Ўзбекистон | 14:22 / 16.01.2025
3851
2 дақиқада ўқилади

2024 йилда UzAuto Motorsʼнинг Ўзбекистон бозоридаги улуши 88 фоизга етди

Ўтган йил Ўзбекистонда сотилган ҳар 100 та машинанинг 88 донаси UzAuto Motors'га тўғри келди. Энг кўп сотилган модел – Cobalt. Кейинги ўринларда – Damas ва Tracker.

Фото: Autostrada

Ўзбекистонда 2024 йилда 303 373 дона автомобил сотилган. Бу – «Ўзавтосаноат» АЖ тайёрлаган ҳисоботда келтириб ўтилган.

Қайд этилишича, ҳисобот даврида UzAuto Motors 353 730 дона, ADM Jizzakh 30 329 дона, BYD Uzbekistan Factory 17 132 дона, Asaka Motors 489 дона, Jizzakh Auto 394 дона, SamAuto 317 дона автомобилни харидорларга етказиб берган.

2024 йилда корхоналарнинг ички бозордаги улуши қуйидагича:

  • UzAuto Motors – 87,9 фоиз;
  • ADM Jizzakh – 7,5 фоиз;
  • BYD Uzbekistan Factory – 4,3 фоиз;
  • Jizzakh Auto – 0,1 фоиз;
  • Asaka Motors – 0,1 фоиз;
  • SamAuto – 0,1 фоиз.

Энг кўп сотилган автомобил – Cobalt. Ўтган йил 127 240 дона ушбу моделдаги автомобил сотилган.

Кейинги ўринларда Damas (106 001 дона) ва Tracker (37 903 дона) қайд этилган. Харидорлар 33 644 та Onix'га буюртма берган.

Маълумот учун, 2023 йилда Ўзбекистон енгил автомобиллар бозори ҳажми 456 347 донани ташкил этган. Шундан UzAuto Motors ҳиссасига 4 млрд 852 млн долларлик 369 999 дона автомобил, ADM Jizzakhʼга 823 млн долларлик 25 минг дона автомобил тўғри келган. Шунингдек, 2023 йилда 291 млн долларлик 8 948 дона BYD автомобили, 1 млрд 197 млн долларлик 50 435 дона бошқа русумдаги автомобиллар импорт қилинган. 

Аввалроқ, 2024 йилда Ўзбекистонга умумий қиймати 1,27 млрд долларлик 74 525 дона енгил автомобил олиб кирилгани хабар қилинганди. Бу 2023 йилга нисбатан миқдор жиҳатидан 7 фоизга, қиймат жиҳатдан 33 фоизга кам.

Мавзуга оид