Жаҳон | 18:08 / 15.01.2025
6847
9 дақиқада ўқилади

Байроқдаги янги юлдузлар: АҚШ ҳудудларни қандай қўлга киритган?

Президентлик сайловларида ғалаба қозонганидан кейинги икки ой ичида Доналд Трамп Канада, Дания ва Панамага ҳудудий даъволарини билдиришга улгурди. АҚШнинг сайланган президенти канадаликлар ўз мамлакати Американинг 51-штати бўлишини исташини айтди; Панама каналини қайтаришни ваъда қилди; шунингдек, АҚШ Даниянинг Гренландия оролига эгалик қилиши лозимлигини билдирди. Учинчи ҳолат бўйича Трамп аввалига оролни сотиб олиш ҳақида гапираётганди, кейин эса куч ишлатиш эҳтимолини ҳам истисно этмади.

АҚШ ўз таркибидаги ерлардан баъзиларини сотиб олган бўлса, баъзиларини куч билан босиб қолган.

АҚШ тарихида ҳудудларни сотиб олиш ҳам, ерларни куч билан эгаллаш ҳам, ўзини республика деб эълон қилган ҳудудларда референдум ўтказиш ҳолатлари ҳам бўлган. BBC уларни эсга олди.

Луизиана харид қилиниши

АҚШ мустақиллиги Ўн уч мустамлаканинг (ҳозирда булар шимоли-шарқдаги штатлар) Буюк Британияга қарши уруши билан бошланган. 30 йилдан камроқ вақт ичида АҚШ ҳудуди икки баравардан кўпроққа кенгаяди. 1795 йилда маҳаллий ҳинду қабилалари билан урушдан кейин Гринвилл келишуви тузилади, унга кўра АҚШ ҳозирги Оҳайо штатининг катта қисми устидан назорат ўрнатади. Миссисипи дарёси шарқидаги ҳудудлар ҳам аста-секинлик билан ўзлаштирилади. Аммо энг катта ҳудуд 1803 йилда қўлга киритилади — Луизиана сотиб олиниши билан.

Франциядан Луизиананинг сотиб олиниши АҚШга ўз ҳудудини икки баравар кўпайтириш имконини берди. Фото: Getty Images

1763 йилда Франция денгиз ортидаги фойда келтирмайдиган ҳудуди Луизианани Испанияга тортиқ қилганди — бу замонавий АҚШнинг Миссисипи дарёси ғарбида ястанган, шимолдан жанубгача чўзилган катта ҳудуди эди. Испания ҳам сақлаб туриш харажатлари қимматга тушадиган ҳудудидан фойдаланмайди ва 1800 йилда Луизианани французларга қайтариб беради. 1803 йилда ҳудуд узил-кесил Францияга қайтади, улар эса ерларни дарҳол АҚШга сотиб юборади.

Ўшанда ҳали император бўлмаган, республиканинг биринчи консули бўлган Наполеон Бонапарт — денгиз ортидаги катта ҳудудни сақлаб туриш имконсиз эканини англаган ва фойдали келишувга рози бўлган: зарар келтирадиган ҳудуд 15 млн долларга пулланган. Якунда президент Томас Жефферсон 2,1 млн километр квадрат ҳудудни сотиб олиш бўйича битимни имзолаган — бу Ўн уч мустамлаканинг барча ҳудудларидан каттароқ эди.

Президент Томас Жефферсон Луизиана харид шартномаси ҳужжатига имзо чекмоқда. Фото: Bettmann

Флорида сотиб олиниши

XIX аср бошларида Испания муаммоли ҳудудларидан халос бўлишда давом этарди. Наполеон урушлари даврида қироллик Жанубий Америкадаги мустамлакаларини бой бера бошлайди. Флорида ҳам нотинч эди: 1818 йилда генерал Эндрю Жексон (кейинроқ АҚШнинг 7-президенти) семинол қабиласининг Америка ҳудудларига ҳужумларига тўсқинлик қилиш учун испанларнинг икки фортини эгаллаб олади. Якунда Франциядан ўрнак олган ҳолда Испания Флоридани Қўшма штатларга сотишни маъқул кўради.

