Путин Сталин фаолиятига нисбатан муносабатини изҳор қилди
Россия президенти Владимир Путин америкалик режиссёр Оливер Стоунга берган интервьюсида совет раҳбари Иосиф Сталинга нисбатан мураккаб муносабатда эканини маълум қилди.
Путиннинг айтишича, у Сталиннинг ҳаддан ортиқ салбийлаштирилишига қаршидир, шунинг баробарида, у сталинизм даҳшатлари халқ хотирасидан кўтарилишини хоҳламайди. "У мураккаб шахс", — деган Путин.
Стоун Путиндан Сталин Россияни фашизм устидан қозонилган ғалабага етаклагани хусусидаги фикрга қарашини сўраган. Путин, бунга жавобан "менимча, сиз жуда айёр одамсиз", — дея гап бошлаган.
"Сталин ўз даврининг одами эди. Уни хоҳлаганча ёмонотлиққа чиқариш мумкин ва бошқа томондан нацизм устидан қозонилган ғалабада хизматлари ҳақида хоҳлаганча гапириш мумкин. Уни ёмонотлиққа чиқариш хусусида. Англия тарихида Кромвель деган давлат арбоби бўлган. У жуда қонхўр одам бўлган. Кромвель инқилобий ўзгаришлар асносида ҳукумат тепасига келиб, диктатор ва золимга айланди. Аммо, унга ўрнатилган ёдгорликларни ҳамон Буюк Британиянинг исталган жойида кўриш мумкин. Наполеонни умуман ҳаддан ортиқ олқишлашади. У нима қилганди? Инқилобдан фойдаланиб ҳукуматни эгаллади ва нафақат монархияни тиклади, аксинча ўзини император деб эълон қилди ҳамда Францияни миллий фожиага, тўлиқ мағлубиятга келтирди. Бундай шахслар жаҳон тарихида керагидан ортиқча", — деган Путин.
"Менимча, Сталинни ортиқча ёмонлаш — бу (собиқ) Совет Иттифоқи ва Россияга ҳужум қилишнинг йўлларидан бири. Шу билан, бугунги Россия сталинизм давридан қолган холларга эгалигини кўрсатмоқчи бўлишади. Биз барчамиз туғилганимиздан шундай холларга эгамиз, нима бўпти?", — дея давом этган Россия президенти.
"Россия тубдан ўзгарди. Албатта, эҳтимол, тафаккурда нимадир қолади. Бироқ, бу сталинизмнинг концлагерлар ва миллионлаб ватандошларни йўқ қилиш билан боғлиқ барча даҳшатларини унутишимиз кераклигини англатмайди", — деб қўшимча қилган давлат раҳбари.
У Буюк Британиянинг “советлар”га қарши ашаддий бош вазири бўлган Уинстон Черчилль ҳам Иккинчи жаҳон уруши даврида Сталинга бирмунча ёнбосганини таъкидлади.
"Ўтган даврнинг таниқли давлат арбоби Уинстон Черчилль ашаддий аксилсоветчи эди, аммо, Иккинчи жаҳон уруши бошланганида, у Совет иттифоқи билан ҳамкорлик қилиш тарафдори бўлган. Сталинни буюк қўмондон ва инқилобчи деб атаган. Иккинчи жаҳон урушидан сўнг, айнан шу Черчилль совуқ уруши ташаббускори бўлгани яхши маълум. Совет Иттифоқи илк атом бомбасини синовдан ўтказганида, яна ўша Уинстон Черчилль икки тизимнинг биргаликда ҳаёт кечириши лозимлиги ҳақида сўз юритган. Лекин, менимча, унинг Сталинга нисбатан муносабати ҳеч қачон ўзгармаган", — деган Путин.
Стоун Путиндан унинг ота-оналари Сталиндан фахрланишганига қизиққан. "Албатта. Ўйлашимча, собиқ Совет Иттифоқининг аксар фуқаролари Сталиндан фахрланишган", — деган Путин.
Мавзуга оид
22:47 / 25.12.2024
Путин яна “тарихий ҳудудлар” ҳақида гапирди. У қаерларни айтяпти?
15:59 / 25.12.2024
Шавкат Мирзиёев Озарбойжон самолёти ҳалокати юзасидан ҳамдардлик билдирди
22:34 / 24.12.2024
Россия–Украина уруши тугайдими? Путин нимани хоҳлайди?
07:50 / 24.12.2024