Жаҳон | 15:23 / 13.05.2024
2798
3 дақиқада ўқилади

Еревандаги бўйсунмаслик намойишида 150 дан ортиқ киши қўлга олинди

Ереванда Арманистон ва Озарбойжон ўртасидаги чегарани делимитация қилишга қарши «Тавуш Ватан учун» ҳаракати чақириқ билан чиққан итоатсизлик акцияси бўлиб ўтмоқда.

Фото: DW

Арманистонда бош вазир Никол Пашиняннинг Озарбойжон билан зиддиятни ҳал қилиш борасидаги сиёсатига қарши оммавий норозилик намойишлари давом этмоқда. 13 май, душанба куни Ереванда ўтказилган акцияда 150 дан ортиқ киши қўлга олинди, дея хабар бермоқда маҳаллий ОАВ, жумладан Tert.am ва Yerevan.today нашрлари полицияга таяниб.

Бу маълумотларга кўра, намойишчилар Арманистон Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 182-моддаси, яъни қонун талабларини бажармаганликлари учун қўлга олинган. Ушланганлар билан адвокатлар ва мухолифатчи депутатларга кўришишга рухсат берилди, дейилади қўшимча равишда. 

13 май эрта тонгдан Ереванда «Тавуш» ҳаракати чақириқ билан чиққан, Пашиняннинг истеъфосини ва Озарбойжон билан чегарани делимитация қилиш жараёнини тўхтатишни талаб қилган итоатсизлик акциялари бўлиб ўтмоқда. Оммавий ахборот воситаларининг хабар беришича, намойишчилар бир қатор кўчаларни чиқинди қутилари, йўл белгилари ва пичанлар билан тўсиб қўйган. 

Ереван 4 та ҳудудий бирликни Бокуга бой берди 

Аввалроқ Арманистон ташқи ишлар вазирлиги Ереван ва Боку чегаранинг алоҳида участкаси бўйича демаркация, жумладан, Тавуш вилояти ва Озарбойжоннинг шимоли-ғарбий Ғазах вилояти ўртасидаги тўртта қишлоқ ҳудудий мансублиги ҳақида аввал келишиб олганини маълум қилганди. 1990-йилларнинг бошидан бу ҳудудлар Арманистон томонидан назорат қилинган, бироқ 2020 йилда мамлакатлар ўртасидаги ҳарбий можаро натижасида улар Озарбойжонга ўтди. 

Маҳаллий аҳоли бу қарорга кескин қарши чиқди ва норозилик намойишини бошлади. 4 май куни намойишчилар «Тавуш Ватан учун» маршини бошлаб, 9 май куни Ереванга етиб бориб, у ерда норозилик митингларини ўтказдилар. Telegram-каналлари маълумотларига кўра, 9 май куни ўтказилган акцияда 20 мингдан ортиқ киши иштирок этган. Намойишда кўпчилик Арман Апостол черковининг Тавуш епархияси раҳбари архиепископ Баграт Галстанян бошчилигидаги «Тавуш Ватан учун» ҳаракати тарафдорлари бўлиб, у Пашинянга истеъфога чиқиш тўғрисида ултиматум қўйган.

2023 йил сентябр ойида Боку икки кунлик ҳарбий амалиётлар натижасида тан олинмаган «Тоғли Қорабоғ Республикаси» ҳудудини тўлиқ назорат остига олди. ТҚР тугатилди, 120 минг арман баҳсли ҳудудни тарк этди. Арманистон ва Озарбойжон можарони ҳал қилиш учун музокаралар олиб бормоқда. 

Мавзуга оид