филиали раҳбари Ж.З.нинг кўп миқдордаги пул маблағларини ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилгани аниқланган.

Шунингдек, «Ҳудудгаз Самарқанд» газ таъминоти филиали метрология хизмати бошлиғи Р.Ж. ўз мансаб ваколатларидан фойдаланиб, Нарпай туманида жойлашган «Карим қурилиш савдо» хусусий корхонасининг норасмий раҳбари О.А. ва унинг жиноий алоқалари томонидан ўғирланган табиий газ ҳисобини яшириш мақсадида етказиб берилган ва истеъмол қилинган табиий газ ҳисоб-китобларини мунтазам ўзгартириб келган.

Шу билан бирга, у юқори босимли газ тармоқларида юзага келган камомад ва эҳтимолий ўғрилик ҳолатлари мавжудлигини билиб турса-да, масофадан туриб газ тарқатиш станцияларидаги газ ҳисоблагичларига ташқи таъсир кўрсатган.

Юқоридаги ҳолатга кўмаклашган «Нарпайтумангаз» газ таъминоти бўлими бошлиғи лавозимида ишлаган З.А. ҳам Нарпай туманида жойлашган «Карим қурилиш савдо» хусусий корхонаси норасмий раҳбари О.А. ва унинг жиноий алоқаларининг ноқонуний фаолиятига амалий ёрдам бериб, амалга ошириладиган текширув тадбирлари хусусида олдиндан хабардор қилиб келган.

Бундан ташқари, Самарқанд вилояти «Қурилишда танлов савдоларини ташкил этиш консалтинг маркази» директори С.Г. ҳамда марказ бош ҳисобчиси А.Ж. ўзаро жиноий тил бириктирган ҳолда марказ маблағларини талон-торож қилиб келгани аниқланган.

«Қурилишда танлов савдоларини ташкил этиш консалтинг маркази»нинг 2016-2023 йиллардаги фаолияти ўрганилганда, марказ мансабдор шахслари ўзаро жиноий тил бириктирган ҳолда жамиятнинг 1,3 млрд сўмлик маблағларини ўзлаштириб юборгани аниқланиб, тегишли тартибда ҳужжатлаштирилган.

Қайд этилишича, ушбу шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Мавзуга оид