Ракета зарбаси, қушлар ёки носозлик — Оқтовдаги авиаҳалокат сабаби нима?
Қозоғистон ҳукумати Azerbaijan Airlines авиакомпаниясининг Бокудан ҳавога кўтарилиб Грознийга учган ва Қозоғистоннинг Оқтов шаҳри яқинида авариявий қўнишни амалга оширган самолёти ҳалокати сабабларини ўрганмоқда.
Россия расмийлари авиаҳалокат версияларидан бири сифатида «қушлар билан тўқнашув»ни келтирган, аммо интернетда воқеа жойидан олинган кадрлар тарқалди, уларда самолётнинг ташқи қопламасида тешиклар борлиги кўринади, назарий жиҳатдан булар ракета зарбаси излари бўлиши мумкин.
Самолёт бортида 67 киши бўлган. Қозоғистон ҳукумати улардан 38 нафари ўлимини тасдиқлаган.
BBC рус хизмати мухбири Павел Аксенов ҳодиса бўйича асосий версиялар ва ҳалокат шароитларини таҳлил қилди.
Ҳалокат қандай содир бўлган?
Flightradar24 онлайн-сервисидаги парвоз ёзувларига кўра, Embraer E190AR самолёти Бокудан Грознийга J28243-рейсни амалга оширган, мувофиқлаштирилган универсал вақт (UTC) бўйича соат 04:25 да Каспийск шаҳри ҳудудида радарлардан ғойиб бўлган.
Бу бортда айнан шу вақтда фавқулодда ҳолат рўй берганини англатмайди — учувчилар шунчаки транспондерни ўчириб қўйган бўлиши ҳам мумкин.
Тахминан бир ярим соат ўтиб — соат 06:07 да, Каспий денгизи устида яна кўриниш берган — самолёт энди Оқтов аэропорти томон учаётганди, лекин унинг парвози траекторияси жуда ғалати эди. У мунтазам равишда баландлик ва йўналишни ўзгартирган. Яъни самолёт бошқарувга бўйсунмагандек кўринган.
Пилотлар шассини чиқаришган, аммо самолётни қўндира олишмаган — парвознинг сўнгги дақиқалари гувоҳлар томонидан тасвирга олинган.
Гувоҳларнинг ҳикояларига кўра, бу воқеалар оралиғида у Грознийга қўнишга уринганди.
«Қушлар галаси» тўғрисидаги версия
«Росавиация» матбуот котиби Артём Кореняко дастлабки маълумотларга кўра, «қушлар билан тўқнашувдан кейин, самолёт бортида юзага келган фавқулодда ҳолат туфайли командир ҳаво кемасини захира аэродромга „олиб кетиш“га қарор қилган — бунинг учун Оқтов танлангани»ни айтганди.
Россиянинг ТАСС давлат агентлиги ҳодисадан бироз ўтиб Azerbaijan Airlines авиакомпанияси ҳам «ҳаво кемаси қушлар галаси билан тўқнашгани» ҳақида маълум қилганини хабар қилган.
Қушлар вақти-вақти билан авиация моторларига кириб қолади ёки самолёт билан тўқнашиб кетади, аммо бундай ҳолатлар одамлар ўлимига олиб келувчи ҳалокатга олиб келиши жуда камёб ҳодисадир.
Сўнгги вақтларда ҳам бир неча ҳолатда қушлар билан тўқнашувдан кейин учувчилар мажбурий қўнишни амалга оширган, аммо бу ҳолатларда самолётлар бошқарувни сақлаб қолган ва жиддий оқибатлар кузатилмаган.
Бундан ташқари, қушлар галаси тўғрисидаги версия самолёт қопламасидаги тешиклар қандай пайдо бўлганини изоҳлай олмайди.
«Асосий тизимлардан бири ишдан чиққан»
Авиаҳалокатдан кўп ўтмай Россия фавқулодда хизматлари вакили «Интерфакс» билан суҳбатда «асосий тизимлардан бири ишдан чиқиши» устувор версия эканини айтган.
«Ҳалокат сигнали юборилган ва кейин самолёт радарлар экранидан йўқолган, — дейди агентлик суҳбатдоши. — Шу тариқа, техник носозлик версияси ҳозирда биринчи навбатда кўриб чиқилмоқда».
Агентлик суҳбатдоши бундай техник носозликка нима сабаб бўлганига аниқлик киритмаган.
Embraer ERJ-190-100LR самолётлари анча янги ва ҳаво хавфсизлиги кўрсаткичлари етарлича юқори моделлардан саналади.
Бундай самолётлар фойдаланишга топширилганидан буён улар билан кўп сонли одамлар ҳалок бўлишига олиб келган иккита авиаҳалокат содир бўлган ва иккала ҳолатда ҳам техник носозлик эмас, экипажнинг хатолари сабаб бўлган.
Azerbaijan Airlines матбуот хизмати ТАСС агентлигига ҳалокатга учраган самолёт 2013 йилда ишлаб чиқарилгани ва охирги марта 2024 йил октябрида тўлиқ техник кўрикдан ўтказилгани ҳақида маълумот берган.
Зарар етказувчи элементлар таъсири
Самолёт Оқтов аэропорти яқинига қулаганидан бир неча соат ўтиб, РФ ҳаво-космик кучларига алоқадор бўлган блогер, Fighterbomber канали муаллифи воқеа жойидан муҳим видеодалилларни эълон қилди. Видеоларда самолёт қопламасида кўплаб майда тешиклар пайдо бўлгани акс этган.
