Спорт | 08:00 / 23.01.2018
12569
2 дақиқада ўқилади

Санчес билан шартноманинг молиявий жиҳатлари маълум

Фото: Манчестер Юнайтед матбуот хизмати

«Манчестер Юнайтед»нинг янги футболчиси Алексис Санчеснинг трансфери билан боғлиқ маълумотлар маълум бўлди.

Санчес «Манчестер Юнайтед»га Генрих Мхитарян «Арсенал»га йўл олиши эвазига келди. Манчестерликлар Мхитарянни 35 миллион фунтга баҳолаган, «Арсенал» Санчес учун айнан шунча пул талаб қилганди.

Daily Mail маълумотига кўра, Санчес «МЮ»да  ҳафтасига 450 минг фунт олади: 350 минг фунт – оклад, яна 100 минг фунт – имиж ҳуқуқидан тижорий мақсадлардан фойдаланганлик учун тўланади [Санчеснинг сурати рекламаларда кетиши ва бошқалар]. The Guardian нашри ҳам Санчеснинг маоши «ҳафтасига 500 минг фунт атрофида бўлиши» ҳақида ёзган.

Шартнома имзолашга рози бўлгани учун Санчесга яна катта миқдордаги бонус тўланади – 7,5 миллион фунт. У 4 йиллик шартномага тақсимланади, шу туфайли Алексис йилига қўшимча 1,875 млн фунт миқдоридаги бонусга эга бўлади.
Шу тариқа, чилилик футболчи Премьер Лиганинг энг кўп маош олувчи футболчисига айланган.

Айни вақтда Англия премьер-лигасида энг кўп маош олувчи футболчилар тўртлигига яна қуйидаги футболчилар киради: Пол Погба («МЮ» - 290 минг фунт), Ромелу Лукаку («МЮ» - 250 минг фунт), Златан Ибраҳимович («МЮ» - 220 минг фунт).

 

Бундан ташқари, футболчининг агенти Фернандо Фелисевич бу келишувдан катта пул ишлаб олган. Daily Mail маълумотига кўра, у «Манчестер Юнайтед»дан 15 миллион фунт комиссия хизмати олади. Фелисевич – аргентиналик мутахассис бўлиб, у ўз фаолиятини нолдан бошлаган ва реклама бизнесига кириб келган. Санчес унинг илк мижозларидан бири ҳисобланади, улар 14 йилдан буён ҳамкорлик қилишмоқда.

Мавзуга оид