Жаҳон | 09:27 / 31.12.2023
18429
14 дақиқада ўқилади

Велосипеддан бошланган бизнес – KIA компанияси қандай ривожланганди?

Жанубий Кореянинг йирик автомобилсозлик компанияси ҳисобланадиган KIA Иккинчи жаҳон уруши давом этаётган кезларда ташкил этилган. Ишлаб чиқаришни велосипедлардан бошлаган компания, кўп ўтмай мотоцикллар тайёрлашга ўтади. Кейинчалик автомобил ишлаб чиқара бошлайди. Бугун KIA Motors дунёнинг таниқли брендига айланиб улгурган.

Бугун дунё автомобилсозлари орасида Жанубий Корея компаниялари ҳам ўз ўрнига эга. Бу давлатда автомобилсозлик 1960-йилларда бошланган бўлса-да, 1980-90 йилларга келиб Кореяда ишлаб чиқарилган машиналар дунёнинг турли давлатларига кириб борган эди.

Бугун Корея автомобилсозлари орасида Hyundai Motor Company ва KIA Motors алоҳида ажралиб туради. Hyundai Motor Company Жанубий Кореядаги автомобиллар ишлаб чиқарувчи етакчи компания ҳисобланса, KIA Motors иккинчи ўринни эгаллайди.

Бироқ бугун KIA Motors мустақил компания ҳисобланмайди. У Hyundai Motor Group таркибига киради.

1990-йилларнинг иккинчи ярмида Осиёда иқтисодий инқироз юз беради. Ўшанда KIA Motors Korporation компаниясига банкротлик хавф солади. Шунда уни Hyundai сотиб олади ва брендни ҳам сақлаб қолади.

Маълумот учун, ўшанда Кореянинг яна бир йирик автомобилсозлик компанияси бўлган Daewoo Motors ҳам банкротлик ёқасига келиб қолганди. Ўшанда бу компанияни Американинг General Motors компанияси сотиб олади ва Daewoo брендидан воз кечади.

Бугун Daewoo бренди остида енгил автомобиллар ишлаб чиқарилмайди. Фақат автобуслар ва тижорат автомобиллари тайёрланади. Daewoo Motors компаниясидан фарқли равишда KIA Motors ўз брендини сақлаб қолган.

KIA ва Hyunday компанияларининг бош офислари ёнма-ён жойлашган
media.daum.net

Компания тарихи

Бугун KIA Motors Korporation деб номланган компания 1944 йилда ташкил этилган ва ўшанда унинг номи KyungSung Precision Industry бўлган.

Компания ишни велосипедларни таъмирлаш учун керак бўладиган эҳтиёт қисмлар ишлаб чиқарган. Ўша пайтда велосипедларнинг ўзини ишлаб чиқаришнинг иложи йўқ эди.

Чунки Кореяда малакали ишчилар етишмас, бунинг устига велосипед ва бошқа транспорт воситаларининг асосий эҳтиёт қисмлари хориждан, асосан Япониядан келарди.

1944 йилда Япония саноати тўлиқ армия учун ишлар, шу сабабли турли транспорт воситаларининг эҳтиёт қисмларини ишлаб чиқариш тўхтаб қолганди.

Аслида ана шу тақчиллик учун ҳам KyungSung Precision Industry компанияси ташкил этилган ва Япониядан келадиган айрим эҳтиёт қисмларни Кореяда ишлаб чиқариш йўлга қўйилганди.

1945 йилда иккинчи жаҳон уруши тугайди. Муваффақият билан ишлаган компания 1946 йилда хориждан эҳтиёт қисмлар ишлаб чиқарадиган бир қатор ускуналар сотиб олади ва велосипедлар ишлаб чиқара бошлайди.

 

KyungSung Precision Industry компанияининг велосипед йиғув корхонаси
kia-buzz.com

1940-йилларнинг охири Корея яримороли учун жуда нотинч кечади. Яриморол шимолини СССР, жанубини АҚШ ўз назоратига олган ва у ерда ҳар икки давлат армияси жойлаштирилганди.

1950 йилда нотинчлик охир-оқибат фуқаролар урушига айланади. Шимолликлар советлар ёрдамида социалистик тузум, жанубликлар эса АҚШ ёрдамида капиталистик тузум ўрнатишни хоҳларди.

Уруш 3 йил давом этади ва 1953 йил 27 июл куни сулҳ тузилади. 38-параллел бўйлаб чегара ўтказилади. Шу тариқа Корея яриморолида иккита давлат пайдо бўлади.