Қушлар масаласи четга чиқди. Бу видео пайдо бўлиши вақт масаласи эди. Улар энди қанчадир вақт давомида бу дрон, зенит-ракета комплекси ёки багаждаги бомба бўлгани бўйича маъносиз ишлар билан шуғулланишади, аммо ўйлайманки, бу кўпга чўзилмайди.
Самолёт юзасидаги тешиклар ракета урилиши оқибати бўлиши мумкинлиги ҳақидаги версияга бошқа ҳарбийлашган каналлар ҳам қўшилган. Ижтимоий тармоқларда бу излар янада яхшироқ кўринган ва чап қанотда шикастланиш юзага келгани акс этган янги видеолар ҳам тарқалди.
Тешиклар асосан бутун қолган қуйруқ қисмининг учида жойлашган. Тасвирлар яқинлаштирилганида фюзеляжнинг кўзга кўринадиган қисмидаги тешиклар дум қисмидаги стабилизатордагига нисбатан камроқ экани кўринади.
Бундай тешикларни одатда ракетанинг жанговар каллагидаги шикастловчи элементлар ҳосил қилади.
Бу ҳозирча энг мантиқий изоҳ, аммо унинг минуси шундаки, у бошқа фактлар билан тасдиқланмаган: ҳаво кенглигини кузатиш имкониятига эга бўлган ва ракета учирилишини пайқаган бўлиши мумкин бўлган хизматлардан ҳеч қандай баёнот бўлмади.
Йўловчилардан икки нафари Россия ҳукумати таъсиридаги RT порталига Грознийга қўнишга уриниш чоғида портлаш овозларини эшитишганини айтишган.
Авиаҳалокатдан олдинроқ салондан видео олган ва ҳалокатдан омон қолган Субҳонқул Раҳимов учувчилар самолётни Грознийга қўндириш учун уч бор уриниб кўргани, аммо «учинчи сафарда нимадир портлагани»ни айтган. «Портлаш бўлди — мен у самолёт ичкарисида бўлди дея олмайман. Мен ўтирган жой ёнидаги қоплама учиб кетди», — дейди у.
Azerbaijan Airlines самолёти борти билан фавқулодда ҳолат рўй берган маҳалда мазкур ҳудудда Россия ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари украин дронлари ҳужумини қайтариш билан банд бўлгани факти ҳам ташқи таъсир тўғрисидаги бу версияни қўллаб-қувватлайди.
Reuters агентлиги расмийлар ҳозирча Каспий денгизи устида учган самолёт Россия жанубига дронлар зарбалари ёғдирилган бир вақтда ҳалокатга учраганини ҳозирча тушунтириб бермаганига эътибор қаратган.
Авваллари дронлар фаоллашганида бу регионда аэропортлар ёпилган бўларди, чоршанба тонгида ҳам Россиянинг самолёт парвози йўлидаги энг яқин аэропорти ёпиқ эди.
Кейинроқ эса Россия кучишлатар тузилмаларига яқин ҳисобланган ВЧК-ОГПУ телеграм-каналида Embraer учувчиларининг Грозний аэропортидаги диспетчер билан мулоқотидан парчалар эълон қилинди. Ёзувларга кўра, самолёт ташқаридан шикастланган ва Чеченистон пойтахтига қўниш вақтида бошқарувни йўқотган (пилотлар чиндан ҳам аввалига самолёт қушлар галаси билан тўқнашиб кетди деб ўйлашган). Шундан кейин учувчилар Минерал Води аэропортига кетишга рухсат сўрашган, аммо тезда йўналишни Маҳачқалъага ўзгартиришган. Катта эҳтимол билан, улар борт бошқарувидаги муаммо туфайли Доғистонга етиб боришига кўзи етмаган.
Самолёт қаерда шикастланган бўлишидан қатъи назар, Россия ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими хатоси бўйича версия ишончлироқ кўринади. Яқин тарихда ҳам фуқаролик бортлари ракета урилиши оқибатида ҳалокатга учраши билан боғлиқ бир неча ҳолат кузатилган. Azerbaijan Airlines ҳалокат сабабларини ўрганиш бўйича текширувлар якунига қадар Грозний ва Маҳачқалъага парвозларни тўхтатгани факти ҳам ушбу версия фойдасига хизмат қилади. Терговни россиялик эмас, қозоғистонлик, бразилиялик ва (эҳтимол) озарбойжонлик мутахассислар олиб бориши бу сафар ҳақиқатни аниқлашга ёрдам бериши мумкин.
Шу билан бирга, айрим шарҳловчилар қопламадаги тешиклар самолёт ерга урилганидан кейин рўй берган портлаш оқибати бўлиши мумкинлиги ҳақидаги версияни ҳам ўртага ташламоқда. Бу портлаш авиаҳалокат гувоҳлари олган видеоларда яққол кўринган.
Мавзуга оид
19:32 / 27.12.2024
Оқтовдаги авиаҳалокат: ҳозирча жавоби йўқ саволлар
18:40 / 27.12.2024
The Times AZAL самолёти ҳалокатига оид янги тафсилотларни баён қилди
17:09 / 27.12.2024
Azerbaijan Airlines Россиянинг 10 та шаҳрига парвозларни тўхтатди
16:36 / 27.12.2024