Ўзбекистон | 19:36 / 11.03.2023
31693
3 дақиқада ўқилади

“Star Med” клиникасининг фаолияти вақтинча тўхтатилди

Вазирлик буни вайнер Фарҳод Манноповнинг ўлими сабабларини ўрганиш мақсадида тайинланган текширувлар билан изоҳлаган.

Фото: KUN.UZ

5 март куни вафот этган машҳур вайнер ўлими бўйича дастлабки ўрганиш натижаси очиқланди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги бошқарма бошлиғи Жалолиддин Асомиддиновнинг Kun.uz’га маълум қилишича, ўтказилган лаборатор таҳлиллар ва МСКТ текширувларидан сўнг унда бурун тўсиғининг қийшайиши, гаймор бўлиқлари гиперплазияси, ўрта ва пастки бурун чиғаноқлари гиперплазияси аниқланган.

Шундан сўнг беморнинг розилиги билан унда тегишли жарроҳлик амалиёти ўтказилган. Фуқарога риносептопластика амалиёти учун эндотрахеал наркоз берилган. Бироқ операция даврида марҳумнинг аҳволи тўсатдан ёмонлашган. Олиб борилган интенсив ва реанимацион даво чораларига қарамасдан жорий йил 5 март куни соат 03:22 лар чамаси унда биологик ўлим қайд этилган.

“Айни пайтда текширувлар олиб борилаётгани сабабли “Star Med Center” клиникаси фаолияти вақтинча тўхтатилган. Шунингдек, Соғлиқни сақлаш вазирлиги тегишли органлар билан биргаликда фуқаро Фарҳод Маннопов вафоти юзасидан белгиланган тартибда ўрганиш ишлари олиб бормоқда”, дейди Жалолиддин Асомиддинов.

Эслатиб ўтамиз, MittiVine тахаллуси билан ижод қилган, Instagram'да 1,2 миллионлик аудиторияга эга бўлган Фарҳод Маннопов бир неча кун аввал чўмилаётганда бошини бассейн деворига қаттиқ уриб олиб, бурни синган, шундан сўнг операция столига ётган вайнер комага тушиб қолиб, вафот этганди.

6 март куни вайнернинг вафоти юзасидан Жиноят кодексининг 116-моддаси (Касб юзасидан ўз вазифаларини лозим даражада бажармаслик) тегишли бандлари билан жиноят иши очилгани маълум қилинди.

Чилонзор тумани прокуратураси катта терговчиси Отабек Бекиевга кўра, иш касб ёки хизмат вазифасини лозим даражада бажарилмаганига ойдинлик киритиш мақсадида Соғлиқни сақлаш вазирлигига шифокорларнинг ҳаракати юзасидан хизмат текширувлари, бундан ташқари, марҳумнинг вафоти юзасидан судга оид тиббий экспертиза тайинланган.

Ҳолатни тергов қилаётган терговчи Kun.uz’га Фарҳод Маннопов операция қилинган клиникада бошқа ўлим ҳолатлари ҳам кузатилганини инкор этмаганди.

Хорижда фаолият юритаётган ҳамюртимиз, анестезиолог-реаниматолог Жаҳонгир Жўраев вайнернинг ўлими юзасидан очиқ қолаётган саволларга муносабат билдириб, унинг вафотига наркознинг кўп миқдорда берилиши сабаб бўлганини инкор қилиб, ўлим анестезияда ишлатиладиган айрим дорилар натижасида кузатиладиган «Malignant hyperthermia» ҳолати туфайли юз берган бўлиши мумкинлигини тахмин қилганди.

Мавзуга оид