Шундан сўнг KyungSung Precision Industry компанияси ўз номини «KIA Industrial Company» деб ўзгартирган ҳолда Жанубий Кореяда велосипед ишлаб чиқара бошлайди.

Ўша пайтда фуқаролар уруши туфайли иқтисодий вазият танг, одамларда пул кам, шу учун икки оёқли транспорт воситасига талаб жуда юқори эди. Компания ишлаб чиқариш суръатини оширади ва 1955 йилда иккинчи заводни очади.

1957 йилда компания илк мотороллери тақдимотини ўтказади. 1960 йилга келиб Жанубий Корея анча ўзини ўнглаб олади, одамларнинг даромади ошади. Шу сабабли компания мотоцикллар ишлаб чиқаришга ўтади. Илк мотоцикл – С-100 модели 1961 йилда конвейердан чиқади.

«KIA Industrial Company» компанияси ишлаб чиқарган мотоцикллар
www.kia-tilburg.nl

1962 йилда компания уч ғилдиракли кичик юк ташувчи машинасини ишлаб чиқаради. Ўша пайтда Жанубий Кореяда бундай ихчам юк транспортига талаб жуда юқори эди.

1971 йилда компания икки хил турдаги тўрт ғилдиракли юк машинасини ишлаб чиқара бошлайди. Булар – KIA Titan ва KIA Boxer моделлари эди.

Ўша йили Япониянинг «Mazda» компанияси билан ҳамкорликда енгил автомобиллар ишлаб чиқариш бўйича ҳамкорлик битими имзоланади.

1972 йилда компания Жанубий Корея ҳукуматидан енгил автомобиллар ишлаб чиқариш бўйича лицензия олади. Шундан сўнг компания «Mazda» билан ҳамкорликда двигател ишлаб чиқарувчи заводни қура бошлайди.

Компания бензин ёқилғисида ҳаракатланувчи илк двигателини 1973 йилда ишлаб чиқаради. 1974 йилда компания KIA Brisa деб номланган биринчи автомобилини оммага тақдим этади. Шунингдек, Mazda 323 автомобилларини йиғиш ҳам йўлга қўйилади.

«KIA Industrial Company» томонидан ишлаб чиқарилган биринчи автомобил - KIA Brisa
ja.wikipedia.org

Кўп ўтмай компания юк машиналари ишлаб чиқарувчи «Asia Motors» компаниясини сотиб олади. Бундан ташқари, яна иккита шуъба корхонаси ташкил этилади.

KIA машиналари Жанубий Корея ва Жанубий-Шарқий Осиё давлатларида муваффақиятли сотила бошлагач, компания европалик автомобилсозлар билан ҳамкорликни йўлга қўяди.

1978 йилда Франциянинг Peugeot компанияси билан Peugeot-604, Италиянинг Fiat компанияси билан Fiat-132 автомобилларини фақат Жанубий Корея учун ишлаб чиқариш лицензиясини сотиб олади.

Орадан бир йил ўтгач ҳар икки машина Жанубий Кореяда сотувга чиқади. Шунингдек, компания ўз моделлари учун дизел ёқилғисида ҳаракатланувчи двигателларни ишлаб чиқаришни йўлга қўяди.

«KIA Industrial Company» томонидан 1960-йилларда ишлаб чиқарилган уч ғилдиракли ихчам юк машинаси
kia.pl

Ўзини оқламаган таваккал ва Америка бозорига йўл

1981 йилда «KIA Industrial Company» енгил автомобиллар ишлаб чиқаришдан воз кечади. Ўшанда компания фақат тижорий автомобилларини ишлаб чиқаришини эълон қилади.

Кўп ўтмай Bongo базасида ишлаб чиқарилган кичик юк машинаси, пикап ва микроавтобусларнинг тақдимотини ўтказади.

1983 йилда KIA Ceres номи остида янги моделдаги кичик юк машинасини ишлаб чиқара бошлайди.

1990-йиллар бошида ишлаб чиқарилган KIA Ceres
https://ucars.pro/

Ўша йили компания акцияларининг бир қисмини Япониянинг «Mazda» компанияси сотиб олади. Шундан сўнг японлар енгил автомобиллар ишлаб чиқаришни тиклашга қарор қилади.

Ўша пайтда бу қарор ўз вақтида қабул қилинган эди. Чунки енгил автомобиллардан воз кечиб, фақат кичик юк машиналарини тайёрлаётган компаниянинг савдо кўрсаткичлари тушиб кетган, молиявий ҳолат жуда ёмон эди.

