Жаҳон | 09:43 / 10.01.2025
7598
6 дақиқада ўқилади

Ливанда ниҳоят президент сайланди. Бу Эронга яна бир зарба

Армия бош қўмондони президентга айланди. Уни АҚШ, Франция ва Саудия Арабистони қўллаган. Бунга қадар икки йил давомида Ливаннинг янги президентини сайлаш учун 12 уриниш муваффақиятсизликка учраганди. 

Фото: Reuters

Пайшанба куни Ливан парламенти овоз беришнинг иккинчи турида армия бош қўмондони Жозеф Аунни мамлакат президенти этиб сайлади. Экспертлар мамлакатдаги деярли барча сиёсий кучлар, жумладан, «Ҳизбуллоҳ»ни ҳам қаноатлантирадиган номзод бўлгани туфайли унинг сайланиши эҳтимолини юқори баҳолаётганди.

Овоз беришнинг биринчи тури бир неча соат олдинроқ ўтказилган, аммо Аун ғалаба учун зарур бўлган 86 овозни (128 овоздан) қўлга кирита олмаган, фақат 71 парламентарий унинг номзодини қўллаганди.

Хабар қилишларича, турлар орасидаги танаффусда ливанлик қонунчилар турли даражаларда фаол маслаҳатлашувлар ўтказишган. Ауннинг тарафдорлари шиа депутатларни ўз томонига оғдириши керак эди. Биринчи турда улар овоз беришдан бош тортишган.

Иккинчи турда Аун 99 овоз олишга эришди.

Ливанда президентлик лавозими икки йилдан ошиқ вақтдан буён, 2022 йил октябрида Мишел Ауннинг ваколатлари тугаганидан кейин вакант қолаётганди ва кўп йиллик иқтисодий инқироз ҳамда яқинда Исроил билан бўлган урушдан заифлашган мамлакат учун ҳозир ҳокимиятдаги бўшлиқни тўлдириш ҳар қачонгидан муҳим. Бугунги кунга қадар Ливаннинг янги президентини сайлаш учун 12 уриниш муваффақиятсизликка учраганди.

Ливанда президентни сайлаш жараёни Конституция ва ҳокимиятнинг конфессионал тақсимотига асосланган мамлакат сиёсий тизимининг ўзига хос хусусиятлари билан тартибга солинади. Ливан президенти 128 депутатдан иборат парламент томонидан олти йил муддатга сайланади ва у кетма-кет иккинчи муддатга ушбу лавозимни эгаллай олмайди.

Ливаннинг мураккаб жамоавий бошқарув тизимида президент лавозимини анъанага кўра маронит христианлар вакили эгаллаб келади.

Ауннинг номзодини христианларнинг ўнг марказчи «Марада» партияси етакчиси, тажрибали сиёсатчи, Ливаннинг собиқ ички ишлар вазири Сулаймон Франже ҳам қўллаб-қувватлаган — у ушбу ҳарбий фойдасига президентлик лавозимини эгаллаш режаларидан воз кечди.

Парламент қаршисида президент сифатида қилган илк чиқишида Аун унинг биринчи галдаги вазифалари орасида — қуролга эгалик ҳуқуқи фақат давлатда бўлишига эришиш эканини айтди.

Бу сўзлар давлат ҳарбий тузилмаси ҳисобланмайдиган «Ҳизбуллоҳ» арсеналига ишора сифатида қабул қилинмоқда.

Эронга зарба

Экспертлар бу овоз бериш жараёнини сўнгги йилларда Ливан учун энг жиддий сиёсий синов бўлганини айтишмоқда.

Гап шундаки, мамлакат қуролли кучлари бош қўмондони сайланиши Эроннинг минтақадаги таъсири сезиларли даражада заифлашгани ҳақидаги сигналдир.

Армия — мамлакатда барча даражаларда ҳурматга сазовор бўлган тузилма бўлиб, ҳарбий киши президент бўлиши Ливаннинг биринчи навбатда ўз манфаатларига хизмат қилиш ниятини ифодалайди.

