Спорт | 12:28 / 19.09.2024
15873
16 дақиқада ўқилади

«Сити» гол уролмади, «ПСЖ»га кулгили гол ёрдам берди. ЕЧЛда кун ўйинлари

Чоршанба оқшомида Чемпионлар лигаси гуруҳ босқичи доирасида яна олти ўйин ўтказилди. Ўйинлардаги асосий воқеалар, голлар ва умумий гуруҳ жадвалидаги вазият.

Фото: Getty Images

Пепнинг «Манчестер Сити» бошқарувидаги  3000-кунида голсиз дуранг қайд этилди

«Манчестер Сити» — «Интер» 0:0
«Манчестер Сити» – Эдерсон, Гвардиол, Диаш, Аканжи, Люис, Родри, Грилиш, де Брюйне (Гундўған, 46), Силва (Доку, 80), Савио (Фоден, 46), Ҳоланд.
«Интер» – Зоммер, Бастони, Ачерби, Биссек (Павар, 75), Аугусто, Дармиан (Думфрис, 75), Зелински (Мхитарян, 66), Чалхонўғли (Фраттези, 82), Барелла, Торимий, Тюрам (Мартинес, 66).
Огоҳлантириш: Диаш (33).

Бу икки жамоа ҳам қандай форматда ўйнашини олдиндан белгилаб олган ўйин эди. «Интер» кутилганидек ҳимояга чуқур ўтирди ва рақибни қарши ҳужумларда жазолашга ҳаракат қилди. Меҳмонлар биринчи бўлимдаёқ вақт чўзишдан тортинишмади. Қолаверса, жамоа бу ўйинда Ди Марко ва Лаутаро Мартинес каби муҳим футболчиларидан фойдалана олмасди.

Ўз мухлислари қаршисида майдонга чиққан «Сити» эса илк дақиқалардан «Интер» дарвозасини қамал қилишга ҳаракат қилди. Футболчилар бўшлиқ излашди, тўпни қанотдан қанотга узатиб ўйнашди, аммо ҳар сафар рақиб тўсиғига тўқнашаверди. Савинио ўнг қанотида дриблинг эвазига олдинга ўтишга уринди, аммо уни ҳар сафар икки нафар ҳимоячи қарши олди. «Интер» майдоннинг ўз дарвозаси томонидаги учинчи қисмига жойлашгани туфайли, бўш зоналар деярли бўлмади. «Сити» ўз томонига жалб қилишга ҳарчанд уринмасин, рақиб ўз дарвозаси атрофидан кетишни истамади. Қуйидаги кадр ўйиннинг моҳиятини очиб беради:

Лекин мезбонлар биринчи бўлимда барибир Ҳоланд учун вазиятлар яратишни уддалашди. Аввалига айнан Савинио жарима майдони бурчагидан тўпни ҳавога кўтарди ва норвегиялик ҳужумчи баланд сакраб, бош билан тўсин остига зарба йўллади, аммо дарвозабон ўз ўрнида эди. Кўп ўтмай Ҳоланд жарима майдони чизиғи устида туриб зарба берди – ва бу сафаргиси чинакамига хавфли вазият бўлди. Тўп дарвоза устунидан бир неча сантиметр наридан ўтиб кетди.

Ўз навбатида, «Интер» ҳам вазиятларга эга бўлди. Аввалига Эдерсон дарвозасини ўз вақтида тарк этиб, жамоасини бурчак зарбасидан қутқарди, аммо ҳужум давомида Дармиан амалда бўш қолган дарвоза томон зарба берди – Гвардиол тўпни қайтариб юборишга улгурди. Бўлим охирларида Тюрам қулай позициядан зарба берди, аммо тўп дарвоза соҳасига аниқ бормади. Энг қулай вазият эса жароҳат олган Димарко ўрнида ҳаракат қилган Ренато Аугустода юзага келди, аммо унинг бир неча мертдан йўллаган зарбасини дарвозабон тўсди. Умуман олганда, бўлим давомида жамоалар жами 19 бор зарба берди, шундан 10 таси мезбонлар ҳисобига ёзилди (дарвоза соҳасига аниқ борган зарбалар сони 5 та).

Иккинчи бўлим «Сити»да футболчи алмаштириш билан бошланди. Де Брюйне (у 43-дақиқада кичик жароҳат олган, шифокорлар ёрдамидан кейин бўлимни охиригача етказиб қўйганди), биринчи бўлимда ҳимоячилар тўсиғидан ўта олмаган Савинио захирага олинди. Уларнинг ўрнига Гундўған ва Фоден тушди. Англиялик футболчи ажойиб имкониятга эга бўлди ва жарима майдони марказидан ҳеч қандай қаршиликсиз зарба берди, аммо тўп дарвозабонга борди. 

