Ўзбекистон | 14:10 / 13.09.2022
9828
2 дақиқада ўқилади

Олтин ва мисдан бюджетга фойда солиғи кескин камайди

Давлат бюджетига фойда солиғи тушумининг 9,5 трлн сўми ёки 51 фоизи олтин ва мис қазиб чиқарувчилар ҳиссасига тўғри келади. Улар учун солиқ ставкасининг пасайтирилиши туфайли тушумлар ўтган йилга нисбатан 26 фоизга камайган. Молия вазирининг айтишича, бу йўқотилган фойда солиғи бюджетга дивиденд кўринишида ундирилмоқда.

Фото: Сенат матбуот хизмати

Сенатнинг 32-ялпи мажлисида молия вазири Тимур Ишметов давлат бюджетининг ижроси юзасидан ҳисобот берди.

Унга кўра, 2022 йилнинг биринчи ярмида давлат бюджети даромадлари 93 трлн сўмни ташкил қилган, бу – ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 18 трлн сўмга кўп.

“Ҳисобот даврида ҚҚСнинг 8,3 трлн сўми ёки келиб тушган маблағларнинг 24 фоизи солиқ тўловчиларга қайтариб берилди. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 9,2 фоизга кўп”, – деди вазир.

Ишметовнинг сўзларига кўра, йилнинг биринчи ярмида фойда солиғи тушумлари 18,6 трлн сўмни ташкил этган ва ўтган йил даражасида сақланиб қолган.

Маълум бўлишича, фойда солиғи тушуми ўсмаганининг асосий сабаби – олтин ва мис қазиб олувчи корхоналар учун оширилган солиқ ставкасининг пасайтирилганидир.

“Жумладан, солиқ тушумининг 9,5 трлн сўми ёки 51 фоизи олтин ва мис қазиб чиқарувчилар ҳиссасига тўғри келган ҳолда, айнан шу фойда солиғи тушумлари сатри бўйича улардан тушумлар ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 2,2 трлн сўм ёки 26 фоизга камайган. Лекин олтин ва мис қазиб олувчи корхоналар бўйича йўқотилган мазкур фойда солиғи давлат бюджетига дивиденд кўринишида ундирилмоқда”, – деди вазир.

Шу билан бирга, йилнинг биринчи ярмида бошқа ташкилотларнинг иқтисодий фаоллиги ошиб, фойда солиғида 58 фоиз ўсиш кузатилган. Бу корхоналарнинг ЯИМдаги улуши ўтган йили 1,7 фоиз бўлган бўлса, жорий йилнинг биринчи ярмида 2,4 фоизга кўтарилган.

Маълумот учун, Ўзбекистонда 2022 йилдан Ер қаъридан фойдаланганлик учун (олтиндан тортиб газгача) солиқ ставкалари кескин пасайтирилганди. Kun.uz бу солиқ енгиллигидан кимлар фойда кўришига оид мақола эълон қилганди.

Мавзуга оид