Спорт | 20:26 / 18.09.2017
20090
2 дақиқада ўқилади

«ПСЖ»да бўлиниш: Дани Алвес ва Неймар Каванини хафа қилишди

Якшанба куни парижликларнинг «Лион»га қарши ўйинида жамоа ҳужумчилари гол уриш ўрнига бир-бири билан зиддият бошлади. «ПСЖ» бу ўйинда рақиб футболчилари томонидан урилган икки автогол эвазига ғалабага эришди.

Лекин ОАВ ва мухлислар натижа қолиб, жамоанинг уругвайлик ҳужумчиси Эдинсон Кавани ва бразилиялик футболчилари Неймар ҳамда Дани Алвес иштирокидаги эпизодларни муҳокама қилишга киришди. 

Вазиятлардан бирида, ҳали ҳисоб очилмаган вақтда меҳмонлар дарвозаси томони жарима зарбаси белгиланди. Бу зарбани Эдинсон Кавани ижро этишни истаганди, аммо Дани Алвес келиб, тўпни ундан тортиб олди. У кейинроқ тўпни ўзи жарима зарбасини тепиш ниятида олганини айтди.

Лекин бу видеода у тўпни Каванидан яшириб, шу заҳоти Неймарга узатганини кўриш мумкин. 

Неймар эса бу имкониятдан фойдалана олмади.

79-дақиқага келиб, ҳисоб 1:0 кўринишига келганида, «ПСЖ» пенальти тепиш ҳуқуқини қўлга киритди. Кавани яна жарима зарбасини ижро этишга чоғланди, Неймар унинг ёнига келиб тўпни беришни сўради, аммо уругвайлик футболчи бу сафар бўш келмади, қолаверса, бу сафар Неймарнинг ёнида Алвес йўқ эди. 

У ҳам гол ура олмади!

«ПСЖ» барибир бу ўйинда ғалабага эришди,«Лион» ҳимоячилари ёрдами билан – 2:0.

Аммо ўйиндан кейин кийим алмаштириш хонасида жиддий тортишув бўлиб ўтган, Кавани стадион ҳудудини журналистлардан яшириниб, яширин эшик орқали тарк этган. Неймар эса инстаграмда уругвайлик жамоадошини кузатиб боришни тўхтатган.

«ПСЖ»да яккаҳокимлик учун кураш давом этадиган кўринади. Жамоа бош мураббийи Унаи Эмери ҳозирча бу вазиятга аралашишни истамаяпти, у футболчилар бу масалани ўзлари ҳал қилиб олиш кераклигини айтган.

Фото: Global Look Press/Panoramic/ZUMAPRESS.com

Мавзуга оид