«Mazda» компанияси ёрдамида олинган янги ускуналар билан компания енгил автомобилларнинг бир нечта моделларини тайёрлай бошлайди.

1987 йилда Mazda-121 модели шассиси асосида кам сарфли KIA Pride автомобили савдога чиқарилади ва муваффақият билан сотилади.

Шундан сўнг яна компаниянинг ишлари юришиб, молиявий аҳвол бироз барқарорлашади. 1988 йилда компания ўзининг миллионинчи машинасини ишлаб чиқаради.

1990-йилларда ишлаб чиқарилган Kia Pride. Бу машина уч ва беш эшикли қилиб тайёрланган.
en.autowp.ru

Шу билан бирга компания кичик юк машиналарини ишлаб чиқаришни ҳам тўхтатиб қўймайди. 1988 йилда иккита янги модел – KIA Rhino ва KIA Trade кичик юк машиналари ва KIA Besta микроавтобуси сотувга чиқарилади.

1990-йиллар бошида компания кенгаяди ва бир нечта янги ишлаб чиқариш заводларини очади. Шу билан бирга компания ўз номини «KIA Motors Corporation» деб ўзгартиради. Шундан сўнг KIA ўз автомобилларини Европа давлатларига ҳам экспорт қила бошлайди.

1991 йилда иккита янги модел – KIA Sportage ва KIA Sephia номли автомобиллар ишлаб чиқарила бошланади.

Бу икки машина дунёнинг жуда кўп давлатларида муваффақиятли сотилади. KIA Sportage дунёнинг бир нечта нуфузли рейтингларида дунёнинг энг яхши автомобили номинациясини қўлга киритади.

«KIA Motors Corporation» Америка бозорига нисбатан анча кеч, 1990-йиллар бошида кириб келади. 1992 йилда компания АҚШдаги ўзининг биринчи расмий вакиллик офисини очади.

1,6 литр ҳажмли, 80 от кучига эга двигател билан жиҳозланган KIA Sephia машинаси Америкада яхши сотилади. Шунингдек, компания кам сарфли KIA Avella моделини ҳам ишлаб чиқара бошлайди ва унинг ҳам Америкада бозори чаққон бўлади.

1991 йилдан ишлаб чиқарила бошланган KIA Sephia
www.kia-tilburg.nl

Банкротлик хавфи

1997 йилда Осиёда кучли иқтисодий инқироз юз беради ва унинг тўлқинидан Жанубий Корея компаниялари ҳам жуда катта зарар кўради.

Бир қатор автомобилсозлик компаниялари қаторида «KIA Motors Corporation»га ҳам банкротлик жиддий хавф сола бошлайди. Компания раҳбарлари уни сотувга қўйишади.

Агар ўшанда компания акцияларининг назорат пакетини ҳеч ким сотиб олмаса, компания банкрот бўлиши ва ёпилиб кетиши аниқ эди. Бироқ бундай бўлмайди.

Жанубий Кореянинг бошқа бир автомобилсозлик компанияси «Hyundai» 1998 йилда «KIA Motors Corporation»га тегишли акцияларнинг назорат пакетини харид қилади ва компанияни банкротликдан қутқариб қолади.

1999 йилда «Hyundai» раҳбарияти «Hyundai KIA Automotive Group» компанияси тузилганини эълон қилади ва KIA брендини сақлаб қолади.

2001 йилда компания KIA Pride ва KIA Avella моделларининг янгиланган вариантларини тақдим этади. Шунингдек, KIA Sephia-2 ва Clarus II моделлари ишлаб чиқарила бошланади.

2002 йилда компания ўзининг 10 миллионинчи автомобилини ишлаб чиқаради. Ўша пайтда KIA Optima, KIA Regal ва KIA Sorento, 2003 йилда эса оилавий KIA Cerato, ҳашаматли KIA Magentis ва KIA Opirus моделларини оммага тақдим этади.

Ҳашаматли KIA Opirus модели
dealerzy.maxiauto.pl

Орадан икки йил ўтиб, 2004 йилда компания ўзининг 5 миллионинчи автомобилини экспорт қилади.

2006 йилда компания «Audi» ва «Volkswagen» компанияларида ишлаган таниқли дизайнер Петер Шрайерни ишга таклиф этади. Шундан сўнг KIA ишлаб чиқараётган машиналарнинг кўриниши анча ўзгаради.