Ўйин охирларига бориб вазиятлар кўпая бошлади. Захирадан ўйинга қўшилган Генрих Мхитарян иштирокида ёрқин эпизод бўлди: у Дензел Думфриснинг қанотдан узатмасидан кейин тўпни ўзига ўнглаб олиб, кучли зарба берди, аммо тўп дарвоза тўсини юқорисидан ўтиб кетди. Гвардиола ўйинни кучайтиришга қарор қилиб, жамоадаги асосий дриблёр Докуни майдонга туширди: белгиялик вингер илк тўпга тегинишидаёқ бир неча рақибни доғда қолдирди. Сўнги дақиқаларда ўйин етарлича очиқ тус олди ва ҳисоб барибир очилмай қолгани бироз ажабланарли ҳам. Вазиятлар икки жамоада ҳам етарлича бўлди. 89- ва 90+4-дақиқаларда Гундўған дарвозабон ҳудудида туриб, иккита қулай имкониятдан фойдалана олмади. Натижада икки жамоа жами 35 зарба берган ҳолда ўйинда нурсиз дуранг қайд этилди. Бу кўпроқ меҳмонларни қониқтирадиган ҳисоб бўлди, Индзаги шогирдлари фаол ўйиндан воз кечишди (ўртача ёши каттароқ бўлган футболчилар учун прессинг қилиш қийин ҳам эди) ва «Этиҳад»дан очко олиб қайтди.

«Сити» иккинчи туре «Слован» меҳмони бўлади — Словакиядаги ўйин 1 октябр куни ўтказилади. «Интер»га Сербиянинг «Црвена Звезда» клуби қаршилик қилади: нерадзурриларнинг ҳам ЕЧЛнинг бу мавсумдаги илк уй ўйини октябрнинг биринчи кунига белгиланган.

«Жирона» дарвозабонининг тушларига кириб чиқадиган гол

«ПСЖ» — «Жирона» 1:0
Гол:
Мендеш (90). 
«ПСЖ» – Сафонов, Мендеш, Пачо, Маркинос, Ҳакими, Фабиан Руис (Жоау Невеш, 63), Витиня (Ли Кан Ин, 63), Заир-Эмери, Барколя (Дуэ, 63), Асенсио (Коло-Муани, 39), Дембеле (Бералдо, 90+2). 
«Жирона» – Гассанига, Мигел Гутиеррес, Давид Лопес, Мартинес, Крейчи, Ромеу, Мартин (Солис, 66), Хил (Асприля, 66), ван де Бек (Данжума, 58), Циганков (Франсес, 88), Стуани (Порту, 58).
Огоҳлантиришлар: Маркинос (17), Крейчи (20), Ромеу (43), Гассанига (74).

1:0 – «ПСЖ» «Жирона»ни 90-дақиқада таслим этди.

Биринчи бўлим анча зерикарли кечди. «ПСЖ» ва «Жирона» ҳужумга кўп боришмади, аммо танаффусдан кейин парижликлар ўйинни кучайтирди ва 54-дақиқада ўта хавфли қарши ҳужум уюштиришди – Усмон Дембеле дарвозабон Пауло Гассанига билан бирга-бир вазиятга чиқиб кетди.

У майдон марказидан бошлаб тўпни олиб борди, Усмонга ҳеч ким етиб ололмайдигандек кўринганди.

Аммо Крейчи таслим бўлмади ва охиригача югурди – фол ишлатмасдан, Дембелени таъқиб қилиб борди.

Ва сўнгги лаҳзада тўпни рақиб ҳужумчисининг оёқлари остидан олиб қўйди.

Шок ҳолатига тушган Дембеле юзини бекитган ҳолда газонда ётишга мажбур бўлди.

Крейчи эса кун сэйвини нишонлади.

Ўйин охирида «ПСЖ» тўлиқ устунлик қилди: биринчи бўлимдаёқ жароҳат олган Марко Асенсио ўрнига туширилган Рандал Коло-Муани «Жирона»ни икки марта кечирди. Ашраф Ҳакими ва Дембеледа имкониятлар бўлди, аммо Гассанига қутқарди.

Ўйин 0:0 ҳисобига қараб кетаётганди...фақат ўйин давомида қутқариб келган Гассаниганинг ўзи жуда қўпол хатога йўл қўйди.