Аниқроғи, Испания Флоридани текинга топширганди. Аммо Америка давлат котиби Жон Куинси Адамс (яна бир бўлажак президент) билан тузилган келишувда қатор шартлар кўрсатилганди. Биринчидан, АҚШ ҳудуд фуқароларининг испан ҳукуматига даъволари бўйича қарзларни тўлаш мажбуриятини олади (ва 5,5 млн доллар тўлаб беради). Иккинчидан, Қўшма Штатлар Техас ва испанларнинг Шимолий Америкадаги бошқа мустамлакаларига даъволаридан воз кечади.

Техас ўзини республика деб эълон қилиши

Техасга даъво қилмаслик бўйича ваъдага охиригача вафо қилинмайди. 1835 йилда Техасга кўчиб келган инглиз тилли аҳоли бу вақтга келиб Испаниядан мустақилликка эришган Мексика ҳукуматига қарши исён кўтаради. Техасликларнинг норозилигига асосий сабаблардан бири Мексикада қуллик бекор қилингани бўлганди.

Ярим йил ичида исёнчилар ҳукумат армиясини мағлуб этади ва ҳатто президент Санта-Аннуни асирга олади. 1836 йилда томонлар Техас республикаси мустақиллиги тўғрисидаги келишувни имзолайди, шу билан бирга, ҳудуднинг катта қисми мақоми ноаниқ қолдирилади. Расман Қўшма Штатлар урушга ҳам, республикадаги кейинги чегара тўқнашувларига ҳам аралашмайди, аммо Техасга мунтазам равишда кўнгиллилар отрядлари юбориб турилади.

1845 йилда Техас АҚШнинг 28-штати бўлади.
​​​​​​ Фото
: Prisma/Universal Images Group via Getty Images

1845 йилда АҚШ ва Техас ҳукуматлари бирлашишга келишиб олади ва Техас тенг ҳуқуқли давлат сифатида иттифоқ таркибига киради. Аммо ҳудудни тинч йўл билан бундай кенгайтириш Мексика билан урушга олиб келади.

Мексика ерлари

1847 йилда генерал Скотт бошчилигидаги Америка қўшинлари Мехикогача кириб боради. Фото: Apic/Bridgeman via Getty Images

1846 йилда, Техас қўшиб олганидан кўп ўтмай, АҚШ ва Мексика ўртасидаги муносабатлар тезлик билан ёмонлашади. АҚШ урушга тайёрланишни бошлайди, аммо шу билан бир вақтда Мексика ҳудудларини сотиб олиш бўйича музокаралар ҳам олиб боради — Калифорния (25 млн доллар) ва Янги Мексикани (5 млн доллар). Бу вақтда Мексикада яна бир бор ҳукумат алмашади, янги ҳукумат сотиш таклифини ҳақоратли келишув деб топади. Бунинг ортидан Мексика ҳукумати Техасга даъволарини эълон қилади.

Мексика қўшинлари баҳсли ҳудудга кириб, Америка патрули билан жангга киришади, сўнг АҚШ президенти Жеймс Полк Конгрессга Мексика «бизнинг ҳудудимизга бостириб кирди ва Америка тупроғида америкаликлар қонини тўкди» деб эълон қилади.

Уруш Мексика армияси тўлиқ тор-мор қилиниши билан якунланди. Урушнинг энг бошида, 1846 йил август ойида АҚШ Калифорния ва Янги Мексикани аннексия қилади. 1848 йилда тинчлик шартномаси имзоланади, унга кўра Мексика ушбу ҳудудларни АҚШга беради. Техасни қўшиб ҳисоблаганда, ўшанда Мексика суверен ҳудудининг ярмидан кўпроғини йўқотганди.