Натижада 2008-2001 йиллар оралиғида савдо кўрсаткичлари кескин ошади ва компания йилига 2,5 миллион дона машина ишлаб чиқара бошлайди.

Бу хизматлари эвазига Петер Шрайер KIA президентининг дизайн бўйича ўринбосари этиб тайинланади ва компанияда юқори лавозимни эгаллаган биринчи хорижлик шахсга айланади.

2013 йилда KIA янги Niro кроссоверини оммага тақдим этади. 2015 йилдан бошлаб у серияли ишлаб чиқарила бошланади ва Nissan Juke, Opel Mokka ва Renault Captur каби моделларга жиддий рақобатчи бўлади.

2015 йилда KIA Sportage йўлтанламасининг янгиланган варианти тайёрлана бошланади. У Hyundai Tucson йўлтанламаси базасида ишлаб чиқарилади. Ушбу машина 1,2, 1,6 ва 2 литрли 132 дан 245 от кучигача бўлган двигателлар билан жиҳозланган.

2015 йилда янгиланган KIA Sportage
www.iol.co.za:80

Компания кўрсаткичлари

KIA Corporation ҳозирги пайтда ҳам Hyundai Motor Group таркибига киради. Сўнгги йилларда KIA Corporation’нинг айланма маблағи 70 млрд, соф фойдаси эса 4-5 млрд доллар атрофида бўляпти.

Компания Forbes нашрининг «Forbes Global 2000» рейтингида 2022 йилда дунё компаниялари орасида йириклиги бўйича 283-ўринни эгаллаган.

Бугун KIA Corporation’нинг Кореяда учта йирик заводи бор ва уларда йилига қарийб 1,5 млн дона автомобил ишлаб чиқарилмоқда.

Жумладан, Кванмён шаҳридаги заводда йилига 320 мингдан ошиқ, Хвасондаги заводда 550 минг атрофида, Канжудаги заводда 500 минг дона атрофида машина чиқарилади. Ҳозирда компания корхоналарида 50 мингдан ошиқ одам меҳнат қилмоқда.

Бундан ташқари, KIA Corporation’нинг Хитойдаги заводида йилига қарийб 800 минг дона, Словакияда 350 мингга яқин, АҚШда 350 минг атрофида, Мексикада 400 мингдан ошиқ, Ҳиндистонда 350 минг атрофида автомобил ишлаб чиқарилмоқда.

KIA SORENTO
hvg.hu

Компания 2021 йилда қарийб 3 млн, 2022 йилда қарийб 2,9 млн дона машина сотган. Жорий йилнинг 11 ойида 2,8 млн дона машина сотган. Умумий ҳисобда эса KIA машиналари дунёнинг 170 та давлатида сотилмоқда.

Компания машиналарининг 30 фоиздан сал кўпроғи Жанубий Кореяда, 35 фоизга яқини Шимолий Америкада, қарийб 29 фоизи Европада, қолгани Ҳиндистон, Хитой ва бошқа мамлакатларда сотилган.

KIA Corporation’нинг бош офиси Жанубий Корея пойтахти Сеул шаҳрида жойлашган. Компания ҳозирда қарийб 30 дан ортиқ турли моделдаги енгил ва тижорий автомобиллардан ташқари автобуслар ҳам ишлаб чиқаради.

Компания ўз автобусларини Mazda, Hino Motors ва Toyota компанияларида тайёрланган автобуслар базасида ишлаб чиқаради.

Жумладан, 8-11 ўриндиқли KIA Besta, KIA Pregio микроавтобуслари билан биргаликда 20-25 ўриндиқли KIA Kombi оилавий автобуси ва 35 ўриндиқли KIA Cosmos, 45-47 ўриндиқли KIA Granbird автобусларини ҳам ишлаб чиқаради.

Kia Granbird автобуси
wikipedia.org

Бугун кўплаб енгил автомобиллар билан бирга компаниянинг KIA Carens, KIA Joice ва KIA Carnival минивэнлари жуда машҳур. Айниқса, илк марта 1999 йилда Германиянинг Франкфурт шаҳридаги автосалонда намойиш этилган ва ўшандан буён янгиланган ҳолда ишлаб чиқариб келинаётган KIA Carnival автоишқибозларнинг меҳрини қозонган.

Маълумот учун, Ўзбекистонда «ADM Jizzakh» заводида ҳам бир неча турдаги KIA машиналари ишлаб чиқарилмоқда.

Ғайрат Йўлдош тайёрлади.

Мавзуга оид