90-дақиқада «Жирона» футболчилари карахт ҳолатга тушишди: Гассанига Нуну Мендешнинг жарима майдони ичига йўлланган тўпига чиқиб келди, барчаси жойида бўлиб кўринаётганди.

Аммо Пауло тўпни шунчаки тутиб қололмади. Тўп унинг аввалига қўлларидан сирғалиб чиқди, кейин оёқлари орасидан ўтди.

Гассанига бутун ўйин давомида қутқарганди: 5 сэйв амалга оширди, шундан бир нечаси яққол голли вазиятлар эди. Аммо энг керакли паллада уялтирди.

«Брюгге» учун шок

«Брюгге» — «Боруссия» Д 0:3
Голлар:
Байну-Гиттенс (76, 86), Гирасси (90+3, пеналти). 
«Брюгге – Миноле, де Кейпер, Мехеле, Ордонес, Сейс (Саббе, 71), Нвадике, Ванакен, Цолис (Талби, 85), Ветлесен (Вермант, 85), Олсен, Нилссон (Ютгла, 65).
«Боруссия» Д – Кобел, Бенсебайни (Антон, 59), Шлоттербек, Зюле, Рюэрсон, Гросс (Нмеча, 68), Жан, Адейеми (Ян Коуто, 87), Брандт, Забитцер (Байну-Гиттенс, 68), Мален (Гирасси, 59).
Огоҳлантиришлар: Ветлесен (53), Рюэрсон (84).

Охирги финал иштирокчиси дебютдаёқ гол ўтказиб юбориши мумкин эди, аммо дарвоза тўсини «Боруссия»га ёрдамга келди. Кейин ҳам дортмундликлар ўтган мавсумда финалга адашиб чиқиб қолганини исботлай бошлади. «Брюгге» эса ёрқинроқ ўйин кўрсатди ва мунтазам равишда Кобелга иш топиб бера бошлади. Ванакен, Сков Олсен, Тсолис, Ветлесен — уларнинг ҳар бири ўз ҳисобига гол ёзиб қўйиши мумкин эди, аммо барча вазиятлар ёки қулай вазиятдан хато зарба бериш, ёки дортмундликлар дарвозабони сейв ижро этиши билан якунланди.

Иккинчи бўлим охирларида Байно-Гиттенс ҳисобни очганида белгияликлар қандай аҳволга тушганини тасаввур қилиш қийин эмас. Англиялик футболчи жарима майдонига ёриб кириб, дриблинг ишлатди ва зарба берди, тўп йўл-йўлакай икки ҳимоячига тегиб, Минолени иложсиз аҳволда қолдирди. Бу бутун ўйин давомида яхшироқ кўринган «Брюгге» учун нокдаун эди, Гиттенс худди шу нуқтадан ва шу услубда йўллаган навбатдаги зарбаси билан белгияликларни нокаутга учратди. Нури Шаҳиндан идеал алмаштириш. Аниқроғи — иккита тўғри алмаштириш. «Асаларилар»нинг янги футболчиси, ўтган мавсумда «Штутгарт» таркибида бундеслигани титратган Гирасси чоршанба оқшомида жокер ролида пеналти ишлаб, уни ўзи бенуқсон ижро этди ҳамда янги жамоасидаги илк голи билан йирик ҳисобдаги ғалабани таъминлади.

Инқироздаги «Залцбург»

«Спарта» — «Залцбург» 3:0
Голлар:
Кайринен (2), Олатунжи (42), Лячи (58).
«Спарта» Прага – Виндал-Йенсен, Зелени, Панак, Витик, Визнер (Ринеш, 71), Пресиадо, Лячи (Садилек, 84), Кайринен, Хараслин (Красники, 72), Бирманчевич, Олатунжи (Рраҳмани, 64).
«Залцбург» – Бласвиҳ, Меллберг (Диамбу, 46), Бланк, Пионтковски, Дедич, Кларк (Гурна-Дуат, 66), Байчетич (Ратков, 83), Капалдо, Глух, Йео (Конате, 57), Доржелес (Дагим, 57).
Огоҳлантиришлар: Гурна-Дуат (72), Витик (87).

Барча «Залцбург» ҳар қандй топ-клубни ажаблантиришига ўрганиб қолганди. Ҳеч бўлмаганда голлар шоусини уюштириб, кучли рақибларнинг асабини ўйнашига. Аммо эндиликда австрияликларда инқироз бошлангандек кўринмоқда ва уларда «Монако»нинг тақдири такрорланмоқда. Монегасклар ҳам ўз вақтида кўплаб бўлажак юлдуз футболчиларни етиштирган, Францияда «ПСЖ» гегемонлигига барҳам берган, аммо кейин чемпионлик таркибидаги асосий футболчлар сотиб юборилганди ва жамоа ички чемпионатда кучли тўртликка кириши ҳам муаммога айланиб қолди.