Қўшма Штатларда кўплаб сиёсатчилар Мексика билан урушга қарши чиқишган, кейинчалик генерал Улисс Грант Фуқаролар уруши (1861—1865) «гуноҳлар учун жазо» ва Мексика ҳудудларини қўшиб олиш оқибати бўлганини айтган.

Аляскани сотиб олиш

Аляска АҚШга 7,2 миллион долларга сотилган. Фото: Bettmann

Қитъанинг шимоли-ғарбида жойлашган ҳудудни европаликлар орасида биринчи бўлиб рус савдогарлари ўзлаштира бошлаган. 1799 йилдан бошлаб Аляскани махсус ташкил этилган Россия-Америка компанияси бошқарган.

Россия империяси Алясканинг табиий ресурсларга бойлигини биларди, аммо расмийлар бу ҳудудни сақлаб қолиш осон эмаслигини тан олган. Шарқий Сибир генерал-губернатори Муравёв-Амурский 1853 йилда шундай деб ёзганди: «Шимолий Америка Қўшма Штатлари муқаррар равишда бутун Шимолий Америка бўйлаб тарқалади, биз эса эртами-кечми Шимолий Америкадаги ерларимизни уларга беришга мажбур бўламиз».

Бир йил ўтгач, АҚШ Аляскани Россия империясидан сотиб олишни таклиф қилади. Битим 1867 йилда расмийлаштирилади: Россия Шимолий Америкадаги 1,5 миллион километр квадрат ерлари учун 7,2 миллион доллар олади. Бу маблағнинг катта қисмини Россия ўз темирйўл инфратузилмасини яхшилашга сарфлайди.

Испания ороллари

Америка қўшинлари Гуантанамо шаҳрига туширилиши, Куба. Фото: Photo12/UIG/Getty Images

1898 йилда АҚШ, ўша пайтда Испания мустамлакаси бўлган Кубага ёрдам беришга қарор қилади. Кубалик қўзғолончиларга кўмаклашиш учун америкалик кўнгиллилардан иборат гуруҳлар жўнатилади, орол соҳилларида эса «Мэн» номли зирҳли кема айланиб юрарди. Ушбу кемани вайрон қилган портлаш (замонавий тарихчиларнинг фикрича, детонация ташқи таъсирсиз содир бўлган) урушга баҳона бўлади.

АҚШ урушда ғалаба қозонади ва тинчлик шартномаси шартларига кўра Куба, Пуэрто-Рико, Филиппин ва Гуамни қўлга киритади. Куба 1902 йилда мустақилликка эришади, аммо Америка таъсири остида қолади; Филиппин 1946 йилга келибгина суверенитетга эга бўлган; Пуэрто-Рико ва Гуам алоҳида штатга айланмаган, аммо ҳали ҳам АҚШга қарайди.

Ҳавайи ороллари аннексияси

«Мажбурий никоҳ». Ҳавайи ороллари қўшиб олинишига бағишланган Британия карикатурасида АҚШ президенти Мак-Кинли руҳоний қиёфасида тасвирланган, «янги турмуш қурганлар»нинг орқасида эса молиячи Ж.П. Морган турибди. Фото: Pictures From History/Universal Images Group via Getty Images

XIX аср охиригача Ҳавайи мустақил қироллик бўлган. 1893 йилда АҚШ Давлат департаментининг қўллаб-қувватлаши билан оролларда тўнтариш юз беради. Қиролича тахтдан ағдарилади, монархия ўрнини республика эгаллайди, ҳукуматга АҚШга қўшилиш тарафдорлари кириб олади.

Америка-Испания уруши даврида АҚШ президенти Уилям Мак-Кинли Ҳавайи оролларини қўшиб олиш тўғрисидаги шартномани имзолайди. Икки йилдан сўнг, ороллар ўзини ўзи бошқарувчи ҳудуд мақомини қўлга киритади, 1959 йилда эса Ҳавайи АҚШнинг 50-штатига айланди. Бу АҚШ қўшиб олган охирги ҳудуд бўлиб қолган.

Мавзуга оид