Овоз бериш натижалари эълон қилиниши билан Аун Ливанга содиқликка қасамёд қилди.

«Мен Ливан халқи конституцияси ва қонунларини ҳурмат қилишга, Ливаннинг мустақиллиги ва ҳудудий яхлитлигини сақлашга ваъда бераман», — деган у.

Воқеаларнинг бундай ривожи Яқин Шарқ минтақасида сўнгги вақтларда Эроннинг бошига тушган муваффақиятсизликлар сериясининг давоми бўлди.

Reuters ва Bloomberg бу сайлов натижалари «Ҳизбуллоҳ» гуруҳининг мамлакатдаги таъсири кучсизлашганини кўрсатишини қайд этган.

Исроил билан қуролли қарама-қаршиликдан кейин Ливанда жойлашган эронпараст «Ҳизбуллоҳ» улкан йўқотишларга учратиб, раҳбарияти ва ҳарбий қудратидан айрилди. «Ҳизбуллоҳ»нинг сиёсий қаноти Ливан сиёсий ландшафтининг бир қисми бўлиб қолаётганига қарамай, унинг мамлакатдаги позицияси ҳам кучсизлашган.

Теҳрон учун яна бир зарба Сурияда унга содиқ бўлган Башар Асад режими ағдарилиши бўлди, бунинг натижасида Эрон хориждаги муҳим плацдармини йўқотди.

Ташқаридан қўллов

Ливан сиёсий доираларидаги манбаларга кўра, овоз бериш жараёни арафасида Ғарб ва қатор араб мамлакатлари вакиллари Жозеф Ауннинг сайланишига эришиш мақсадида Ливан расмийлари билан алоқаларни фаоллаштиришган.

Хабар қилишларича, чоршанба куни тонгда Франция ва Саудия Арабистони элчилари ливанлик сиёсатчилар билан учрашишган.

Экспертлар қайд этишича, ҳозирги сайловлар Ар-Риёд учун муҳим аҳамиятга эга ҳисобланади. Саудия Арабистони қачонлардир Ливандаги таъсир доираси учун Эрон билан рақобатлашганди ва ҳозирда қўлдан бой берилган нуфузини тиклашни мақсад қилган.

Шунингдек, Аун номзоди АҚШ томонидан ҳам қўллаб-қувватланган.

Исроил ташқи ишлар вазири Гидеон Саар Ливан армияси бош қўмондони Жозеф Аун мамлакат президенти этиб сайланганини олқишлади.

«Умид қиламанки, бу танлов барқарорлик, Ливан ва унинг халқи учун яхши келажак ва яхши қўшничилик муносабатларига ҳисса қўшади», — дея ёзган Саар Х платформасида.

60 ёшда бўлган Аун 2017 йил мартидан буён армияга қўмондонлик қилиб келаётганди. У Ливан ҳарбий академиясида таълим олган ва кейинроқ АҚШ ҳамда Францияда малака оширган. Фаолияти давомида Ливан қуролли кучларидаги муҳим лавозимларни эгаллаган, жумладан, бригадаларни бошқарган ва мамлакат ҳудудида терроризмга қарши кураш стратегиясида иштирок этган.

2024 йил январида унинг муддати тугаши лозим эди, аммо «Ҳизбуллоҳ» ва Исроил ўртасидаги уруш туфайли ваколат муддати икки бор узайтирилди. Associated Press Ливаннинг Аун томонидан тайинланадиган янги ҳукумати иқтисодий оғир вазият туфайли жиддий муаммоларга дуч келиши ҳақида ёзган. Мамлакат раҳбарияти 2022 йилда Халқаро валюта жамғармаси билан молиявий ёрдам пакети бўйича оғзаки келишувга эришганди, аммо келишув тузилиши учун талаб этиладиган ислоҳотлар ҳали тўлиқ амалга оширилгани йўқ.

 

Мавзуга оид