«Залцбург» ўтган мавсум якунларига кўра ички аренадаги ўн йиллик гегемонликдан кейин чемпионликни «Штурм»га топширгани ҳам бунинг клубдаги вазиятнинг яққол ифодасидир. Шунга қарамай, жамоа ёзда икки асосий футболчисини сотиб юбориб, таркибини янада кучсизлантирди — ҳимоячи Павлович «Милан»га, ҳавбек Сучич «Реал Сосиедад»га йўл олди. Хорватиялик яримҳимоячи бир неча кун олдин «Реал» дарвозасига кетма-кет зарбалар йўллаб (икки бор тўсинни пойлаган), ўз даражасини намойиш этганди. Залцбургда қолганлар эса чоршанба оқшомида Прагада ҳеч нарса қила олмади.

Меҳмонлар аввалига Кайринендан тезкор гол ўтказиб юборди. Кейин эса офсайд туфайли ўз голидан маҳрум бўлди, танаффус арафасида Олатунджи жарима майдонида тўпни қабул қилиб олиб, ўткир бурчакда турган ҳолда олис бурчакни аниқ нишонга олди. Нигериялик ҳужумчи учинчи голда ҳам асосий ишни бажарди, Лячи гол урган вазиятда эса меҳмон футболчилар шармандали ҳолатга тушишди. Албаниялик футболчи бир ҳаракат билан ўз оёғига ташланган икки ҳимоячини «буфетга юборди», дарвозабонни ҳам алдаб, уни нариги бурчакка ташланишга мажбур қилди ва кейин шунчаки тўпни бўш қолган дарвоза томон юмалатиб юборди. Ёзда «Залцбург»ни қабул қилиб олган, узоқ йиллар «Ливерпул»да Юрген Клоппга ассистентлик қилган Пепа Лейндерс ҳозирча ишончни оқламаяпти.

Бир дарвозага ўйин

«Селтик» — «Слован» 5:1
Голлар:
Скейлз (17), Фуруҳаси (47), Энгелс (56), Маэда (70), Ида (87) — Виммер (61).
«Селтик» – Шмейхел, Тэйлор, Скейлз, Картер-Викерс (Трасти, 85), Жонстон (Ралстон, 77), Ҳатате (Паулу Бернарду, 77), Макгрегор, Энгелс, Маэда, Фуруҳаси (Ида, 78), Кюн (Форрест, 71).
«Слован» Братислава – Такач, Виммер, Байрич, Кашия, Блэкмэн, Игнатенко (Саввидис, 76), Куцка (Гайдос, 85), Вайсс (Мак, 77), Толич, Барсегян (Марцелли, 77), Стрелец (Метсоко, 85).
Огоҳлантиришлар: Вайсс (18), Жонстон (22), Виммер (22), Толич (26), Картер-Викерс (80).

Владимир Вайсс бошқарувида Чемпионлар лигасига чиққан «Слован» — аутсайдер экани олдиндан маълум эди. Ва Глазгода братиславаликлар кутилганидек «Селтик» ҳужумлари ёмғири остида қолди. Меҳмонлар 25 дақиқа чидаб беришди, аммо кейин бурчак зарбаси ижро этилганида марказий ҳимоячи Скейлс ҳисобни очди. Бу британча классика бўлса-да, «келтлар» Чемпионлар лигасида етти йилдан буён корнерлар орқали гол уришмаганди.

Мезбонлар ўйиндан гол уришга анча қийналишди. Брендан Роджерс жамоасида кетма-кет хавфли ҳужумлар бўлганига қарамай, дарвозабон Такач меҳмонларни қутқариб турди. Аммо иккинчи бўлим бошида Кюннинг юришидан кейин тўпни қабул қилиб олган Фуруҳасига қарши қолганида у ожиз эди. Кўп ўтмай Энгелс пеналтини аниқ ижро этди. «Слован»да эса ҳисоб 1:0 кўринишида эканида кичик Вайссда жуда қулай имконият бўлганди, аммо у бундан фойдалана олмади, Виммер эса ундан қийинроқ вазиятда битта жавоб голини урди.

