Жаҳон | 16:10 / 14.01.2025
2887
2 дақиқада ўқилади

АҚШнинг Россияга қарши янги санкциялари нефт нархи кўтарилишига олиб келди

Янги санкциялар фонида нефт нархи кескин кўтарилди. Brent маркали нефт нархи 2024 йил август ойининг охиридан бери энг юқори даражага кўтарилди.

Фото: Gettyimages.ru / Leonid Ikan

13 январ, душанба куни АҚШнинг Россия нефт секторига қарши янги санкциялари фонида нефт нархи бир неча ой ичида энг юқори даражага етди. Шундай қилиб, Brent эталон маркаси нархи деярли икки фоизга ошиб, бир баррел учун 81,49 долларни ташкил этди, бу 2024 йил август ойи охиридан бери энг юқори кўрсаткич бўлди.

Шу билан бирга, Американинг West Texas Intermediate (WTI) хом нефти бир баррел учун 78,39 долларгача кўтарилиб, октябр ойидаги рекорд даражадан ошиб кетди.

Россиянинг Украинага қарши уруши сабабли АҚШнинг янги санкциялари

Россиянинг Украинага қарши давом этаётган агрессияси муносабати билан АҚШ 10 январ куни Россия энергетика секторига қарши янги санкцияларни эълон қилди. Санкциялар рўйхатига, жумладан, «Газпром нефть» ва «Сургутнефтегаз», ўнлаб нефт-сервис компаниялари ва Россия Федерациясидан нефт сотувчи трейдерлар кирди.

АҚШ Миллий иқтисодий кенгаши директори Далип Сингх бу чораларни «энг жиддийси» деб атади ва бу чекловлар Россияга ойига миллиардлаб долларга тушиши мумкинлигини тахмин қилди.

Россия Ташқи ишлар вазирлиги вазиятни изоҳлар экан, чекловлар «ҳатто жаҳон бозорларини беқарорлаштириш хавфи эвазига» жорий этилаётганини таъкидлаб, Москва санкцияларга жавоб қайтаришига ваъда берди.

Мавзуга оид