Жаҳон | 18:26 / 25.06.2024
14382
2 дақиқада ўқилади

Халқаро жиноий суд Шойгу ва Герасимовни ҳибсга олишга ордер берди

Россиянинг собиқ мудофаа вазири ва бош штаб раҳбари эҳтимолий халқаро жиноятларда гумон қилинмоқда. 

Фото: ТАСС

Ҳаагадаги Халқаро жиноий суд (ХЖС) Россиянинг собиқ мудофаа вазири, Хавфсизлик Кенгаши котиби Сергей Шойгу ва Бош штаб раҳбари Валерий Герасимовни ҳибсга олишга ордер берди. 

«II Халқаро жиноий суднинг судгача бўлган палатаси Украинада 2022 йил 10 октябрдан камида 2023 йил 9 мартига қадар содир этилган эҳтимолий халқаро жиноятлар бўйича икки шахсни – Сергей Кужугетович Шойгу ва Валерий Василевич Герасимовни ҳибсга олиш учун ордер берди», дейилади суд баёнотида. 

ХЖС аниқлик киритганидек, «икки гумондорни камида 2022 йил 10 октябридан 2023 йил 9 мартига қадар Россия ҳарбий кучлари томонидан Украина электр инфратузилмасига уюштирилган ракета ҳужумлари учун жавобгар деб ҳисоблаш учун етарли асослар мавжуд». Бу вақт ичида Россия армияси «Украинанинг турли нуқталаридаги кўплаб электр станциялари ва нимстанцияларига кўплаб ҳужумлар уюштирди», дейилади баёнотда. 

Суд Украина энергетика тизимига қилинган ҳужумларнинг мақсадга мувофиқ эмаслиги ва тинч аҳолига кўпроқ зарар етказганига ишонади. 

Россия Хавфсизлик Кенгаши матбуот хизматининг таъкидлашича, ХЖС судгача бўлган палатасининг Сергей Шойгуга қарши қарори «умуман арзимайди» ва «Ғарбнинг Россияга қарши гибрид урушининг бир қисми сифатида» қабул қилинган. 

2023 йил март ойида ХЖС Тергов палатаси Россия президенти Владимир Путин ва Россия болалар ҳуқуқлари бўйича комиссари Мария Лвова-Беловани ҳибсга олишга ордер берган эди. ХЖС қарори «2022 йил 24 февралдан бошлаб Россия кучлари томонидан босиб олинган Украина ҳудудларидан болаларни ноқонуний депортация қилиш бўйича» иш доирасида қабул қилинган. 

Мавзуга оид