Австриялик ҳимоячи шведка услубида тўпни «тўққизлик»ка аниқ йўналтирди, аммо бу вақтга келиб «Селтик» учта гол уриб бўлганди. Словакияликларнинг Чемпионлар лигасидаги илк голига тезда Маэда тўртинчи голи билан жавоб қайтарди, мезбонларнинг яна бир япониялик футболчиси Ида ўйиндаги якуний ҳисобни ўрнатди. Еврокубокнинг асосий босқичида бир ўйинда беш гол — «келтлар»нинг энг яхши натижаси ва «Рейнжерс» Шотландия учун ўрнатган рекорднинг такрорланиши бўлди, бу жамоа 2000 йил кузида «Штурм»ни тор-мор этганди (5:0). Янги формула ушбу жамоа учун ижобий таъсир қилди: яшил-оқлар бунгача ЕЧЛнинг гуруҳ босқичини ғалаба билан бошламаганди.

«Болоня» — «Шахтёр» 0:0
Аниқ ижро этилмаган пеналти:
Судаков (4). 
«Болоня» – Скорупски, Ликояннис (Миранда, 78), Лукуми, Бекема, Пош, Моро (Побега, 65), Фройлер, Фаббиан (Урбански, 78), Ндойе, Кастро (Даллинга, 65), Орсолини (Айлинг-Жуниор, 65).
«Шахтёр» – Ризник, Педро Энрике, Матвиенко, Бондар, Конопля (Винисиус Тобиас, 41), Крискив, Бондаренко (Степаненко, 79), Эгиналдо, Судаков (Гомес, 79), Зубков (Траоре, 79), Сикан (Невертон, 35).
Огоҳлантиришлар: Пош (2), Бондар (12), Кастро (58), Винисиус Тобиас (70), Степаненко (84), Гомес (88).

Кун статистикаси

  • «Жирона» Мичел Санчес бошқарувида 139 ўйиндан буён 1-марта танаффусга қадар бирорта зарба йўлламади.
  • «ПСЖ» дарвозабони Сафонов ЕЧЛда Европа клуби сафида қатнашган россиялик 2-дарвозабон бўлди. Бунгача Сергей Овчинников «Бенфика» ва «Порту» сафида асосий еврокубокда иштирок этганди.
  • «Болоня» дарвозабони Скорупски сўнгги уч мавсумда барча турнирлар доирасида 5 бор пеналти қайтарди. Бу Европадаги энг яхши кўрсаткич.
  • Чехия жамоалари ЕЧЛ гуруҳ босқичида 23 йилдан буён йирик ҳисобли ғалабага эришмаганди. 2001/02 йиллар мавсумида ҳам бундай натижани Праганинг «Спарта» клуби қайд этганди.
  • «Болоня» еврокубокларда 34 уй учрашуви ўтказган ва бирор марта ютқазмаган. Бу — қитъа рекорди саналади.
  • 37 ёшу 342 кун — «Жирона» форварди Стуани шу ёшда ЕЧЛда бошланғич таркибда дебют қилган энг тажрибали футболчига айланди.
  • «Жирона» таркибидаги барча футболчилар жам бўлиб еврокубокларда ўтказган ўйинлар сони 65 тага тенг. «ПСЖ» яримҳимоячиси Асенсионинг ўзи турнирда шунча ўйин ўтказиб улгурган.

Турнир жадвалидаги вазият:

Мавзуга оид

Эълонлар

"Ўзбекинвест" компанияси томонидан "Яшил макон" умуммиллий дастури доирасида Қибрай туманида боғ яратилди

Iteca Exhibitions: 2024-йилда Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши ва халқаро эътирофи драйвери

BI GROUPʼдан 25% гача чегирма билан бизнес класс хонадонлар

Орзуни амалга ошириш фурсати етди: саёҳат учун муносиб маскан

Кузги Будапешт: жўшқин, қизиқарли ва ранг-баранг кайфият маскани

"Ўзбекинвест" компанияси томонидан "Яшил макон" умуммиллий дастури доирасида Қибрай туманида боғ яратилди

Iteca Exhibitions: 2024-йилда Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши ва халқаро эътирофи драйвери

BI GROUPʼдан 25% гача чегирма билан бизнес класс хонадонлар

Орзуни амалга ошириш фурсати етди: саёҳат учун муносиб маскан

Кузги Будапешт: жўшқин, қизиқарли ва ранг-баранг кайфият маскани

"Ўзбекинвест" компанияси томонидан "Яшил макон" умуммиллий дастури доирасида Қибрай туманида боғ яратилди

Iteca Exhibitions: 2024-йилда Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши ва халқаро эътирофи драйвери

BI GROUPʼдан 25% гача чегирма билан бизнес класс хонадонлар

Орзуни амалга ошириш фурсати етди: саёҳат учун муносиб маскан

Кузги Будапешт: жўшқин, қизиқарли ва ранг-баранг кайфият маскани